Линклар

Ўзбекларни асоратга солганлар иши судга оширилди


Астраханда Ўзбекистоннинг 16 фуқаросини қулликда сақлаган уч шахс устидан олиб борилган тергов жараёни ниҳоясига етди.

"Российская газета" нашрининг хабар қилишича, “Ластра” ҳусусий ширкати раҳбари Александр Ларин, унинг ўғли Кирилл Ларин ва уларнинг ҳайдовчиси Ҳаганий Аҳундов ўтган йилнинг феврал ойида Астрахан вилоятига ўзбекистонлик 16 нафар меҳнат мухожирини олиб келган.

Бу шахслар ўзбекларга қонуний иш билан таъминлашга ваъда берган, бироқ манзилга етиб келгандан сўнг уларни қўрқитиб, ҳужжатларини олиб қўйган. Ўзбекистон фуқаролари назорат остида омбор ва дала ишларига жалб қилинган.

Россия прокуратурасининг Астрахан бўйича тергов қўмитаси ўзбекларни қулликда сақлаган шахсларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 127-моддаси бўйича жиноят иши қўзғаган. Эндиликда ота-бола Ларин ва уларнинг ҳайдовчисига уч йилдан тўққиз йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG