Линклар

logo-print

Кейинги 30 йил ичида ҳудуд номлари ўзгарди (энди ССР деган қўшимча йўқ), Макон ўзгармади. Орадан 30 ўтса-да, Замон ҳам ўзгармади. Тиллар ўзгарди (энди ўзбекча ҳам ёзадиган бўлдик), бироқ тилхатлар ўзгармади.

ТИЛХАТ

Мен, Ўтмас Пичоғов, битта хотиннинг эри ва уч фарзанднинг отаси, оиламизда ҳафтада икки марта тайёрланадиган паловнинг бир галгисини - пайшанба оқшомгисини қисқартиришга тилхат бераман.

Пайшанбаликдан воз кечишга чоршанба оқшомидаги ёвғон устида оилавий маслаҳатда келишволдик.

Бундан буён пайшанба оқшомлари пиёва ичиб ётволамиз,

деб тилхат берувчи Ўтмас Пичоғов.

2010 йилнинг 28 апрели.

Ўтмас Пичоғовнинг тилхати маҳалла оқсоқоллари йиғинида кўриб чиқилди.

Ўтмас акани таниган маҳалла фаоллари у кишининг сўзи амали билан бир эканлигини эътироф этар эканлар, тилхатига содиқ қола олишига кафолат бердилар.

Фаоллар, шунингдек, Ўтмас аканинг ташаббусини юқори баҳоладилар.

Улар бу ташаббуснинг иқтисодий-ижтимоий аҳамияти беқиёс эканлигини тан олдилар: Ўтмас аканинг оиласида бир ҳафтада 1 кило, бир ойда 4 кило гурунч тежалишини ҳисоблаб чиқдилар.

Энг фаол фаоллар эса, Ўтмас аканинг ташаббуси аҳолиси
28 миллион кишили республика бўйлаб оммалаштирилса, ҳаммаси бўлиб бир ойда неча минг тонна гурунч тежалиши тўғрисида бош қотириб кўрдилар.

Қотира-қотира бошларини қотириб қўйдилар.

Охири маҳалла оқсоқоллар йиғини раиси "Жуда КЎП бўлади", деди-да масалани ечди-қўйди.

Раис, шунингдек, фаолларнинг ҳамда фаол фаолларнинг эътиборини Ўтмас ака бошлаган ташаббуснинг демографик вазиятга таъсирига ҳам қаратди.

"Маълумки, ош, яъниким палов, демография машинасининг моторига солинадиган ёнилғидур. Мотор эса, жонажон парт... узр, жонажон ҳукуматимиз юритаётган сиёсатга қараганда, қизиб ётибди. Бас, шундай экан, унга бироз дам берайлик",
деди маҳалла оқсоқоли Холдорхон опа қалдирғочнинг қанотидай қийғоч қилиб терилган қошларини силаб.

Ўтмас Пичоғовнинг тилхат-ташаббусини муҳокама қилган маҳалла оқсоқоллар йиғини мажлиси қарор қабул қилди:

"Бугундан эътиборан маҳалла хотин-қизларидан иккитадан ортиқ туғмаслик тўғрисида ҳам тилхат олинсин. Тилхат ёппасига ҳаммадан олинсин. Вазиятнинг жиддийлигини аҳоли тушунсин учун тилхат қишлоқ четида яшайдиган Кимсан момодан ҳам олинсин!"

Мазкур қарорни шарҳлар экан, маҳалла оқосоқоли Холдорхон опа ҳукумат кейинги ойларда хотинларни стерилизация қилиш учун катта пул сарфлаётганини, тилхат ёздириш билан ўша ортиқча сарф-ҳаражатни тежаб қолиш имкони пайдо бўлишини таъкидлади.


"Туғмас хотинлар тилхати билан ош емас эркаклар тилхати биргаликда мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, келажагимизнинг янада буюкроқ бўлишига хизмат қилади", деди маҳалла оқсоқоли Холдорхон опа.

Ҳа, азиз муштарий, бироз оширвордимми?

Бўлса, бордир.

Бироқ мен айтган гапларнинг Меҳрибоннинг мақоласида ("Фарғоналиклар ҳукуматга садоқат ҳақида кафолат бермоқда") келтирилган фактлардан қандай принципиал фарқи бор?

Ёки шу кундаги ҳукуматдорларнинг коммунистик ҳукуматдорлардан қандай принципиал фарқи бор?

1979 нинг кўкламида Тошкентдаги энг катта босмахонанинг (собиқ Билимлар уйи ортидаги бино) газета-журнал экспедициясида ишлаганман.

Тун ишлардим, кундуз ўқирдим.

Босмахонадан чиққан газеталарни қоғоз қопларга солар, сўнгра аэропортга олиб бориб, самолётларга ортар эдик.

Ишга кираётганимда бошлиқлар босмахонада босилган бир варақ қоғоз - тилхатни ўқитиб, тагига имзо қўйдириб олишган.

Ўша русча тилхат матни тўлалигича, албатта, эсимда йўқ. Лекин мазмуни ҳануз эсимда: давлат сирларини яширин тутаман, инқилобий ҳушёр (революционно бдительный) бўламан.

Россса ҳайрон бўлгандим ўшанда – қанақа давлат сири, қанақа революционная бдительность?

Ўшандан бери 30 йил ўтибди.

30 йилда Макон ўзгармади.

Лекин бундоооқ қарасам, Замон ҳам ўзгармабди. Тутумлар ҳам.

Нега, дейсизми?

Тилимни қичитмангда, энди, муштарий?!

Биласиз-ку ўзингиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG