Линклар

Тожикистон чегарачиси порахўрликда айбланмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон бош аксилкоррупциячиси Абдуфаттоҳ Саидов чегара қўшинлари расмийси наркотик моддалар контрабандасига алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди.

Тожикистон бош аксилкоррупциячиси Абдуфаттоҳ Саидов чегара қўшинлари расмийси наркотик моддалар контрабандасига алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди.

Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари қўмондони ўринбосари пора олганликда айбланмоқда.39 ёшли тожик зобити Саймуддин Мирзоев наркотик моддалар билан боғлиқ иш учун 45 000 АҚШ доллари миқдорида пора олгани маълум қилинган.

Тожикистон чегара қўшинлари расмийси Саймуддин Мирзоев апрел бошларида 15 000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайт коррупцияга қарши кураш агентлиги махсус гуруҳи томонидан қўлга олинган.

Бу борада 27 апрел куни иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш агентлиги раиси Абдуфаттоҳ Саидов маълум қилди.
Расмий чегара қўшинлари мулозими қўлга олингунга қадар 30 000 АҚШ доллари миқдорида пора олганини ҳам қўшимча қилди.

- Бу жиноят наркотик моддалар билан боғлиқ , - дер экан агентлик раиси Саидов, тергов ишларига халақит бермаслик мақсадида тўла тафсилотлардан тийилишини билдирди.

Унинг билдиришича, 39 ёшли полковник порахўрликда айбланмоқда.

Айни пайтда жиноят иши Тожикистон Бош прокуратураси терговчилари томонидан олиб борилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 22 апрел куни МДҲ мамлатлари чегара қўшинлари қўмондонлари Кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган 63 йиғилишида, мазкур Кенгаш ишини мувофиқлаштириш хизмати раиси Александр Манилов сўнгги икки йил мобайнида Афғонистонда наркотиклар етиштириш ва унинг ноқонуний савдоси тобора авж олаётганидан ташвиш билдирган эди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати генерал лейтенанти Александр Манилов 2009 йил кенгашга аъзо 11 та давлат чегарачилари ўтказган бир амалиётда тахминан 4,5 тоннадан ортиқ наркотик модда мусодара қилинганини маълум қилди.

У, жумладан, ҳозирда тожик - афғон чегараларида наркотиклар билан боғлиқ вазият қалтислигини, афғон қора дорисининг катта қисми айнан Тожикистон орқали минтақа давлатлари ҳамда бир қатор ғарб давлатларига олиб кетилаётганини билдирган эди.

Манилов жаноблари бу вазиятда минтақа давлатлари чегара қўшинларини эмас, балки Афғонистондаги коалиция кучларини айблаган эди.
Аснода Тожикистон ўз қўшнилари Афғонистон, Ўзбекистон каби давлатлар куч ишлатар тизимлари билан наркотиклар ноқонуний савдосининг олидини олиш ва бу борада ахборот алмашинувини йўлга қўйиш борасида қатор ҳужжутлар имзолаганига қарамай, тожик жамиятида наркотиклар ноқонуний савдосида қўли борликда айбланиб қўлга олинаётганлар ўтган йиллардагидан кўпроқ кузатилади.

Мустақил таҳлилчилар афғон қора дориларини ноқонуний савдодан тўхтатиб қолиш йўлида олиб борилаётган қўшма амалиётлар ва ҳамкорлик шартномаларининг кутилган натижалар бермаётганида бошқа омилларни кўрмоқда.

Уларга кўра, жуда катта даромад манбаи саналган бу иллатдан кўпроқ мулозимлар, жумладан, Тожикистон куч ишлатар тизимлари масъуллари ҳам манфаатдорлар.

Тожикистон президенти қошидаги иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш агентлиги раиси Абдуфаттоҳ Саидов кечаги йиғинда шу йил уч ойи давомида бу мамлакат куч ишлатиш тизимлари, яъни Ички ишлар ва Мудофа вазирликлари, Божхона қўмитаси ҳамда прокуратураларида пора олганлик айби билан 33 та жиноят ошкор қилинганини ҳам маълум қилди.
XS
SM
MD
LG