Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:09

"Фермерлар иши тўлалигича ҳокимлар назоратида"


Ўзбекистонлик фермерларга кўра, сўнгги икки йил ичида маҳаллий ҳокимлар деҳқон-фермерлар мустақиллигини мутлақо чеклаб қўйганлар.
Ўзбекистонлик фермерларга кўра, сўнгги икки йил ичида маҳаллий ҳокимлар деҳқон-фермерлар мустақиллигини мутлақо чеклаб қўйганлар.

Ўзбекистонда уруғ қадаш ишлари авжига чиқаётган айни паллада маҳаллий фермерларнинг айримлари техника ва ёқилғи танқислигидан шикоят қилсалар, бошқалари бу йил қадалажак чигитнинг сифатсизлигидан нолимоқдалар.

Ўзбекистоннинг шимоли ва жанубидаги иқлим бир-биридан тахминан 20-30 кун фарқ қилади. Бугун Сурхондарё вилоятида:

- Пахта кўкариб қолди. Анча яхши. Ягана қилиб, чопиқдан чиқардик. Бизники анча яхши¸ олдин кетаяпти¸ дейди сурхондарëлик фермер.

Сурхондарë вилоятида ғўза чопиқдан чиққан бўлса, Бухоро вилоятида:

- Имконияти бор фермерлар¸ ерлари тайëр бўлгани экаяпти. Кўпчилик шудгорлашда ëқилғи топа олмай, шудгорлаш кечикиб кетган эди. Ҳозирга қадар кўплари ерларни шудгор қилаяпти. Шу иш жуда кўп фермер хўжаликларида энди бошланаяпти. Кулгили нарса. Бирор вақт бўлмаган бундай воқеа. Май ойларига тайëр бўлади. Ундан кейин шудгор қилиб¸ ерларни тайëрлаб экади. Назаримда¸ 20 майларгача экиш давом этса керак¸ дейди Жондор туманида фермерлик қилаётган Бобомурод Раззоқов.

Унинг айтишича, деҳқонлар имкони борича экинни тезроқ экиб олишга ҳаракат қиляптию, бироқ ёнилғининг тортилиб қолгани ишни ортга сурмоқда:

- Экиш мавсумига ҳозирча ками ëнилғи бўлиб турибди. Бир тортилади¸ бир бўлади. Олдинги йиллардагидай эмас-да. Ëнилғи масаласида анча қисилиб қолганмиз. Илгарилари “Пулинг йўқ¸ бермайман”, дер эди. “30 фоиз олдиндан тўлов ўтказилади. Кейинчалик 100 фоиз тўлоб ўтказилгандан кейин ëқилғини оласан¸ уруғликни оласан¸ ўғитни оласан” деган гаплар бор эди. Бу йилдан бошлаб 100 фоиз олдиндан тўлаган бўлсангиз ҳам имкони борича ëқилғини бермасликка уринаяпти. Ўғитни бераяпти - яхши. Ëқилғи масаласида жуда танқислик юзага келаяпти. 10 кундан ошдими дейман, бизнинг Жондордаги заправкаларда солярка ҳам¸ бензин ҳам тортилиб қолган. Бензин билан солярканинг ўзи йўқда¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Фарғона вилоятида эса, фермер Зокиржон Отабековнинг айтишича, экин–тикин ишлари яхши боряпти, ёнилғи ҳам етарли.

- Ҳозирча бор. Бериб туришибди¸ дейди Зокиржон Отабоев.

Экин-тикин мавсумида деҳқонга жуда зарур бўлгани бу техника. Бироқ Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг деҳқоннинг техникага эгалик қилиш ҳам муаммога айланиб қолди. Хўжаликларда ташкил этилган МТПлардаги тракторлар ҳамма хўжаликка ҳам етмайди. Боз устига, уларнинг хизмат ҳақлари жуда қиммат.

Сурхондарёлик фермер Мажид Абдурайимовнинг айтишича, деҳқонларга лизинг асосида техника беришни ҳукумат ваъда қилган эди. Бироқ бу ваъдалар ваъдалигича қолиб, деҳқон ўз ҳолига ташлаб қўйилди:

- Мана тўрт йилдан буëн фермерлик қилаяпман. Шунча ҳаракат қилдим, бирорта техника ололмадим. Ҳукумат “Шунга бергин, ишласин¸ меҳнат қилсин” дейди. Шуни лизинггами¸ кредитгами берса бўлади-ку. Ҳосилдан чиқариб пулини беради-ку шулар. Шундай қилишга келганда излаб техника тополмайсан. Ҳозирги пайтда МТП деган ташкилот пайдо бўлган. Қадимги селхозтехника. Шунга борсангиз¸ шилиб олади-да. Қарздорлик ботқоғига ботириб ташлайди. Бир ерни шудгор қилса¸ миллион-миллионни бўйнингга қўяди. Шу билан қаерга боришни ҳам билмайсан¸ қарзни узишни ҳам билмайсан. Мана шу йил Ўзбекистонда об-ҳаво жуда яхши келди. Бизда лалми жойларимиз ҳаммаси қолиб кетди. Одамларнинг кучи етмайди¸ уруғлик йўқ¸ сотиб ололмайди¸ ҳайдата олмайди. Ҳайдатаман деса¸ ëқилғи йўқ. Ëқилғини олдиндан бериб туриб кейин қарзини олса бўлади-ку. Ëқилғи олдиндан тўланиши керак. Буни тўлаш жуда оғир. Ўғит берадиган бўлса¸ олдиндан тўлаш керак. Бу ҳам оғир масала. Ана шундай гаплар-да. Аравани қўйиб юборганлар¸ ўз ҳолига кетиб бораяпти-да¸ дейди Мажид Абдураимов.

Қишлоқ хўжалигида 50 йилдан бери ишлаб келаётган, хўжалик раиси бўлган қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқовнинг айтишича, уларда ёнилғи, техника етарли, бироқ бугун деҳқонни ташвишга соладиган бошқа бир жиддий муаммо пайдо бўлди:

- Ëқилғи етарли, Худога шукур. Техника бор. Ëмон эмас. Уруғлик ҳам бор¸ лекин шу пахта уруғлиги жуда чатоқ бўлиб қолди-да.

Озодлик: Нимаси чатоқ бўлди?

- Сабаби ўтган йил жуда салқин келди. Чигит яхши эмас. Сифатсиз чигит. Ўтган йил сифатсиз чигит тайëрланди-да¸ дейди Қубай Ортиқов.

Фермерларнинг айтишларича, собиқ иттифоқ пайтида катта лавозимларда ишлаб, сўнгра фермерликка ўтиб олган одамларда ҳамма нарса бор, техника ҳам, пул ҳам. Бироқ, оддий фермерларнинг ҳеч вақоси йўқ ва улар фақат кун ўтказиш учун фермерлик қилмоқдалар. Зеро, фермер Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, фермерликдан катта даромад олаётганлар жуда кам, аксарият фермерлар эса йил якунидаги фойда ва харажатда учма-уч бўлиб чиқяпти. У биз билан суҳбатда, фермерликнинг келажаги қоронғу эканлигини ва улар яна колхоз ва совхозларга айланиб кетиши эҳтимоли борлиги ҳақида гапирди. Биз фермердан: “Нега бундай фикрга келдингиз?” деб сўрадик:

- Бу фикрга боришимнинг сабаби фермер хўжаликларининг устидан том маънода диктатура ўрнатиб олинди ҳокимият томонидан. Фермер хўжалиги мустақил ҳаракат илгари қиларди. Иккинчи йил кетаяпти, мустақил ҳаракатни ҳокимият бутунлай қўлга олди-да. Фермернинг банкдаги пулларигача хўжайинлик қилаяпти. Нима экиш керак¸ қачон экиш керак¸ пулни қаерга ташлаш керак¸ қаердан пул олиш керак – ҳаммаси тўла ҳокимнинг назоратига ўтди. Фермерлар ҳокимиятга чақирилиб, ўша ернинг ўзида ҳокимнинг топшириғи билан айтилган ташкилотларга¸ ҳоким қайси ташкилотга айтса¸ ўша ташкилот пулни кўчириб беради¸ поручение беради. Фермернинг ўзи мустақил равишда бир ташкилотга пул кўчиришга ҳаққи йўқ. Экиш ҳам худди шундай. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъий назар диктовка қилинади. Бошқа нарсани билмайди, экасан - тамом. Тош ëғаяптими¸ бошқа бўлаяптими, экасан - тамом. Лекин бирор киши фермердан “Имкониятинг қандай? Аҳволинг қандай? Экиб биласанми? Техника билан таъминланганлик даражанг қандай?” деб сўрамайди. Фақат битта нарсага ëпишиб олган. “Ўзингни ўлдирасанми¸ бошқа қиласанми¸ экасан¸ ҳосилни давлатга топширасан. Қолган муаммоларингни қандай ечасан бу билан ишимиз йўқ. Пахтани экасан¸ ғаллани экасан ҳосилни давлатга топширасан - тамом. "Ўласанми¸ қоласанми - ўзингга ҳавола” дегандай бир шиор пайдо бўлган¸ дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.
XS
SM
MD
LG