Линклар

Эркин микрофон - Маддоҳлик қилмоқчимасман, аммо...

  • Фаррух Юсуфий

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Озодликка қўнғироқ қилган наманганликлардан бири Ўзбекистондаги турмушнинг тобора оғирлашаётганига тизиму тузум эмас, балки халқнинг ўзи, унинг тутуми сабаб бўлаётганини айтади.

Миродил Жалолов Жумабозорда

Чоршанба куни Эркин микрофонга қўнғироқ қилган тошкентлик тингловчиларимиздан бири ўзини Зеромакс ширкати бошлиғи Миродил Жалоловга яқин киши, деб таништирди ва кейинги пайтларда бу ширкат ва Жалоловнинг атрофида пайдо бўлган муаммолар ҳақида гапирди.

- Миродил Жалоловни тахминан икки ҳафта олдин кўрдик. Ҳозир Миродил Жалолов Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманининг Жумабозор қишлоғида. Бир фермер хўжалиги¸ мисол учун, зотли отлар боқадиган жойда. Йилнинг бошида билган бўлсангиз¸ Миродил Жалолов 40 та зотли от четдан келтирилган. Шунга отхона қурилди. Ўша ерда бўлганларида кўрдик. “Миродил Жалоловни қамаб қўйишди ëки унақа қилишди” деган гапга мен ҳам у одамни кўрмагунимча ишонган эдим. Лекин бир гап бўлдики¸ “Миродил Жалолов терговга қатнаяпти, фақат уйларида ремонт бўлаëтгани учун Жумабозорга рухсат берилди”, деган гапни эшитдик.

Охирги пайтда Зеромакснинг битта қурилиш компанияси, яъни Нефтгазмонтаж қурилиш компанияснинг ҳисоб рақамлари музлатилган. Ойликлар йилнинг бошидан бери тўхтатилган. Унинг сабабини ҳеч ким билмаяпти. Лекин охирги маълумотларга биноан май ойидан яхши бўлади, дейилаяпти. Лекин кўчадаги эшитилган гап бўйича¸ охирги пайт Нефтгазмонтаж Ўзбекистон форумлар уйини қургандан кейин¸ яъни Ўзбекистон форумлар уйини ўзининг ҳисобидан қурди. Ҳозир қурилиб бўлганига салкам бир йил бўлаяпти. Ҳали давлат томонидан бирор-бир пул ўтмаган. “Энди топширилаяпти. Пул ўтадими-ўтмайдими - Худо билади”, дейишаяпти. Тазйиқлар нимага бўлаëтганини тахмин қилишаяпти. “Форумлар уйи жуда қиммат суммага тушиб кетган. Ҳокимият бунақа суммани анча-мунчагача тўлай олмайди. Шунинг ҳисобига текширув бўлди. Бир қисмини тушириб берсин” дейишаяпти, дейишди. Охирги эшитган маълумотимга биноан форумлар уйида ишлатилган пулнинг 75 фоизини ололса ҳам Зеромакс компанияси хурсанд¸ дейди ўзини Зеромакс ширкати бошлиғи Миродил Жалоловга яқин киши деб таништирган тошкентлик тингловчиларимиздан бири.


"Ҳаммасига ўзимиз айбдор"

Намангандан қўнғироқ қилган тингловчимиз ўзини Хуршидбек деб таништирди ва шу кунларда дастурларимизда кўтарилаётган муаммолар, хусусан, аёлларнинг мажбуран бичилаётгани ва ўзбекларнинг Россияда қулликка сотиб юборилаётганига оид мавзуларга ўз муносабатини билдирди.

- Мажбурлаб олиб бориб бичилаëтган аëллар ëки Россияда қолиб кетган ўзбек йигитлари ҳақида эшитдим. Ҳамма тарафлама ўйлаб қарагандан айтмоқчи эдим. "Энди шу ҳолатларнинг ҳаммасига тизим ëки президент айбдормикан?" демоқчиман-да. Ҳар қанақасига ўйлаганда ҳам буларга алоқаси йўқ бўлса керак, деб ўйлайман. Шуни Россияга олиб бориб сотган ўзбекми? Ўзбек. Дўпписини олиб кел деса¸ бориб аëлларни бичиб ташлаëтган ўзбекми? Ўзбек. Ҳамма қилиқни ўзимиз қилаяпмиз-ку. Яна фақат тузумни айблаган¸ фақат ҳокимиятни айблаган. Мен ҳайрон қолдим-да. Ҳақиқатан осон эмас. Мақтарли ҳолат эмас. Тузумни мақтаб, маддоҳлик қилиш ниятим йўқ. Просто, айтмоқчи эдимки¸ атрофингларга қаранглар. Мен Россиядагиларни ҳам кўрдим. Ўзим чет элда кўп юраман. Баъзида ўзбекларнинг қилаëтган ишидан уялиб кетасан. Ўзбекман дегани уялиб кетадиган ҳолатлар қилаяпти. Шу аҳволга келишимизга фақат ўзбекларнинг тутуми¸ ўзбекларнинг ҳаëтидаги, керак бўлса, дин айбдор. Ҳамма нарсани ўзининг ичидан ахтариш керак. Президент ўзбек эмасми¸ ҳоким ўзбек эмасми¸ участковой ўзбек эмасми? Бизни жуҳуд келиб шунақа қийнаяптими ëки ўрис келиб шунақа қийнаяптими? Шу саволни бериб одамларга айтмоқчи эдим¸ аввало ўзингларни ўйлаб кўринглар. Ҳокимиятни жуда оқламайман¸ лекин ëмонламайман ҳам. Ҳозир шунақа тузум керак. Мен Наманганда яшайман. Кўрганмиз Намангандаги воқеаларни. Бир нарса бўладиган бўлса¸ ҳокимият тепасига энг олдин келадиган битта ахмоқ “Оллоҳу акбар” деворганда, югуриб келиб ислом кучлари келади. Ундан бошқа алтернетив йўқ¸ дейди Хуршидбек.


Сирдарёда ҳам аёллар бичилаяпти

Айни пайтда, Сирдарёдан қўнғироқ қилган тингловчимиз, ўз маҳалласида уч аёл мажбуран бичилгани ва улардан бири янгаси эканини гапириб берди.

- Аëлларни бичиш ҳақида гапирмоқчиман. Мен Сирдарë вилояти Боëвут туманиданман. Бизнинг кўчамиздан учта аëлни бичди. Биттаси менинг янгам бўлади. Операциядан кейин анча қийналиб¸ уч-тўрт кун юра олмай қийналиб чиқди-да. Мажбурий қилиб ҳар кун олиб бориб, бичамиз деб, охири учовини бичди.

Озодлик: Неча ëшда эди улар?

- 35-40 ëшлар атрофида.

Озодлик: Нимага мажбурлаб бичиб қўйишди? Уларнинг эри бор. Улар ҳеч нарса демадими?

- Ҳар куни докторлар келавергандан кейин¸ қишлоқчилик бу ëғи¸ бўпти деб, розилик бериб юбораяпти. Овора қилиб юбораяпти. Ҳар кун докторлар келадида¸ дейди боëвутлик тингловчимиз.


"Укамнинг пулларини шилиб олишибди"

Москвадан қўнғироқ қилган муштарий ўзбек мелисаларини инсофга чақирди.

- Мен ишим кўпайиб кетгани учун ўзимнинг укамни чақирдим-да. Худога шукур, яхши етиб келдию¸ лекин кўп муаммолар бўлибди йўлда. Йўлдан чиқишдан бошлаб¸ биз водийданмизда¸ перевал билан келади¸ чиқишдан бошлаб билетни олган¸ паспортлари ҳамма ëғи яхши¸ совға-саломлар билан шу кийим бошу 5-10та патир нон¸ қуруқ меваларни "акамнинг олдига бораяпман" деб йўлга чиққан. Наманган постида машинани тўхтатган. Багажникни очиб қараса¸ катта юк. Россияга келиши аниқ. Россиянинг сумкаси. Паспортнинг ичида билет ҳам бўлган. “Ишлагани кетаяпсан экан, сенинг пулинг бор¸ бошқа” деб, хуллас, 25 минг сўм пулини олиб қўйиб юборибди. Ҳали келаяпти бу ишлагани. Тошкент вилоятига кириб келадиган постда яна тўсибди-да? худди шунақа ҳол яна бўлибди. “Мен ҳали Москвага етиб боришим керак, ортиқча пулим қолмади” дегандан кейин¸ ëнида ўзимизнинг ўзбек сўмида 7000 сўм пули бор экан¸ яна 100 рубл бор экан¸ шуни ҳам олибди-да. Биз Ўзбекистонга ëмонлик қилганимиз йўқ-ку. Ишлагани келаëтганда шунчалик воқеалар бўлибди. Наҳотки Ўзбекистоннинг мелисаси шу даражага борган бўлса? Ишдан кетаëтган бўлса майли. Келадиган одамни ҳам шунчалик қиладими?

Озодлик: Ишдан кетаëтганда ҳам майли эмас, ака.

- Бу бошқа масала. Унда хоҳлайсизми-хоҳламайсизми, Роҳат пости бор-ку Тошкентдан чиқишдаги¸ у ерда албатта тўсади. Ўтиб кетиб олсак¸ роса хурсанд бўламиз. Худди хотинимиз ўғил туққан даражада хурсанд бўлиб кетамиз. Шунчалик хурсанд бўламиз. Наҳотки Ўзбекистон мелисаси шу даражагача боради¸ дейди Москвадан қўнғироқ қилган тингловчимиз.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG