Линклар

Қулдай ишлатилган муҳожирлар бадарға қилинмоқда

  • Садриддин Ашур

Тундрадаги чидаб бўлмас шароитдан шикоят қилган 60 чоғли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг қарийб ярми бўйича суд депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Тундрадаги чидаб бўлмас шароитдан шикоят қилган 60 чоғли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг қарийб ярми бўйича суд депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Красноярск ўлкасининг Багучанск туманидаги спорт залларидан бирида вақтинчалик яшаётган 56 нафар ўзбекистонлик муҳожирлар Багучан туман суди қарори билан бирин-кетин Ўзбекистонга депортация қилина бошлади.

Икки ой давомида Красноярск ўрмонларида қулларча ишлатилган ўзбекистонлик 56 нафар меҳнат муҳожирларидан бири Ўктам Бозоровнинг айтишича, улардан 26 киши суд қарори билан депортация қилинди. Улар 27 ва 28 апрел куни кечки пайт автобусларда Красноярск шаҳрига олиб кетилган:

Ўктам Бозоров: Суд қилиб қарор қилди шундай. 26 киши депорт бўлди, ака. Олиб кетди уже. Базучандан Красноярскка олиб кетди. Кеча кечқурун олиб кетган эди. Бугун ҳам яна 11 кишини депорт қилди. Аста-аста депорт қилиб тозалаяпти ҳаммани.

Озодлик: Тошкент фирмасининг вакиллари келдими сизларнинг олдингларга? Сизлар билан бирор киши гаплашдими?

Ўктам Бозоров: Ҳозир Валеревич деган вакил келган. У ҳам ҳеч нарса қила олмай турибди.

Озодлик: Шуҳрат Орипов билан гаплашсам, “Йўқ¸ булар депорт бўлмайди. Бошқа ишга олиб бораман” деган эди-ку.

Ўктам Бозоров: Қуруқ эртак, ака, бу гаплар. Бизга уч ой эртак айтиб келган одам сизга бир-икки кун эртак айтади, тамом.

Озодлик: Демак¸ у одам сизларни умуман ҳимоя қила олмаяпти-а?

Ўктам Бозоров: Йўқ¸ бизларни ҳозир ҳеч ким ҳимоя қила олмаяпти. Бизга бу ерда иссиқ жой билан таъминлаб¸ иссиқ овқатлар бериб турибди. Шуларнинг отасига раҳмат.

Озодлик: Энди сизларни ҳам депорт қилади.

Ўктам Бозоров: Бу аниқ.

Озодлик: Энди сизлар боргандан кейин мана шу ташкилотни ҳамманглар судга берасизларми?

Ўктам Бозоров: Боргандан кейин қайси юз билан қайтиб борамиз бизлар, ўйлаб кўринг. Давлат томонидан келганмиз бизлар, ака. Ўзимиз келган бўлсак ҳам алам қилмайди. Шу ерда депортдан ҳимоя қила олмаяпти. Бизнинг айбимиз нимаки¸ бизни депорт қилади? Уларнинг айби билан биз депорт бўлаяпмиз. Бизнинг нима айбимиз бор? Ўрмонга бориб икки ой оч-наҳор ишлаганимиз учунми бу? Ëки давлат томонидан келганимиз учун депорт қилаяптими? Мана шу менинг гапирган гапларимни эфирга қўйинг. Бутун дунë эшитсин.

Озодлик: Албатта қўяман. Фақат сизлар аччиқ қилманглар. Энг муҳими, сизлар қутулдинглар. Бўлмаса¸ сизларни яна бир-икки ой ишлатарди шу тарзда.

Ўктам Бозоров: Агар у ëқда яна 10 кун ишласак¸ битта-битта ўлар эдик. Ë касаллик орттирар эдик¸ ë битлар эдик¸ ë ҳайвонлар еб кетар эди. Судга ҳам бериб кўрамиз ҳали. Лекин жаҳл бор. Масалан мен ўзимни тутиб туришим мумкин¸ бошқаси тутиб тура олмаслиги мумкин (йиғлаб). Наҳотки бизни ҳеч ким ҳимоя қилмайди? Ана шуниси алам қилади-да, ака. Ака, мен ҳозир йиғлаяпман.

Озодлик: Ўктамжон¸ йигит кишининг бошида ҳамма нарса бўлади. Энг муҳими, сизларнинг соғ-саломат қолганларинг. Энг муҳими, бола-чақаларингнинг олдига боришларинг.

- Бизларни мана депорт қилаяпти. Бизлар қандай аҳволда боришимизни кўз олдингизга келтириб кўринг. Наҳотки, шу дунëда яхши одамлар топилмайди ëрдам берадиган? “Қўйинглар, шуларни депорт қилманглар” дейдиган инсон йўқ. Депорт қилса¸ беш йил Россияга кела олмаймиз. Мана шу томони бор. Шуниси алам қилади¸ дейди Ўктам Бозоров.

Илгари хабар берганимиздек, Красноярск ўлкасидаги 61 меҳнат муҳожирининг шароитлари жуда ҳам оғирлашиб кетган эди. Емаклари қолмай совуқда кетма-кет касал бўлаётган бу йигитлар ўзларини Россия Федерал миграция хизмати ихтиёрига топширишдан бошқа иложлари қолмаган эди. Уларни ҳимоя қилгани келган Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюросининг ҳуқуқшуноси Шуҳрат Орипов эса 28 апрел куни Озодлик билан суҳбатда йигитлар депортация қилинмаслиги ва уларнинг ҳақлари ундириб берилиши ҳақида гапирди:

- Представителлар келди, ака, ҳозир. Разбор қилаяпмиз. Прокуратурада разбор бўлаяпти.

Озодлик: Болаларни депорт қилишмайдими?

- Йўқ. ҳаммаси жойига тушади¸ дейди Шуҳрат Орипов.

Бироқ Шуҳрат Орипов уларнинг аллақачон депортация қилинаётганини биздан яширди. Биз 28 апрел куни кечки пайт Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси раҳбари ўринбосари Ҳабибулла Қаҳҳоров билан боғланганимизда¸ у ҳам барча вазият назоратда эканлигини ва йигитларнинг бошқа шаҳарга ишга жойлаштирилиши ҳақида гапирди:

Ҳабибулла Қаҳҳоров: Депорт қилишмайди. Буларнинг тақдири энди бошқа корхона билан ҳам шартномамиз бор. Ўша ерга ўтказади. Унгача мана шу корхона бу ерда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаб беради.

Озодлик: Улар икки ойлик иш ҳақини ола оладими?

Ҳабибулла Қаҳҳоров: Олади. Нима учун олмайди? Ўша корхона биринчи навбатда буларни ўша ерда ишлатганлиги учун¸ ўзи хатога йўл қўйганлиги учун ўзи судга штраф тўлайди. Жарима тўлагандан кейингина буларни ўша ердан депорт қилмасдан туриб ишга чиқаришади.

Озодлик: Бошқа жойгами?

- Ҳа¸ бошқа жойга. Иркутскка олиб келиб¸ ўша ердаги объектларга ишга жойлаштиришади¸ дейди Ҳабибулла Қаҳҳоров.

Бироқ бу пайтда суд қароридан сўнг ўзбекистонлик йигитларнинг навбатдаги гуруҳи депортация автобусига ўтқазилаётган эди.
Биз бу ишдан яхши хабари бор Красноярск ўлкаси прокуратураси ходими Владимир Медведев билан боғландик. Унинг айтишича¸ бу йигитларда ишлаш учун рухсат бўлмаганлиги учун улар мамлакатдан суд қарори билан депортация қилинади. Озодлик радиосининг “бу йигитлар ўзлари мустақил эмас, балки шартнома асосида ишга келишганини, жавобгар булар эмас, балки иш берувчи бўлиши керак эмасми?” деган саволига Владимир Медведев шундай жавоб берди:

Владимир Медведев: Қонун бўйича рухсатсиз юрган одамнинг ўзи жавобгар. У Россияга келганда яшашга ёки ишлашга рухсат унинг қўлида бўлишини билиши керак.

Озодлик: Хўш, улар бу ерда икки ой ишлашди. Уларнинг иш ҳақларини ким беради?

Владимир Медведев: Айни пайтда бу масала билан биз шуғулланяпмиз. Уларга иш берган фирма Иркутск шаҳрида жойлашган. Биз Иркутск шаҳар прокуратурасига ҳамма ҳужжатларни жўнатамиз. Албатта иш берувчи ишга рухсати йўқ одамларни ишга олганлиги учун жавобгарликка тортилади, яъни унга жарима солинади.

Озодлик: Бу ёғи қизиқ бўлди-ку, уларни депортация қиляпсизлар, иш ҳақларини кимдан олади улар?

- Уларнинг манзиллари бизда бор-ку. Агар уларнинг иш ҳақлари борлиги тасдиқланса¸ иш берувчидан ундирилиб, уларга жўнатилади, дейди Красноярск ўлкаси прокуратураси ходими Владимир Медведев.

Ўзбекистонлик 56 нафар меҳнат муҳожири икки ойлик қуллик азобидан сўнг ватанига қайтариладиган бўлди. Бироқ улар Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси йўлланмаси билан келган эди. Иркутскдаги “Ташкент” фирмаси билан тузилган шартномада воситачилик қилган “Ўзбекистонликлар иттифоқи” жамияти раҳбари Суюн Орипов илагри Озодлик билан суҳбатда бу йигитларнинг ҳаммаси ишга рухсат ҳужжати билан таъминланганини айтган эди. Бироқ бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқди. Қулдай ишлатилган ва бир сўмсиз депортация қилинадиган ўзбекистонликлар ватанга қайтиб борганидан сўнг бу ташкилотларнинг ҳаммасини судга беришга қарор қилишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG