Линклар

Бакиевни “кўпхотинлилик учун” судга бердилар


Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, ҳокимиятдан четлатилган президент Қурмонбек Бакиевга мамлакат Жиноят кодексининг 153-моддаси бўйича жиноий иш очилиши лозим.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, ҳокимиятдан четлатилган президент Қурмонбек Бакиевга мамлакат Жиноят кодексининг 153-моддаси бўйича жиноий иш очилиши лозим.

Қирғизистондаги “Бизнинг ҳуқуқимиз” жамоатчилик жамғармаси собиқ президент Қурмонбек Бакиевга нисбатан Жиноят кодексининг “кўпхотинлилик” моддаси бўйича жиноий иш очиш илтимоси билан Бишкек шаҳар Биринчи май туман судига мурожаат қилди.

Бу ҳақда жамғарма директори Қалича Умуралиева маълум қилди. Жамғарма раҳбарига кўра, собиқ президент бирданига бир неча хотинга уйланиб, Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 153-моддасини бузган.

Аввал хабар қилинганидек, ҳокимиятдан четлатилган президент Қурмонбек Бакиев олдин Қозоғистонга, сўнгра эса Минскка ўз оиласи билан кетганди. Кейинроқ Бакиевнинг хорижга қонуний хотини Татяна Бакиева билан эмас, балки никоҳидаги хотини, тўққиз ёшли қизи ва беш яшар ўғли билан кетгани маълум бўлди. Беларус президенти Лукашенка ҳам Бакиевнинг Минскка кичкина болалари билан келгани ҳақида гапирганди.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийси Азимбек Бекназаров ҳам Бош прокуратура томонидан Қурмонбек Бакиевга нисбатан жиноят иши очилганини эълон қилди. Муваққат ҳукумат Бакиевни оммавий қирғин уюштирганликда айбламоқда.

- Бакиевга нисбатан сиртдан айблов эълон қилинди. У одам ўлдирганликда ва ўз лавозимидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланганликда айбланмоқда. Ҳозир Бакиевни Беларусдан экстрадиция қилиш юзасидан декрет тайёрланмоқда ва у яқин кунлар ичида қабул қилинади, деди Азимбек Бекназаров.

Муваққат ҳукумат аъзосининг айтишича, махсус декрет билан Бакиевдан дахлсизлик мақоми ҳам олиб ташланган.

- Кеча ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғилиш чоғида муваққат ҳукумат Бакиевнинг дахлсизлик мақомини бекор қилиш бўйича махсус декрет қабул қилди. Бу эса ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига Бакиевни қўлга олиш ва жиноий жавобгарликка тортишга қонуний асос бўлади, деди Азимбек Бекназаров.

Бишкекдаги апрел воқеаларида ҳалок бўлганларнинг яқинлари эса муваққат ҳукуматнинг бундай баёнотларидан қаноатланмаганини билдирмоқдалар. Уларнинг айтишларича, муваққат ҳукуматнинг Бакиевни мамлакатдан чиқариб юборишга маънавий ва қонуний ҳуқуқи йўқ эди.

- Муваққат ҳукуматнинг Бакиевни чиқариб юборишга ҳақи йўқ эди. Ҳеч бўлмаганда, унга нисбатан жиноят иши очиб, тергов олиб борсалар, қалбимиздаги алам гулхани бир оз сўнган бўлар эди, дейди 7 апрел куни Бишкекда снайпер ўқидан ҳалок бўлган Талант Соғиндиқовнинг отаси Арслон.

Айни пайтда Бишкекдаги Беларус элчихонаси олдида бир неча кундан буён апрел воқеаларида ҳалок бўлган 85 одамнинг қариндош-уруғлари ҳамда “7 апрел” жамоатчилик ҳаракати аъзолари норозилик намойиши ўтказмоқдалар. Улар Беларус президентидан Бакиевни жиноятчи сифатида Қирғизистонга қайтарилишини талаб қилаётирлар.

- Сиёсий қочқин мақомига эга бўлмаган Бакиевни дунёнинг ҳеч бир давлати ўз ҳудудида яширишга ҳақли эмас. У Қирғизистонга қайтарилиши шарт. Иккинчидан эса, Белорус президенти оммавий чиқишларидан бирида қирғиз халқини ҳақорат қилди. Мана шу ҳақорати учун у кечирим сўраши шарт, деди “7 апрел” ҳаракати раҳбари Ўндуруш Тўқтўнасиров.

Ҳаракат аъзолари Беларус ҳукумати ўз талабларини эътиборга олмаса, Қирғизистон ҳукумати олдига Беларус билан дипломатик алоқаларини узиш ва бу давлат элчихонасини мамлакатдан чиқариб юбориш талабини қўйишларини билдирганлар.

Аснода муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров Беларус халқаро қонун меъёрлари ва Минск конвенциясига амал қилган ҳолда қирғиз тарафи талаби билан Қурмонбек Бакиевни Қирғизистонга қайтаришга мажбур экани тўғрисида баёнот берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG