Линклар

Рамзан Қодировни маҳкамага тортиш эҳтимоли кам


Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ўтган йили Австрияда чеченистонлик қочқин Умар Исроиловнинг ўлдирилишига алоқаси бўлиши мумкинлигига оид Австрия маъмурлари иддаоларини рад қилмоқда.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ўтган йили Австрияда чеченистонлик қочқин Умар Исроиловнинг ўлдирилишига алоқаси бўлиши мумкинлигига оид Австрия маъмурлари иддаоларини рад қилмоқда.

Вена шаҳри прокуратураси вакили Чеченистон президенти Рамзан Қодиров бир юртдошини қатл қилишга буйруқ берган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги матбуот хабарларини тасдиқлади.

Австрияда қочқинлик мақомида яшаётган чеченистонлик Умар Исроиловни аввалига ўғирлаб кетмоқчи бўлишган. Лекин бу ишни уддалай олмагач ўлдиришган.

Бироқ кузатувчилар фикрича, бу жиноятга алоқаси йўқлигини таъкидлаётган Рамзан Қодировга расман айблов эълон қилиш, боз устига, уни судга тортиш эҳтимоли катта эмас.

Чеченистон президенти маъмурияти матбуот хабарларини "иғво", деб атади.

Бироқ Вена шаҳри прокуратураси вакили сешанба куни кечга яқин Рамзан Қодировнинг жиноятга алоқаси борлигини билвосита тасдиқловчи далиллар мавжудлиги тўғрисидаги матбуот хабарларини тасдиқлади.

2009 йилнинг январида Венада ўлдирилган Умар Исроилов Рамзан Қодировнинг собиқ соқчиси эди.

Чеченистондан қочиб, Австриядан бошпана олгач, Умар Исроилов Инсон ҳуқуқлари бўйича Страсбургдаги Европа судига ариза билан мурожаат қилган эди.

Ўз аризасида у Рамзан Қодировни одамларни ўғирлаш, қийноққа солиш ва ўлдиришда айблаган. Умар Исроилов 2009 йилнинг январида таъқиб қилган шахслардан қочишга уринганида отиб ўлдирилган.

Воқеадан сўнг Австрия полицияси 3 кишини қўлга олган. Уларнинг ҳаммаси чеченистонликдир. Тўртинчи шахс Россияга қочишга муваффақ бўлган.

Австрия Федерал прокуратураси вакили Герхард Ярошнинг сешанба кунги баёнотига қараганда, қўлга олинган 3 кишининг президент Қодировнинг хос ходимлари билан тиғиз алоқаси бўлгани аниқланган.

Австрияда чиқадиган "Die Presse" газетасининг Ярошга таяниб ёзишича, Қодиров собиқ соқчисини ўлдиришга эмас, балки ушлаб, Чеченистонга олиб боришга буйруқ берган бўлиши мумкин.

Рамзан Қодировнинг матбуот котиби Алви Каримов Австрия ҳуқуқ-тартибот органлари баёнотларини асоссизлигини айтади:

- Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг Венада Исроиловнинг ўлимига олиб келган воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Менимча, қандайдир кучлар ёки гуруҳлар Чеченистон президентига қарши информация уруши олиб бормоқда, деди Алви Каримов.

Озодлик мухбири марҳум Умар Исроиловнинг Россиядан ташқарида яшаётган Али Исроилов билан боғланишга муваффақ бўлди.

- Мен ўғлимдан ажралдим ва энди ўзим яшириниб юришга мажбурман. Биз ўғлим билан Страсбургдаги судга мурожаат қиламиз, деган эдик. Қодировнинг кўплаб жиноятларига ўғлим шахсан гувоҳ эди. Уни Венада ўлдириб кетганларидан кейин адвокатим билан маслаҳатлашиб, яна мурожаат қиладиган бўлдик, деди Али Исроилов.

Австриялик экспертлар фикрича, Рамзан Қодировни жавобгарликка тортиш эҳтимоли жуда оз.

Инсбурк университети профессори Герхард Манготтнинг фикрича, Австрия маъмурларида Қодировнинг Исроиловни ўғирлашга буйруқ берганини билвосита далилловчи ашёлар бўлгани билан, жиноятда унинг шахсан иштирок этганини исботлайдиган далиллар йўқ.

Иккинчидан, Манготтнинг айтишича, Австрия билан Россия ўртасида жиноят ишлари бўйича ҳамкорлик қилишга оид икки томонлама шартнома мавжуд эмас.
XS
SM
MD
LG