Линклар

logo-print

Андижонлик қочқин аёл суди давом этмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Маҳкамага тортилган андижонлик қочқин Дилором Абдуқодированинг яқинлари бугун судда унинг юз-кўзи кўкарган ҳолда ўтирганини айтганлар.

Маҳкамага тортилган андижонлик қочқин Дилором Абдуқодированинг яқинлари бугун судда унинг юз-кўзи кўкарган ҳолда ўтирганини айтганлар.

Австралиядан Андижонга қайтиб борган қочқин аёл Дилором Абдуқодирова қийноқларга тутилган. Бугун давом этган маҳкама ишида иштирок этган қариндошларига кўра, унинг юзлари кўкариб, шишиб кетган.

Бугунги маҳкамада, Дилором Абдуқодированинг укаси Муҳаммаджоннинг айтишича, синглиси бошида рўмолсиз кўринган.

Муҳаммаджон:
Ҳолати қанақа десангиз¸ анча тазйиқ¸ анча босимлар¸ қийноқлар бўлибди шекилли - ҳамма опа-сингиллари йиғлашаяпти. Кўнгли юмшоқ у аëлларнинг. "Ҳозир ҳолатини кўриб қийналиб кетдик, шунақа ҳам бўладими?" дейишаяпти.

Озодлик: Қанақа ҳолат экан?

Муҳаммаджон: Юзларида шиш бор экан. Юз-кўзларида кўкарган ҳолатлари кўриниб турибди, деб айтишаяпти. Опамизга қаттиқ тайинлашибди шекилли: “Яқинларингиз томонга юзингизни қаратсангиз¸ ўзингиздан кўринг” деб қаттиқ нима қилишган шекилли¸ опам бечора уларнинг юзига қарамасдан, нариги томонга қараб йиғлаганича ўтираверибди.

Озодлик: Иқрор бўлибдими?

Муҳаммаджон: Ҳа. “Айбларни бўйнига олиб турибди. Ақли ўзида эмас шекилли, қийноқлардан кейин. Нима деса "ҳа" деб турибди. Билмаяпти шекилли”, деб айтишаяпти. Нимага десангиз¸ биринчи суд бўлган кунда ëпиқ ҳолда ўтганда адвокат иштирок этган бўлган. Эртасига адвокат билан кўришганда: “Мен ўзим бўлдим. Ҳижолат бўлманглар. Ҳаммаси яхши. Ҳеч қанақа тазйиқлар бўлмабди. Мен кўрдим. Ҳолатлари яхши. Айбларни бўйнига олмаяпти”, деб айтган экан. “Бир ҳафтанинг ичида олинмаган айбларни бўйнига қўйиш ҳаракатида қаттиқ босим ва тазйиқлар ўтказилибди шекилли. Унинг юз-кўзидан кўриниб турибди” деб айтишаяпти.

Озодлик: Юз-кўзида қандай белгилар бор?

Муҳаммаджон: Юзларида шиш бор ва кўкарган дейишаяпти. Камига “Ҳеч ким қийнамадими¸ зиëн-заҳмат етказмадими?” деса¸ “Йўқ” деб турган экан.

Озодлик: Адвокат олдин кўрганида унақа эмас эканми?

Муҳаммаджон: Суд ëпиқ ҳолда бўлган-ку. Адвокатдан: “Сен ўзинг иштирок этдингми?” деб сўрашса¸ “Ҳа¸ мен ўзим бўлдим” дебди. “Ҳолати қанақа? Қийинчилик кўрмабдими? Саломатлиги яхшими?” деса¸ “Ҳа¸ ўзи яхши. Соғ саломат. Ҳеч қанақа тазйиқ бўлмабди. Қўйилаëтган айбларни тан олмасдан турибди. Ҳаммаси яхши” деб айтибди. Ҳозир тубдан ўзгарган деяпти. “Опамизнинг унақа ҳолати хаëлимизга ҳам келмайди¸ тушимизга ҳам кирмайди. Нима деяëтганини ўзи билмаëтганини биз кўриб турибмиз. Раҳмимиз келиб кетди”, дейди.

Озодлик: Суд мажлисига кимларни қўйишди? Ўғли кирди-а?

Муҳаммаджон: Фарзандлари¸ поччаларим¸ акаларим¸ оила аъзоларимизнинг кўпи киришган. Фақат кичик синглим Маҳбуба Зокировани қўйишмабди. Бу ерда озгина провокация уюштирилган ҳолат бўлибди. Шунга бу синглимни ташқарига чиқариб юборишибди.

Озодлик: Қанақа провокация?

Муҳаммаджон: Опамга қарши бир-иккита гувоҳлар тайëрлашган экан. Улар опам билан лагерда бирга бўлган экан. Уларни синглим таниб қолган экан. “Мен сизни танийман, яхшимисиз?” деб сўрашмоқчи бўлган ерида ҳалиги хотин шайтонлаб¸ дод деб, “менга тазйиқ ўтказаяпти мана бу” деб тўполон қилиб¸ бақир-чақир қилиб юборибди.

Озодлик: Улар лагерда бирга бўлиб кейин Ўзбекистонга қайтиб кетишганми?

Муҳаммаджон: Ҳа. Уларнинг қаторида у синглим ҳам қайтган эди-да. Қайтишига сабаб қўлидаги эмизикли фарзандлари бўлган эди. Фарзандлари оғир бўлиб¸ лагердан олиб чиқилиб касалхонада турган. Эри орқали уюштиришиб¸ ўша ердан олиб кетиб қолишган эди. Ўша аëлларни таниб қолган экан. “Мен сизни танийман, яхшимисиз, ая?” деб энди салом бермоқчи бўлган пайтда шунақа ҳолат бўлиб¸ милициялар синглимни ташқарига олиб чиқишибди.

Озодлик: Бу аëллар нима ҳақда гувоҳлик беришибди?

Муҳаммаджон: “Қўяëтган айблари унақа, ҳақиқатан бунақа деган” деб опамга қарши гувоҳлик бераëтган экан. Қолган опа-сингилларим айтишди. “Улар қарши гувоҳлик бермади”, дейишди. “Сиз мана шунақа интервью берди, деб айтган эдингиз” деган экан¸ “Мен сизга унақа деганим йўқ. Мен бу аëлнинг айтган ëки айтмаганини билмайман. У ерда рус тилини билган аëллар гапирганлигини биламан. Ҳамма гапирмаган. Аëлларнинг сони кўп бўлган. Жуда озчилик гапирган бўлиши мумкин. Лекин бу аëлни мен гапирган деяëтганим йўқ”, деб айтибди. Шу жараëнда улар қарши гувоҳлик бермабди.

Озодлик: Энди суд қачон бўлар экан?

Муҳаммаджон: Суд индинга қолдирилибди. "Жума куни суд бўлади" деб эълон қилибди. Акам: “Худди мана шу жараëн Россия ҳудудида бўлаëтган бўлганда эди¸ мана шу ҳолига нисбатан суд залидан озод бўлиши керак эди. Лекин бу бошқа давлат экан. Энди билмадик нима бўлади”, деяпти.

Эслатиб ўтамиз, 45 ёшли Дилором Абдуқодирова 2005 йилнинг 13 майида Андижонда содир бўлган қонли қирғин пайти ҳукумат кучлари ёғдирган ўқ ёмғиридан қочиб, Қирғизистон жанубига ўтишга муваффақ бўлган юзлаб андижонликларнинг бири. Аммо ўша куни унинг эри ва тўрт фарзанди майдонни тарк этолмай, Ўзбекистонда қолиб кетишган. Қарийб беш йил давомида оиласидан узоқда яшаган Абдуқодирова Ўзбекистонга қайтишга аҳд қилади.

Абдуқодирова Ўзбекистон жиноят кодексининг учта моддаси, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, конституциявий тузумга тажоввуз ҳамда ноқонуний диний оқимга аъзолик моддалари бўйича айбланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG