Линклар

Бир ёқда анжуман, бир ёқда намойиш


9-Евросиё медиа форумини очиб берган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз мамлакатидаги турмуш нақадар барқарорлигию қўшни мамлакатлардаги вазият нақадар беқарорлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

9-Евросиё медиа форумини очиб берган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз мамлакатидаги турмуш нақадар барқарорлигию қўшни мамлакатлардаги вазият нақадар беқарорлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

27 апрел куни Олмаотада 9-Евросиё медиа форуми ўз ишини бошлади. Шу куни форум биноси қаршисида қозоқ мухолифатчиларининг бир неча норозилик акциялари ҳам бўлиб ўтди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғичи Дариға Назарбоева лойиҳаси бўлмиш 9-Евроосиё медиа форумини давлат раҳбарининг ўзи очиб берди.

Ўз нутқида Назарбоев жорий йилда ЕХҲТга раислик қилаётган Қозоғистон мазкур ташкилот доирасида амалга оширишни режалаган масалалар, хусусан, Яқин Шарқда янги ядросиз ҳудудлар ташкил этиш, дунёда мавжуд экологик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган дастурларни қўллаб-қувватлаш, терроризмга қарши кураш кабилар ҳақида гапирди.

Сўнгги йиллар давомида Қозоғистонда турмуш барқарор давом этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган президент Назарбоев мамлакатдаги ҳаётни қўшни Қирғизистондаги вазият билан ҳам қиёслаб ўтди. Қозоғистон президенти 7-8 апрел кунлари Қирғизистонда содир бўлган воқеаларни инқилоб, деб билмаслигини алоҳида урғулади:

- Бу инқилоб эмас, бу бориб турган талончилик. Инқилоб деб капитализм социализмга ўтилган 1917 йилги Октябр революциясини айтиш мумкин. Бизда ҳам революция бўлганини айтиб ўтиш лозим. Фақат бунда аксинча бўлган, яъни социализмдан капитализмга ўтганмиз. Монархия ағдарилган Француз революцияси ҳам бизга маълум. Қирғизистонда содир бўлган воқеалар эса бир элитанинг иккинчисига алмашиши, ҳокимият учун кураш, дея атаса бўлади, деди Евроосиё медиа форумида чиқиш қилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Евроосиё медиа форумининг расмий қисмида қозоқ ҳукуматига мухолиф бўлган кучлар иштирок этишига ҳам имкон берилди. Хусусан, форум меҳмонлари олдида сўзга чиққан, икки йил давомида қозоқ махфий хизматлари томонидан кучли босимга учраб келган мухолифатдаги “Республика” газетасининг бош муҳаррири Татяна Трубачева ЕХҲТ раиси, Қозоғистон давлат котиби ва ташқи ишлар вазири Қанат Саудабаевга мурожаат қила туриб, Қозоғистоннинг дунёдаги нуфузли ташкилотларидан бири бўлмиш ЕХҲТга раислик қилишига қарамай, мамлакатда мухолиф кучларни йўқ қилишга қаратилган кенг кампания олиб борилаётгани, ўзгача фикрловчилар мамлакатда сиёсий таъқибга дучор қилинаётганини айтиб ўтди.

- Жаноб Саудабаев, бизнинг газета юзасидан сиёсий буюртма бор-йўқлигини очиқ айтинг. Биз ана шундай талаб билан Қозоғистон бош вазири ва президент маъмурияти раҳбарига ҳам мурожаат қилгандик. Аммо уларнинг бирортасидан саволимизга жавоб ололмадик, деди Татяна Трубачева.

Олмаотада дунёдаги таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари иштирокида Евроосиё медиа форуми ўтаётган бир пайтда анжуман бўлиб ўтаётган бино олдида қозоқ мухолифатининг бир қанча норозилик акциялари бўлиб ўтди.

Акция иштирокчилари медиа форумнинг чет эллик меҳмонлари эътиборини мамлакатдаги асл вазият, жумладан, сиёсий қатағонлар, мухолифатчилар ва оммавий ахборот воситаларига бўлаётган босимлар каби муаммоларга қаратишга ҳаракат қилдилар.

Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари мазкур акциялар олдини олишга ва унинг иштирокчиларига куч қўллаш орқали норозилик акцияларини тўхтатишга уриндилар. Норозилик акцияларининг бир қанча иштирокчилари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан яширинишга муваффақ бўлдилар.

Айтиш жоизки, Қозоғистон президентининг қизи Дариға Назарбоева раҳбарлигида ҳар йилнинг апрел ойида ўтказиладиган Евроосиё медиа форумига мамлакатдаги энг йирик нефт, газ, ҳаво, темир йўл ширкатлари ҳомийлик қилади.

Мазкур тадбирда дунёнинг таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари иштирок этиши баробарида Си-эн-эн, Ал-Жазира каби етакчи медиа ширкатларнинг энг қиммат ҳақ талаб этадиган журналистлари модераторликка таклиф этиладилар.

Жорий йили Дариға Назарбоева уюштирган 9-Евроосиё медиа форумида Ал-Жазира Интернейшнл медиа компаниясининг олиб борувчиси Стивен Коул, АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё бўйича ёрдамчиси муовини Дэвид Меркел, Russia Today телеканали олиб борувчиси Питер Лавель, Си-эн-эн телеканалининг янгиликлар олиб борувчиси Монита Ражапал, АҚШ Бутун жаҳон иқтисодий форумининг ижрочи раиси катта маслаҳатчиси Кристина Фалконе, Рейтер телеканалининг Европа давлатларидаги бизнес ривожи бўйича менежери Тим Арлотт модераторлик қилдилар.

Айни пайтда 9 йилдан буён ўтказиб келинаётган Евроосиё медиа форумига катта маблағ сарфлангани билан унинг амалий фойдаси кўринмаётгани боис кузатувчилар бу тадбирга Дариға Назарбоеванинг самарасиз PR-акцияси, дея баҳо бермоқдалар ва форумнинг йил сайин ўз долзарблигини йўқотаётганини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG