Линклар

logo-print

Жиззахда "Фидойи" гуруҳлар фаоллашмоқда


Ҳуқуқ фаоллари¸ фидойи гуруҳларнинг асл фаолияти ҳар бир хонадонда ҳукм сураëтган кайфият ҳақида махсус хизматлар учун маълумот тўплашдир.

Ҳуқуқ фаоллари¸ фидойи гуруҳларнинг асл фаолияти ҳар бир хонадонда ҳукм сураëтган кайфият ҳақида махсус хизматлар учун маълумот тўплашдир.

Жиззах вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Фидойилар” гуруҳи аъзолари уйма-уй юриб қизларни 23 ёшгача эрга бермаслик, йигитларни 25 ёшгача уйлантирмаслик ҳамда аёлларни 30 ёшдан кейин туғдирмаслик борасида ташвиқот олиб боришаяпти.

Суҳбатдошимиз жиззахлик аёл шу йил бошида "Фидойилар" гуруҳи ташкил қилингандан буён ушбу гуруҳ аъзоси. Ўқитувчи опанинг айтишича, унга 12 та хонадон бириктирилган бўлиб, у бир ҳафтада икки марта ушбу хонадонларга кириб чиқиши шарт.

- Дафтар тутганмиз. Дафтаримизнинг бошланишига¸ масалан¸ биринчи хонадонми¸ биринчи хонадонга яшовчилар деб рўйхат очганмиз. Рўйхат очиб ўша хонадонда нечта оила яшайди¸ оила бошлиғи ким¸ ер сўтихи¸ нечта дарахти бор – шуларни ëзганмиз. Кейин иккинчи бетини очамизда¸¸ иккинчи бетига журнал тариқасида жадвал очганмиз. Ўша хонадонда яшовчиларнинг нечтаси мактабга боради¸ нечтаси пенсионер¸ нечтаси ногирон¸ қанчаси ëрдамга муҳтож¸ шунақа жадваллари бор – шуларни тўлдириб кетамиз. Қанча кўчати бор¸ қўй¸ сигир дегандай.

Озодлик: Қўй –сигирнинг ҳам ҳисобини оласизларми?

- Албатта¸ уларнинг ҳам ҳисобини оламиз. Қўй¸ сигир¸ шароитлари борми¸ масалан жойи қандай¸ гигиенический қанақа шуларни ҳам кўриб кетамизда, дейди жиззахлик “фидойи” аёл

"Фидойилар" гуруҳи фаолияти билан боғлиқ мониторинг ўтказган жиззахлик ҳуқуқ фаолларига кўра, ушбу гуруҳга ўқитувчилардан ташқари прокуратура ва ИИБ ходимлари, участка нозирлари, посбонлар, маҳалла оқсоқоллари киритилган.

Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда "Фидойилар" гуруҳи вилоятнинг ҳар бир маҳалласида ташқил қилинганини билдириб, уларнинг фаолияти кенг қамровли эканлигини таъкидлади.

- "Фидойилар" гуруҳлари ҳар бир туманда ташкил этилган. Мактаб раҳбарларидан¸ кўп йиллик тажрибага эга бўлган ўқитувчилардан¸ маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларидан ҳар битта гуруҳга иккита-учтадан ўқитувчилар жалб қилинган. Битта гуруҳда иккита-учта ўқитувчи¸ маҳалла фаолларидан¸ фуқаролар йиғинидан¸ оқсоқоллардан¸ ота-оналардан бор. Ҳар битта гуруҳда олти-еттита одам бўлади. Бу ҳар битта тумандаги ҳар бир таълим муассасасида бор. Мактабнинг катта-кичиклигига¸ педагог жамоанинг камлиги-кўплигига қарабда. 10-15-20-25 тадан фидойилар гуруҳи ташкил қилинган битта мактабнинг ўзида. Ҳар битта хонадон уларга беркитилган. Ҳар битта гуруҳга 10-15 тадан хонадон беркитилган, деди расмий мулозим.

Жиззахлик ушбу мулозимнинг айтишича, "Фидойилар" гуруҳи фаолиятининг самарадорлигини ошириш учун ўқувчилар кучидан ҳам фойдаланилади.

- Айтайлик¸ қаровчиси йўқ кекса қариялар оилада яшаëтган бўлса¸ улар ҳовлида яшаëтган бўлса¸ ағдарилмаган ери ëки чопилмаган¸ экилмаган экинлари бўлса¸ мевали дарахтлари кесилмаган бўлса¸ уларни кесишда ўқувчиларни олиб бориб дарсдан кейин ëрдам бераяпти. Ерларни ағдариб майда кўкатлар экиб беришда¸ гуллар¸ дарахтлар экиб беришда ëрдам бераяпти.

Озодлик: Демак¸ бу ишларда ўқувчилар кучидан фойдаланилаяпти?

- Ҳа, ўқувчилар. Юқори синф ўқувчиларини дарсдан кейин ўзлари билан зарур бўлган вақтдагина битта-иккита-учта олиб бораяпти, дейди жиззахлик мулозим.

"Фидойилар" гуруҳи фаолиятини яқиндан ўрганган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроевга кўра, ушбу гуруҳнинг асосий фаолиятларидан бири аҳоли орасида ташвиқот-тарғибот ишларини олиб боришдан иборатдир.

- Мисол учун¸ қизларни 23-24 ëшга етмагунча турмушга бермайсанлар¸ йигитларни 25 ëшгача уйлантирмайсан¸ 30 ëшдан кейин туғмайсан – мана шунақа ҳолатларнинг ҳаммаси бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Шу фидойи гуруҳлар томонидан олиб борилаяпти бу ишлар, дейди ҳуқуқ фаоли.

"Фидойилар" гуруҳи аъзоси бўлган ўқитувчи опага кўра, улар кейинги пайтда аҳолига кўпроқ товуқ боқишни тавсия қилишмоқда.

- Асосан¸ товуқ боқишни ҳозир тарғиб қилаяпмиз. Қўй¸ сигир яхши ҳовли кенг бўлса¸ жой бўлса. Айрим хонадонлар анча торку. Олти-етти сўтих бўлгани билан уй қурилиши бўлиб¸ жуда кичкина жой қолган. Уларнинг сигирга иложи бўлмаса¸ кимлардир менинг жойим йўқ деб айтадику¸ кичкина катакчага 4-5-6-10 та товуқ қилиб қўйса¸ ҳеч бўлмаса кунлик тухуми чиқадику тўғрими? Сўйсанг¸ гўшт бўлади. Товуқ етти хазинанинг бири¸ дейдику. Мана шу нарсаларни тарғиб қилаяпмиз. Биз “Яна ҳам ортиқча ерларинг бўладиган бўлса¸ мана шу ерга биттагина кўчат экиб қўйсаларинг¸ мана бу ерга озгина кўкатми нимадир сепиб қўйсаларинг яхши” деган фикрларни бериб келамиз. Ташвиқот-тарғибот ишларимиз ҳаттоки кўчаларимиздаги ободонлаштириш борку¸ шуларга ҳам уларни нима қиламизда. Кўчаси¸ маҳалланинг атрофи. “Келинглар¸ мана бундай қилайлик” деган фикрларни айтиб уларни шу ишларни бажаришга ундаймиз, дейди жиззахлик ўқитувчи аёл.

Жиззахлик бир аёл Озодлик билан суҳбатда "Фидойилар"нинг оилалардаги рўзғор ишларига ҳам аралашишига норози эканлигини айтади

- Ўзимиз ҳайрон бўлдик энди. Огородимизда тўртта-бешта дарахтчамиз бор кичкина. Битта она-бола сигиримиз бор. Ҳовлида бошқа ҳеч нарсамиз йўқ. Шунинг ҳаммасини ëзиб олиб¸ билмадим ниманинг ҳисоб-китобини қилишади. Биз тушунмадик. Ҳатто ўша фидойиларнинг ўзлари ҳам тушунтириб бера олмади. Ўзлари ҳам билишмайди. “Бизга ҳокимиятдан шунақа айтишган. Биз сизларнинг кўчага маҳалладан бириктирилдик. Шуни ҳисоб-китоб қилиб ëзиб топширишимиз керак, шунақа буйруқ олдик” деб келишди, дейди жиззахлик аёл.

Жиззахдан олинган маълумотларга кўра, "Фидойилар" гуруҳи аъзоси бўлган ўқитувчиларнинг дарс машғулотларини ташлаб¸ уйма-уй юришларига тўғри келмоқда

Хусусан¸Жиззах вилояти Бахмал туманида мактаб ва коллежларда машғулотлар тўхтатилиб, ўқитувчиларнинг "Фидойилар" гуруҳи фаолияти билан шуғулланаëтгани айтилмоқда.

Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими эса бу маълумотларни инкор қилди.

- Бу иш шундай режалаштирилганки¸ ўша гуруҳдаги ўқитувчиларнинг бўш вақтларини топиб¸ биргаликда гуруҳ-гуруҳга бўлинган. Дарс вақтида ҳеч ким ҳеч жойга чиққани йўқ, фақат дарсдан кейин, дейди жиззахлик мулозим.

Озодликка маълум бўлишича, "Фидойилар" аҳолининг табиий газ ва электр энегиясидан қарздорлигини ундириш ҳамда аҳолидан темир-терсак йиғиш ва одамларни маҳаллий газета-журналларга обуна қилдириш масалалари билан ҳам шуғулланишади.

Шунингдек, баъзи маълумотларга кўра, бахмаллик фидойилар аҳолидан ҳокимлик учун 40 минг сўм ўлпон йиғиш ишларини ҳам амалга оширишмоқда.

"Фидойилар" гуруҳи аъзоси ўқитувчи аёлнинг айтишича, улар аҳолидан йиғилган маълумотларни маҳалла қўмиталарига етказишлари шарт ҳисобланади.

- Ҳисоб-китобини маҳаллага топшираяпмиз.

Озодлик: Маҳалла қўмиталаригами?

- Ҳа.

Озодлик: Улар қаерга топширишади?

- Унисини билмадим. Қаергадир топширса керак. Вилоятга топширса керакда, дейди ўқитувчи аёл.

Жиззахлик ҳуқуқ фаолларига кўра, кейинчалик ушбу маълумотлар маҳаллий хокимлик, милиция бўлимлари ва прокуратурага етказилади.

Фидойилар гуруҳи кўрсатмаларига амал қилмаганлар “қора рўйхат” га туширилиб, айрим ҳолатларда уларга нисбатан чоралар ҳам кўрилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Айниқса, “Фидойилар” гуруҳи қайсики ҳудудда топширилган ишни эплай олмаса¸ ушбу гуруҳ раҳбарлар томонидан жазога тортилади.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоллари бунга мисол келтиришади:

“Бахмал туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчилари “Фидойилар” гуруҳи фаолияти уларга оғирлик қилаётгани борасида юқори ташкилотларга шикоят ёзишган. Орадан маълум муддат ўтгач¸ Бахмал туман ҳокими шикоят ёзган ўқитувчилар ишлайдиган мактаб директорини туман мажлисида роса калтаклаган ва мактаб директорига мажлислар залининг бурчагида стул кўтартириб қўйган”

Баҳтиёр Ҳамроевга кўра, "Фидоийлар"¸ гуруҳи фаолияти ортида сиёсий мақсадлар яширинган.

- Тузилган нарса¸ аслида халқнинг ичидаги рўй бераëтган жараëнларни¸ норозилик ҳислари қай томонга бурилган¸ ҳаммасини билиш мақсадида ва шуни бошқариш мақсадида қилинаëтган нарсалар. Бу атайлаб қилинган нарса. Асосан¸ маълумот йиғиш ва жамиятда мавжуд бўлаëтган воқеалар жараëнини қўл остида ушлаб туриш ва бошқариш, дейди Баҳтиёр Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаолига кўра, айрим ҳолатларда "Фидойилар" гуруҳи жойлардаги айрим муаммоларни хокимликларга етказгач айни муаммолар ижобий ҳал қилинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида "Фидойилар" гуруҳи фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG