Линклар

logo-print

Россия-Украина келишуви тутун ва тухум остида маъқулланди


Депутатлар Россия-Украина келишувини муҳокама қилаëтган айни пайтда парламент биноси мухолифат тарафдорлари томонидан қуршаб олинди

Депутатлар Россия-Украина келишувини муҳокама қилаëтган айни пайтда парламент биноси мухолифат тарафдорлари томонидан қуршаб олинди

Украина парламенти Қрим ярим оролида жойлашган Севастопол базасини 2042 йилгача Россия ҳарбий флотига ижарага бериш ҳақида Россия билан имзоланган шартномани жанжал билан бўлса-да¸ ратификация қилди.

Украина парламенти аъзолари Россия флоти фойдаланаётган Қрим ярим оролидаги Севастопол базасининг ижара муддати 2017 йилда тугаганидан сўнг уни яна 25 йилга узайтириш ҳақида икки давлат ўртасида имзоланган шартномани ратификация қилди.

Келишувга қарши бўлган мухолифат депутатлари шовқин-сурон қилдилар ва парламент раиси Володимир Литвинга тухум отдилар. У ўзини соябон билан ҳимоя қилди.

Парламент биноси ичида тутун чиқарувчи бомбалар портлади. Депутатлар қуюқ оқ тутундан юзларини беркитдилар. Бинода ёнғинга қарши сигнализация ишлаб кетди.

Бундай тартибсизликка қарамай, президент Виктор Янукович коалициясини қўллаб-қувватлаётган депутатлар Россия билан эришилган шартномани ратификация қилишга муваффақ бўлдилар.

Овоз бериш натижасини парламент раиси Володимир Литвин эълон қилди.

- Шартномани ёқлаб 236 нафар депутат овоз берди. Қарор қабул қилинди, деди парламент раиси.

Бир соат вақт ўтмай, Россия Давлат думасининг 450 депутатидан 410 нафари Украина билан имзоланган шартномани ёқлаб овоз берди.

Мазкур шартнома 21 апрел куни Россия президенти Дмитрий Медведев ва Украина президенти Виктор Янукович томонидан Харков шаҳрида имзоланган эди.

Ҳарбий база ижараси муддатининг узайтирилиши эвазига Москва Украинага 30 фоиз арзон нархда газ етказиб беришни ваъда қилган.

Айни пайтда Норвегияда сафарда бўлган Россия президенти Дмитрий Медведев Украина парламенти қабул қилган қарорни олқишлади.

- Мен бундан жуда хурсандман. Бу соғлом ақл тантанаси ва Украинанинг стратегик манфаатларининг шовқин-сурон ва бошқа йўллар орқали ифода этиладигн ўткинчи ҳиссиётлардан устун келганлигини кўрсатади, деди Россия раҳбари.

Киевда Украина мухолифатининг минглаб аъзолар ва тарафдорлари ўз ҳиссиётини парламент биноси олдида намойиш қилдилар.

Россияпараст Украина президенти Виктор Януковичнинг ғарбпараст сиёсий рақиблари, собиқ президент Виктор Юшченко ва собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко етакчилигидаги танқидчилар Украина ҳудудида Россия базасининг бўлишига доимо қарши чиққан ва ижара муддати 2017 йилда тугаганидан сўнг уни узайтирмаслигини билдирган эди.

Тимошенко 27 апрел кунги овоз беришни “Украина тарихидаги қора саҳифа” дея баҳолади. Киевда ўтказилган намойишда сўзлаган Тимошенко муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ва президент Януковични ҳокимиятдан четлатиш учун ўз тарафдорларини 11 май куни оммавий норозилик намойиши ўтказишга чақирди.

- Бизнинг ўзаро бирлашишимиз парламентда янги кўпчиликни ташкил этиши мумкин ва Украинада беш йил ичида эмас, уч йилда эмас, ҳатто икки йилда эмас балки тез фурсатда янги президент бўлиши мумкин, деди мухолифат раҳбари.

Юлия Тимошенко парламентда, университетларда ва мамлакат бўйлаб иш жойларида “Украинани қутқариш учун махсус қўмиталар” ташкил этишга чақирди.

Айни пайтда президент Виктор Янукович тарафдорлари Россия билан имзоланган шартнома ратификациясини қўллаб намойиш ўтказдилар.
XS
SM
MD
LG