Линклар

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан савдо алоқалари сусайди


Кузатувчилар Ўзбекистон ва Тожикистондаги вилоят раҳбарлари қўшнилар билан алоқа яхшиланишини қанчалик истамасинлар, икки давлат раҳбарларининг изн-иродасисиз бирор амалий иш қилолмасликларини таъкидлайдилар.

Кузатувчилар Ўзбекистон ва Тожикистондаги вилоят раҳбарлари қўшнилар билан алоқа яхшиланишини қанчалик истамасинлар, икки давлат раҳбарларининг изн-иродасисиз бирор амалий иш қилолмасликларини таъкидлайдилар.

Кўп йиллардан буён Тожикистоннинг энг яхши савдо ҳамкорлари учлигига кирган Ўзбекистон эндиликда ўз ўрнини Украинага бўшатиб берди. Маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда Тожикистоннинг Россия, Қозоғистон ва Украина савдо алоқалари яхшиланган.

Сўғд вилояти ҳукумати раиси Қоҳир Расулзода журналистлар билан бўлган учрашувда вилоятининг савдо айланмаси кескин қисқаргани, айрим оммавий ахборот воситаларида ёзилганидек, Ўзбекистонда ушланиб турган вагонлар билан боғлиқ эмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, вилоятга тааллуқли вагонлар ҳеч бир монеъликка учрамай, тўхтовсиз ўтиб келмоқда. Бироқ қўшни Ўзбекистон билан савдо-сотиқ кўлами илгариги йилларга нисбатан кескин қисқарган.

Ўтган йилларда Ўзбекистон билан савдо-сотиқ бўйича алоқалар иккинчи ўринда эди. Жорий йилда қўшни давлат билан ҳамкорлик деярли сезилмайди.

Мутахассисларининг айтишларича, республиканинг хорижий давлатлар билан савдо айланмасининг кескин камайишига бир нечта омиллар сабаб бўлган.

- Ўтган йил давомида Россия Федерацияси ва Қозоғистон билан боғлиқ савдо айланмасига доир маълумотларни бера оламиз. Бошқа минтақалар билан бўлган алоқалар биз учун унчалик муҳим эмас. Чунки қўшнилар билан савдо айланмаси миқдори жуда кам, деди Тожикистон божхона қўмитаси Сўғд вилоят бошқармаси раҳбари Неъматулло Таваров.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи “алоқалар муҳим бўлмаган” давлатлар ичида Ўзбекистонни ҳам санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтда Ўзбекистондан кирадиган моллар миқдори кескин камайиб кетди.

- Бунинг сабаби вилоятга олиб келинадиган маҳсулот (селитра ва бошқа минерал ўғитлар ҳам шунга киради) камайди. Чунки Ўзбекистоннинг ўзида бу маҳсулотларга эҳтиёж катта бўлганга ўхшайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда божхона тўловлари ниҳоятда юқори. Мутахассисларимизнинг ҳисобига кўра, бу божхона тўловлари Европа давлатлари даражасида. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондан кирадиган мол ҳажми камайиб бормоқда, дейди Неъматулло Таваров.

Божхоначининг айтишича, контрабанда йўли билан Ўзбекистондан ўтадиган молларнинг миқдори ҳам оз.

Таҳлилчиларнинг фикрича эса минтакага олиб кирилаётган контрабанда моллари миқдори миллионлаб долларни ташкил этади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган молларнинг асосий қисми Сўғд вилоятига ноқонуний йўл билан кириб келади.

- Икки давлат - Тожикстон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш, савдо алоқалари яхши йўлга қўйилмагани чегарадаги қонунбузарлик ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, чегараларда турган божхоначи, милиция ва чегарачиларга жуда қўл келаяпти. Улар бундан манфаатдор бўлишаяпти, дейди таҳлилчи Бахтиёр Валиев.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган уч ой давомида Сўғдда қарийб 600 минг тонна контрабанда моли қўлга олинган. Вилоят билан чегарадош Ўзбекистоннинг Бекобод, Олмалиқ, Ховос, Бешариқ, Қўқон, Ургут, Жиззах туманларида жойлашган чегара-назорат постларида ҳар куни минглаб тонна хилма-хил ноқонуний юклар айнан чегарчилар ва божхоначиларнинг кўз олдида ўтиб келади.

- Давлат раҳбарлари неча марта турли саммиту тантаналарда учрашишади. Қизиғи шундаки, бу учрашувлар сони қанча кўп бўлса, оддий халқ елкасига тушадиган оғирлик шунча вазминлашаяпти. Ахир халқ манфаатини кўзламайдиган бу учрашувларнинг нима кераги бор, дейди сўғдлик зиёли Турсунали Алиев.

Кузатувчиларнинг айтишларича, қўшни вилоятлар раҳбарлари - Ўзбекистон томони хам, Тожикистон томони хам иқтисодий хамкорликларнинг яхши бўлишини чин дилдан исташади. Вилоят ҳукумати чегарага яқин ҳудудларда умумий бозорлар ташкил қилишни ҳам режалаштирилган эди. Маълумотларга кўра, бу ва бошқа ҳамкорликлар ҳақида Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларига таклифлар берилган. Лекин у томондан жавоб бўлмаяпти. Кузатувчиларга кўра, бунга иқтисодий ҳамкорлик жилови вилоят раҳбарлари қўлида бўлмагани сабабдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG