Линклар

logo-print

"Газпром" ва "Ўзбекнефтегаз" узоқ муддатли шартнома имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда хабар тарқатган Россия холдингининг ахборот бошқармасига кўра, Россия 2010 йилига 15,5 млрд. куб газ сотиб олади.

Бу келишув "Газпром" раҳбари Алексей Миллер ва "Узбекнефтегаз" бошқармаси раиси Улуғбек Назаров учрашуви натижасидир.

Россия ва Ўзбекистон томонлари Ўзбекистон ҳудудида нефт-газ соҳасига оид ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишган. Хабарда айтилишича, "Ўзбекистондан Россияга газ етказиб беришга оид узоқ муддатли шартномани тайёрлашга оид масалалар ҳамда Ўзбекистон ҳудудида газ транзити масалалари муҳокама этилган".

Гап шундаки, ҳозиргача Россия ва Ўзбекистон ўртасида бир йиллик шартномалар имзоланиб келинган. Жорий йилнинг март ойида Россия Федерацияси бош вазир ўринбосари Сергей Иванов ўз чиқишларидан бирида "ўзбек газини узатишда йиллик шартномалардан узоқ муддатли шартномаларга ўтиш Россия талаби билан амалга оширилмоқда", деди. Унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли шартноманинг имзоланиши "фирибгар-воситачилардан қутулишга имконият яратади".

"Нима учун узоқ муддатли шартнома айнан ҳозир имзоланишга тайёрланмоқда?" саволи билан Озодлик "Газпром" Департаменти бошлиғи муовини, Бошқарма Раиси матбуот котиби Сергей Куприяновга мурожаат қилди.

Сергей Куприянов: Бу шартнома ҳозирча имзолангани йўқ, биз уни муҳокама этмоқдамиз, холос. Одатда бундай шартномалар олдиндан келишилган ҳолда имзоланади, муҳокама этилади. Биз Ўзбекистон тарафи билан бу масалага доир жадал музокаралар олиб борган эдик. Ҳукуматлараро комиссия келишуви мавжуд. Мана яқинда Сергей Иванов шу масала билан Тошкентда бўлган эди. Шу сабабли, бу режа асосида бажарилаётган иш. Биз йилига 15,5 млрд. куб ўзбек газини сотиб олишга келишдик. Лекин бу шартнома қачон имзоланишини айтиш мушкул.

Озодлик: Сергей Владимирович, Тошкентдаги чиқишларидан бирида Иванов узоқ муддатли шартноманинг имзоланиши “фирибгар-воситачилардан қутулишга имконият яратади” деган эди. У қанақа фирибгарлар ҳақида сўзлаган эди?

- Мен билмадим кимлар ҳақида гапирганини, деди Сергей Куприянов.

Газпром вакили, шунингдек, йиллик шартномалар асосан “Ўзбекнефтегаз” компанияси билан имзолаганлигини таъкидлаб, ўртада қандайдир бошқа компаниялар борлигини тасдиқлаб берди.

Мутахассисларнинг айтишича, ўзбек гази “қора схемалар”, яъни бир қатор олибсотар фирмалар воситачилигида узатилади. Бу фирмалар орадаги фарқлар ҳисобига “кун кўришади”.

Россия ва Ўзбекистоннинг газ соҳасидаги муносабатларини Озодликка Россиядаги Новости ахборот агентлиги халқаро шарҳловчиси Санобар Шерматова шарҳлаб берди.

Санобар Шерматова: Россия ва Ўзбекистон ўртасида газ бўйича музокаралар кетаётгани ҳақида олдинроқ ҳам хабарлар келаётган эди. Лекин, эътибор берган бўлсангиз, у ерда нархлар ҳақида маълумот овоза қилинмади. Менимча, бу ҳақда яқинда бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон президентлари учрашувида келишиб олинган. Юқоридан рухсат туширилгандан кейингина бу шартнома амалий кучга кира бошлади. Одатда, Ўзбекистон йилига 15-16 млрд. куб газ сотиб олар эди. Ҳозир газга нархлар тушгани боис Газпром нархлар сиёсатини қайта кўриб чиқмоқчи, чамамда, чунки олдинги йил Ўзбекистон Россияга Европа нархлари бўйича сотган.

Озодлик: Ивановнинг “фирибгар-воситачилар” ҳақида гапирган нутқини эшитган бўлсангиз керак. У, сизнингча, кимларни назарда тутган?

Санобар Шерматова: Россия деярли барча мамлакатлар билан “қора схемалар” асосида газ савдоси шартномаларини имзолайди. Мана, куни кеча шундай схема Украина билан имзоланди. Тимошенко имзолаган “очиқ схемалар” бекор қилинди. Газпром билан Ўзбекнефтегаз ўртасида ҳар доим кўтариладиган масалан - газнинг нархи.

Озодлик: “Қора схема” дегани нима ?

- Қора схема деганда, одатда, номаълум фирмаларнинг воситачилигида амалга ошириладиган олди-бердилар назарда тутилади. Масалан, Ўзбекистон фақат қора схемалар асосида газ етказади. Менинг билишимча, газ-нефт савдосида Россия томонидан воситачилар бўлмаган. Ўзбекистондан эса Зеромакс воситачилик қилгани аниқ. Қизиғи, қандай Зеромакс каби компаниялар икки давлат ўртасида воситачилик ваколатларига эга бўладилар, ким уларни тайинлайди. Масалан, Россия-Украина ўртасидаги воситачи компаниялар ҳақида деярли ҳама нарса аниқланган, журналистлар бу масалага катта эътибор қаратишди. Ўзбекистон билан воситачилик қилиш схемалари ҳанузгача қоронғилигича қолмоқда. Европада бундай схемалар мавжуд эмас, лекин уларни қандай йўллар билан ва ким бу газни узатиши умуман қизиқтирмайди, уларни асосан газ нархи қизиқтиради, холос, деди Новости ахборот агентлиги халқаро шарҳловчиси Санобар Шерматова.


2009 йил 1 январдан бошлаб Газпром Ўзбекистондан газ сотиб олишнинг нархларга оид қўшимча шартномани имзолаган эди. Шунингдек, 2005 йилда Газпром ва Ўзбекнефтегаз ўртасида имзоланган 5 йиллик газ транспорти шартномаси бу йил ўз якунига етди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG