Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:45

Греция бўҳрони бутун Европага таҳдид солмоқда


Европа раҳбарлари халқаро молия гуруҳлари билан биргаликда Греция бўҳронига даво изламоқда.
Европа раҳбарлари халқаро молия гуруҳлари билан биргаликда Греция бўҳронига даво изламоқда.

Жаҳон расмийлари қарзга ботган Греция ҳукуматига ёрдам бериш учун зудлик билан амалий чоралар кўришга уринмоқда. Бугун уларни мазкур бўҳроннинг молия бозорлари ва бошқа давлатларга ёйилиш хавфи ташвишга солмоқда.

29 апрел куни Европа Mарказий банки бошқарувчилар кенгаши аъзоси Аксел Вебер, агар Греция инқирозга юз тутса, унинг зарари “чексиз бўлишини” айтди.

Греция Бош вазири Георгиос Папандреу ҳам Афина ҳукуматининг қарзлари билан боғлиқ бўҳрон Европа, қолаверса, жаҳон иқтисодиёти учун “фожиали” бўлиши мумкинлигини айтди.

Чоршанба куни Берлинда Германия ҳукумати расмийлари ва Европа марказий банки президенти Жан Клод Трише билан учрашувдан сўнг Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан халқаро ҳамжамият Грециядаги бўҳронга бефарқ эмаслигини айтди.

- Грециядаги иқтисодий вазият бугунги куннинг асосий масаласи экани¸ шубҳасиз. Греция евро ҳудудининг бир қисми бўлгани учун, муштарак евро ҳудуди тизимининг бир қисми бўлгани учун бу фақат бир мамлакатнинг муаммоси эмас. Айни пайтда бу евро ҳудудига бўлган ишонч масаласидир. Шу боис биз тезда чоралар кўришимиз лозим, деди Халқаро валюта жамғармаси раҳбари.

Германия депутатларига кўра, Стросс-Кан Греция муаммосини ҳал қилиш учун 120 миллиард евро керак бўлиши мумкинлигини¸ бу эса Халқаро валюта жамғармаси ва евро ҳудудига аъзо давлатлар келишиб олган қутқариш режасида назарда тутилган маблағдан қарийиб уч баробар кўп эканини айтган.

АҚШ президенти Барак Обама чоршанба куни Германия Канцлери Ангела Меркел билан телефон орқали сўзлашди. Мулоқот чоғида Грециядаги молиявий бўҳронини ҳал қилиш учун амалий чоралар кўриш ҳақида келишиб олинди. Германия раҳбари бутун евро ҳудудини қутқариш учун Грецияга халқаро молиявий ёрдам кўрсатиш жараёни тезлаштирилиши кераклигини айтди.

Греция ҳукумати қарзлари борасида юзага чиққан бўҳрон Европанинг молия бозорларига салбий таъсир этмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Бош котиби Ангел Гурриа 2008 йилда Lehman Brothers ширкати инқирозга юз тутганидан кейин АҚШ ҳукумати инқироздан қутқариш дастурини қабул қилгани каби Европа ҳам ўзининг 700 миллиард долларлик қутқариш дастурини ишлаб чиқиши кераклигини айтди.

Айни пайтда Европа давлатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари Греция муаммосини ҳал қилиш борасида қизғин сўзлашувлар олиб бормоқда.

Чоршанба куни Франциянинг Бюджет масалалари бўйича вазири Франкос Барон Грецияда вазият барқарор бўлиши учун евро ҳудуди, Европа марказий банки, ХВЖ ва ЕИ ёрдам қўлини чўзишига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Греция Бош вазири Георгиос Папандреу ўз мамлакати молиявий ёрдам сўрамаётгани балки Афина ҳукумати “адолатли шартлар” асосида қарзлар берилишини сўраётганини айтди.

- Бу Греция ҳукумати дуч келаётган ягона муаммо эмас. Айни пайтда¸ бу Греция ҳукумати якка ўзи ҳал қила оладиган муаммо ҳам эмас. Биз Европа иттифоқи ўз қонун-қоидаларига эга эканини яхши биламиз. Бундай вазиятда Европа нима қила олиши мумкинлиги ёки тез фурсатда қарор қабул қилинмаётгани борасида танқидий фикрлар билдирилди. Айни пайтда, ўтган ой ташкилотлар, сиёсий чекловлар бўйича деярли ҳар қачонгидан тез фурсатда қарорлар қабул қилинди. Менимча, бу ҳам Европа нима қила олиши мумкинлиги хусусида олдинга ташланган ижобий қадам, деди Греция Бош вазири.

29 апрел куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида Иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича Европа иттифоқи комиссари Олли Рейн Грецияга ёрдам кўрсатиш бўйича қарор тез кунларда қабул қилинишини айтди.

- Мен музокаралар келаси кунларда тугашига ишонаман. Сўзлашувлар натижасида молиявий ва структуравий ўзгаришларга амалга ошириш назарда тутилган кўп йилга мўлжалланган дастур қабул қилиниши билан тугашига ишонаман, деди Иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича Европа иттифоқи комиссари Олли Рейн.
XS
SM
MD
LG