Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:45

Етти ёшли қизалоқ ёрдамга муҳтож


Ўзбекистонда саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича хайрия тадбирлари анчадан буён давом этаяпти. Бугунги кунда кўплаб ўзбекистонлик болалар қимматбаҳо дориларга муҳтож. Аммо дардманд болаларнинг яқинлари ҳар доим ҳам бундай дори-дармонларни сотиб олишга имкон тополмаяпти.

Тошкентдаги Гематология ва қон қуйиш илмий-текширув институтининг болалар бўлимида бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан саратонга чалинган болалар даволанмоқда.

Улардан бири 7 яшар Гулҳаё Норқўзиева бугунги кунда ёрдамга муҳтожлиги ҳақида институт сайтида маълумот берилган. Маълумотларга кўра, қизалоққа ўткир лейкоз ташхиси қўйилган, унинг даволаниши учун қимматбаҳо дорилар керак. Бироқ Гулҳаёнинг ота-онасида айни кунда қизалоқни даволатиш учун молиявий имконият йўқ.

Гулҳаёнинг дадаси Ниёзмурод ака қизини даволатишга имконсизлигидан уни уйга олиб кетишга ҳам тайёр бўлган. У ёрдам сўраб ҳам бировга мурожаат қилишга ҳам ийманади. Ўзи топганию қарз олган пулларига қизига дори-дармон, озиқ-овқат олиб келади. Аммо бу пуллар етарли бўлмаганидан шифокорлар қизалоқнинг тақдирига бефарқ бўлмаган одамлардан ёрдам сўрамоқдалар.

- Қизимни даволаётган доктор моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган экан. Шунга кимлардир қизим билан ётган бувисига озгина ёрдам пули бериб кетибди, дейди Гулҳаёнинг дадаси Ниёзмурод ака ийманибгина.

Ниёзмурод ака қизини Тошкентга Қашқадарё вилоят Чироқчи туманининг Хўжақўрғон қишлоғидан олиб келган. Гулҳаё оилада тўртта фарзанднинг иккинчиси. Қизалоқнинг ойиси уйда қолган уч фарзанд билан бўлса, дадаси Ниёзмурод ака Гулҳаёни ўтган йилдан бери Ўзбекистоннинг турли касалхоналарида шифокорларга кўрсатиш билан овора.

- 5 марта Қашқадарёда даволанди. Яхши бўлиб қолганди. Декабр ойида яна мазаси бўлмай қолди. Кейин Қашқадарёда яна текширтирдик. Самарқандга олиб келдим. Самарқандда ҳам 27 кун ётди, яхши бўлмади. Аксинча, бола оғирлашиб қолди. Кейин Тошкентга олиб келдим. Гулҳаёнинг касалини оққон касаллиги деяпти-да энди. Қонида микроб бор деяпти, дейди Ниёзмурод Норқўзиев.

Қизининг касали кетидан Тошкентдан Қашқадарёга қатнайвериб, ота ишидан ҳам мосуво бўлган.

- Ўзим бекорчиман, опа. Бировнинг Paynet ини ишлатардим. Гулҳаё касал бўлгандан бери иш ҳам ёқмайди. У ерда икки кун бўлсам, бу ерда икки кун. Ишдаям ҳозир ишлолмай турибман, дейди қашқадарёлик Ниёзмурод ака.

7 яшар Гулҳаё даволанишига айни пайтда маблағ етмаяпти. Шифокорлар ёрдами билан уюштирилган хайрия тадбирлари қизалоқнинг шу пайтгача бўлган даволанишини қоплаб турибди. Олдинда эса қизалоқни Тошкент Гематология институтида яна узоқ муддатли муолажалар кутмоқда.

- Билмадим энди буниси қанча давом этаркан. Яна бир ўн кунларда иккинчи лечениени тугатиши мумкин. Энди бу лечениеси кўп экан-да. Шу ерда ётганлар айтаяпти, олти-етти лечение, деяпти. Ҳозир иккинчи лечениени олаяпти. Иккинчи лечениегаям эртага бир ой бўлади. Шароитим борича чиқаряпман. Авваламбор Худо энди. Ёрдам беришса, раҳмат айтамиз, дейди суҳбатдошимиз хижолатомуз.

7 яшар қашқадарёлик Гулхаё Норқўзиевага ёрдам бермоқчи бўлсангиз, қуйидаги хисоб рақамига пул ўтказишингиз мумкин:

Ҳисоб рақами - 29801000600000883007 МФО ООНЗ

Қўшимча маълумотларни +998 97 724 65 94, +998 71 278 19 69 телефонлари орқали олишингиз мумкин.

Гулхаёнинг отаси Ниёзмурод ака билан қуйидаги телефон орқали боғланишингиз мумкин: +998 75 763 09 79
XS
SM
MD
LG