Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:47

Тожикистонда ҳизбчиларни тутишга янги баҳона топилди


Ҳизбут-Таҳрир аъзолари аввалроқ Роғун ГЭСи акцияларининг аҳолига мажбурлаб сотилиши шариатга номувофиқлиги ҳақида баёнот тарқатгандилар.
Ҳизбут-Таҳрир аъзолари аввалроқ Роғун ГЭСи акцияларининг аҳолига мажбурлаб сотилиши шариатга номувофиқлиги ҳақида баёнот тарқатгандилар.

Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ўн кун аввал икки ҳизбчини Роғун ГЭСини портлатишга қасд қилганликда гумонлаб, ҳибсга олган. Аммо қўлга олинганларнинг яқинлари бу айбловлар қуруқ туҳматдан бошқа нарса эмаслигини таъкидламоқдалар.

Тожикистон фуқаролари бўлган Юсуфжон Ҳафизов ва Камолхон Салоҳиддинов 20 апрел куни Душанбе шаҳрининг шимолий қисмидаги “Северний” бозорида миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

- Бозорда уларни қўлга олиш пайтида одамлар тўпланиб, “Нега бу йигитларни ушлаяпсизлар?” деб сўрашганида, фуқаролик кийимида бўлган шахслар ҳужжат кўрсатиб, миллий хавфсизликдан эканларини ва бу икки нафар Роғун ГЭСни портлатмоқчи бўлгани учун қўлга олинаётганини айтишган. Кейин уларнинг қўлларини орқага қайириб, машинага жойлаб олиб кетишган. Мен воқеа жойида йўқ эдим, лекин буни менга ўша воқеага гувоҳ кишилар айтиб беришди, дер экан Камолхон Салоҳиддиновнинг укаси Жамолхон МХХ ходимлари шу йўл билан йиғилган халойиқнинг бу икки нафарга нисбатан нафратини қўзғатиш мақсадида уларнинг қўлга олинишидаги асл мақсадни яширган бўлиши мумкин, дея мулоҳаза билдиради.

Суҳбатдошимиз акасининг Ҳизбут-Таҳрир аъзоси эканини инкор қилмас экан, улар айнан ҳизбчи бўлгани учун эмас, балки асосланмаган айблар билан қўлга олганидан ва бу айблов ортидан акаси кўргиликларга дучор бўлиши мумкинлигидан ташвишдалигини айтди.

Жамолхон акаси қўлга олинган кундан 9 кун ўтганига қарамай, шу кунгача на оқловчиси ва на яқинлари у билан учраштирилмаётганидан шикоят қилди.

Жамолхон шу вақт орасида онаси билан Душанбедаги бир қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилотларига мурожаат қилганини, бироқ бундан фойда чиқмаганини айтади.

- Улар, биз ўйлагандек, катта масштабда фаолият қилишмас экан. Бу ерда вазият бошқачароқ. Тожикистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари кўпроқ жамоатчилик масалалари бўйича иш олиб боришар экан. Шунинг учун энди ўз кучим билан акамни ҳимоялашга бел боғладим, дейди Жамолхон.

Аснода Тожикистон МХХ қўмитаси масъуллари мавзу юзасидан биз билан суҳбатлашишни исташмади ва саволлар билан ёзма тарзда мурожаат қилишимиз лозимлигини таъкидлашди.

Аммо айрим ишончли манбаларга кўра, шу йил бошида Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти бир баёнот билан чиқиб, Роғун акцияларини сотувига чиқариш бу ислом қадриятларига зид эканини таъкидлаган. Шуни назарга олган ҳолда, Ҳизбут-Таҳрир баёнотида мазкур гидроиншоот учун шу шаклда маблағ тўплаш ҳаром экани айтилган.

Эътиборли жиҳати шуки, Роғун акциялари сотувга чиқарилган январ ойида Тожикистондаги дин уламолари мазкур акцияларини сотиб олиш садақаи жория эканини таъкидлашиб, аҳолини акция сотиб олишга даъват қилган эди.

Қайд этиш жоизки, Ҳизбут-Таҳрирнинг Роғун бўйича баёнотида мазкур партия аъзоларининг қўлга олиниши ташкилотнинг Тожикистон ҳудудида фаоллашишига тўсиқ бўла олмаслиги уқтирилган.

Ўша баёнотда Тожикистон МХХ ходимлари қўлга олинган ҳизбчиларга нисбатан қийноқлар қўлланаётгани ва ҳатто тергов чоғида ўлдириш ҳолатлари ҳам қайдга олинаётгани айтилган.

Тожикистон ҳудудида Ҳизбут-Таҳрир фаолияти 2001 йилда мамлакат Олий суди қарори билан таъқиқлаб қўйилган эди.

Бу қарорнинг кучга кириши ортидан тожик жамиятида мазкур ташкилот ғояларини тарғиб қилувчи адабиётлар, варақаларни мамлакат ичкарисига киритиш ва ҳатто бу ташкилот сайтларига кириш ҳам таъқиқланган.
XS
SM
MD
LG