Линклар

Ўзбек ва тожик расмийлари келишувга эришолмади

  • Гулнора Равшан

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари Роғун ГЭСи қурилиши бўйича ҳар иккала томонни қаноатлантирадиган қарорга келолмаганлар.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари Роғун ГЭСи қурилиши бўйича ҳар иккала томонни қаноатлантирадиган қарорга келолмаганлар.

Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий масалалар бўйича қўшма комиссиясининг 27 апрел куни Тошкентда бошланган йиғилиши натижасиз якунланди. Бу борада Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъули Сарвар Бахти маълум қилди.

Тожикистонлик дипломатнинг маълум қилишича, 27 апрел куни Тошкент музокараларида асосан тўртта масала, яъни сув ва энергетика заҳираларидан унумли фойдаланиш, Хатлон вилояти йўналиши бўйича Термиз-Амузанг темир йўлини тиклаш ва юк транзитини таъминлаш ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари кўрилган.

- Томонлар фақат шу масалалар атрофида фикр ва таклифлар билдиришди, холос. Ҳали ҳеч қандай натижага эришилган йўқ. Ўзбекистон томони меҳмонлар таклиф ва истаклари давлат раҳбарига етказилишини ҳамда масалалар дипломатия йўли билан ҳал қилинишини билдирди, дея маълум қилди Сарвар Бахти.

Тожикистон ҳукумат расмийсининг қайд этишича, тожик делегацияси Ўзбекистон томонидан ортиқча электр энергиясини ўз ҳудуди орқали Афғонистонга транзит қилиб беришни сўраган.

Шунингдек, тожикистонлик мулозимга кўра, ўзаро музокаралар чоғида Роғун ГЭС қурилиши билан боғлиқ масала кўндаланг қилиб қўйилган.

- Улар Роғун ГЭСи халқаро экспертизадан ўтказилиб натижалари эълон қилинмагунига қадар қурилиш ишлари билан бирга реконструкция ишлари ҳам олиб борилмаслигини талаб қилишди, дер экан Сарвар Бахти ўзбек-тожик музокаралари ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида ўтгани ва ҳар икки томонда ҳам муаммолар тезроқ ҳал этилиши истаги кузатилганини қистириб ўтди.

Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси расмийси якуний хулоса ҳар иккала мамлакат давлат раҳбарлари томонидан айтилиши кутилаётганини яширмади.

Айни пайтда 27 апрел куни Душанбега қайтган тожик делегацияси аъзоларидан биронтаси журналистларга музокаралар натижаси ҳақида гапиришни истамаётгани сезилади.

Мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мавжуд энг муҳим стратегик масалалар бир кунлик музокараларда ҳал бўлмаслигини олдиндан башорат қилган эдилар.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Парвиз Мулажонов ўзбек-тожик муносабатларини кескинлаштирган сув, энергетика, Роғун ва темир йўл масалалари фақат Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг юзма-юз суҳбатида ҳал қилиниши мумкин, дея мулоҳаза билдиради.

- Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари кескинлашаётган бир пайтда ҳар қандай қарор фақат ҳукуматнинг биринчи одами розилиги билан қабул қилинади. Шуни назарга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари музокара столига ўтиришлари лозим. Аммо Роғун масаласи атрофидаги келишмовчилик ортидан президентларда ҳам музокарага ўтириш истаги йўқ, дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Мулажонов.

Айни пайтда Тожикистон энергетиклари 28 апрел куни Роғун экспертизасида қатнашиши истагини билдирган ўнта хорижий ташкилот Душанбега келганини маълум қилдилар.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Япония, Америка, Италия каби энг илғор давлатлардан келган ширкат вакиллари бугун эълон қилинган халқаро тендерда қатнашади ва улар ичида ғолиб деб топилган фақат икки ташкилот Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишда қатнашади.
XS
SM
MD
LG