Линклар

Россия федерал архив агентлиги раҳбари Катин фожиаси қурбонларига оид маҳфий ҳужжатларнинг илк бор оммага ошкор қилинишини олқишлаб, Россия ҳукумати ҳаракатларини “мутлоқ ошкоралик”, дея атади.

Россия томони диктатор Иосиф Сталин буйруғи билан Катин қишлоғи ва Россия ғарбидаги бошқа қишлоқларда 20 мингдан ортиқ полякнинг қатлиом қилинишига оид ҳужжатларни илк бор жамоатчиликка ошкор қилди.

Ушбу ҳужжатларнинг ошкор қилиниши эса Россия ва Полша муносабатларининг бир оз илиқлашган бир даврига тўғри келди.

Яқинда Смоленск яқинида рўй берган фожиа ҳар иккала давлатни бир-бирига янада яқинлаштирди.

Айнан Катин фожеаси қурбонлари хотирасига бағишлаб ўтказиладиган маросимга кетаётган Полша президенти Леҳ Качинский ва унга ҳамроҳлик қилаётган юқори мартабали расмийлар минган самолёт Смоленск яқинида ҳалокатга учраган эди.

Россия федерал архив агентлиги раҳбари Андрей Артизов сўзларига кўра, “Биринчи рақамли махсус иш” номини олган ҳужжатлар билан шу пайтгача саноқли шахсларгина танишиб чиқишга муяссар бўлган.

Бироқ яқинда Россия президенти Дмитрий Медведев бўйруғи билан ушбу маҳфий ҳужжатлар федерал архив агентлигининг расмий сайтига жойлаштирилди.

- Мазкур ҳаракат Россия томонининг Катиндаги воқеаларни очиқчасига жамоатчиликка тақдим қилишга тайёр эканини намойиш қилади, дея қўшимча қилди Андрей Артизов.

Бироқ бу Полша томони талаб қилиб келаётган ҳужжатларнинг айримларигина жамоатчиликка ошкор қилинди. Катин фожиасига оид талайгина ҳужжатлар эса ҳануз маҳфийлигича қолмоқда.

Айни пайтда Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Ян Рачинский сўзларига кўра, федерал архив агентлиги сайтига жойлаштирилган маълумотлар 1990 йилларда оммага ошкор қилиниб бўлинган.

- Сталин ва Политбюронинг ушбу уруш жиноятида тутган асосий ролини очиб берувчи ҳужжатлар 1992 йилда, яъни Россиянинг ўша даврдаги президенти Борис Елцин Полшага тақдим қилган ҳужжатлар билан ошкор қилинган эди. Ўшандан буён бу маълумотлар ҳеч қандай маҳфий мақомга эга эмас, деди Ян Рачинский.

Совет қўшинлари 1939 йилда Полшага бостириб киргандан сўнг бир йил ўтгач, хавфсизлик хизматлари Катин ва Россия ғарбидаги бошқа қишлоқларда 22 мингдан ортиқ поляк зобитлари ва зиёлиларни отиб ўлдирган.

2004 йилда Россия ҳарбий прокурорлари ушбу қатлиомни уруш жинояти деб тан олишдан бош тортиб, Катин фожиаси юзасидан олиб борилаётган тергов ишларини тўхтатган эди.

Ўтган ҳафта эса Россия Олий суди Катин фожиасига оид барча ҳужжатларнинг жамоатчиликка ошкор этилишига йўл очиб берувчи қарорни қабул қилди.
XS
SM
MD
LG