Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:17

Қирғизистон махсус хизматлари фитначиликда айбланди


6 апрел куни қирғиз мухолифати лидерларининг ҳибсга олиниши Бишкекда кўп минг кишилик намойишлар бошланиб кетишига туртки бўлганди.
6 апрел куни қирғиз мухолифати лидерларининг ҳибсга олиниши Бишкекда кўп минг кишилик намойишлар бошланиб кетишига туртки бўлганди.

Бишкекдаги 6-7 апрел воқеаларини ўрганган мустақил комиссия ўз хулосасини эълон қилди. Унда айтилишича, апрел воқеаларига Қирғизистон миллий хавфсизлик хизматининг махсус режалаштирган провокацияси сабаб бўлган.

Мустақил комиссияда айрим сиёсатчиларнинг 7 апрел куни ўз ихтиёрлари билан миллий хавфсизлик хизматига қўлга тушиб берганларига ҳам шубҳа уйғотмоқда.

Апрел воқеаларини мустақил тергов қилган нодавлат ташкилотлари гуруҳи раҳбари Азиза Абдурасулованинг айтишича, Миллий хавфсизлик хизмати халқ норозилигига сабаб бўлишини тушуниб туриб, 6 апрел куни мухолифат лидерларини қамоққа олган.

Азиза Абдурасуловага кўра, Миллий хавфсизлик хизмати 7 апрел куни мухолифат лидерларининг қамоқдан озод этилишини талаб қилиб, Бишкекдаги Форум марказига йиғилган норозилар қуролларга эгалик қилиши учун провокация уюштирган. Яъни Миллий хавфсизлик хизмати Форум биноси олдига иккита автомашинада қурол олиб келган. Мустақил комиссия ҳисоботида айтилишича, бу фактлар мавжуд видеотасвирлар билан исботланган.

Айрим маълумотларда айтилишича, норозилар бу қуролларга тегмаганлар, аксинча, қуроллар нопок одамларнинг қўлига тушиб қолмаслиги учун уларни махсус бинога олиб кириб, муҳрлаб қўйганлар.

Қирғизистон собиқ Ички ишлар вазири Ўмурбек Субаналиев мустақил комиссиянинг бу хулосаси ҳақиқатга яқин, деган фикрни билдиради.

- Норозилар тўпланган жойга Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари қурол олиб борганларини ҳамма кўрган. Милиция бу ерга қуролсиз келган. Воқеа жойида бўлган милиционерлар ҳам қуролларни бу ерга Миллий хавфсизлик хизмати олиб борганини тасдиқлаяптилар, деди Ўмурбек Субаналиев.

Мустақил комиссия аъзоси Тўлайкан Исмоилованинг айтишича, гуруҳ Бакиевлар билан ҳам учрашиб, воқеа тафсилотларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилган. Тўлайкан Исмоилованинг айтишича, норозиларга қарата ўқ отган махсус кучлар Қурмонбек Бакиевнинг укаси Жаниш Бакиев тасарруфида бўлган.

- Мен Жаниш Бакиевга “Махсус тайёрланган ҳарбийлар қаердан олиб келинган, улар кимлар эди?” деб савол бердим. У: “Бизнинг одамлар эди, улар террорчиликка қарши кураш бўлинмаси ҳарбийлари эди”, деб жавоб берди, деди Тўлайкан Исмоилова.

Мустақил комиссия, шунингдек, собиқ президент Ақаевнинг шогирдлари ҳисобланган сиёсатчилар Элмира Ибраимова, Абдуғани Эркебаев ва Кенешбек Дуйшебаевларнинг 7 апрел куни эрталаб Миллий хавфсизлик хизматига ўз ихтиёрлари билан қўлга тушиб берганларига ҳам шубҳа билан қараган.

Комиссия хулосасида айтилишича, мазкур сиёсатчилар 7 апрел куни ҳукумат провокацияси билан қон тўқилишидан хабардор бўлганлар ва шунинг учун ҳам ўз обрўларини сақлаб қолиш учун ўз ихтиёрлари билан ҳибсхонага борганлар.

Бироқ номи зикр этилган сиёсатчилар мустақил комиссиянинг бу иддаоларини рад этмоқдалар. Уларга кўра, 6 апрел куни тунда мухолифатнинг асосий лидерлари қамоққа олинган. 7 апрел куни эрталаб соат 9 ларда эса мухолифатга мойил бўлган сиёсатчилар Элмира Ибраимова, Абдуғани Эркебаев ва Кенешбек Дуйшебаев ўз уйларида миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳибс қилинган. Мазкур сиёсатчилар бунга кўплаб одамлар гувоҳ бўлганларини айтмоқдалар.

Қирғизистон Муваққат ҳукумати маъмурияти раҳбари Эдил Байсалов мустақил комиссия эълон қилган хулосани провокация, деб атади. Унга кўра, мустақил комиссия бу хулосани эълон қилиш билан халқни муваққат ҳукуматга қарши қўйиш мақсадини кўзлаган.
XS
SM
MD
LG