Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:52

Тошкент йиғини бойкот қилинди


Айни кунларда¸ Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Осиë тараққиëт банки йиллик йиғинининг Тошкентда ўтказилишини мамлакатдаги ютуқлар эътирофи дея тақдим этмоқда.
Айни кунларда¸ Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Осиë тараққиëт банки йиллик йиғинининг Тошкентда ўтказилишини мамлакатдаги ютуқлар эътирофи дея тақдим этмоқда.

Осиё тараққиёт банки фаолиятини кузатиб борувчи Нодавлат ташкилотлари форуми банкнинг 1-4 май кунлари Тошкентда бўладиган 43- йиллик мажлисини Ўзбекистон ҳукуматининг репрессив сиëсатига норозилик тариқасида бойкот қилди.



Нодавлат ташкилотлари форуми вакили Ромил Ҳернандезнинг Озодлик радиосига айтишича, бу йиғиннинг инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги мунтазам топталадиган, ҳуқуқ фаоллари таъқиб ва тазйиқ остига олинадиган репрессив мамлакатда ўтказилаётгани учрашув бойкот қилиниши ортидаги асосий сабабдир.

- Осиё тараққиёт банки ҳар доим ўзини инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги ғояларининг тарғиботчиси эканини даъво қилиб келади. Банк ўз йиғинини Тошкентда ўтказиш билан ўзининг бу иддаоларини йўққа чиқармоқда, деди Ромил Ҳернандез.

Европадан тортиб Осиё ва Тинч океани минтақасигача ёйилган худудда 250 дан зиёд аъзосига эга бу ташкилот 1992 йилдан бери Осиё тараққиёт банки лойиҳа ва дастурларини мониторинг қилиб боради ва бу давр ичида банкнинг бир қатор стратегик лойиҳалари ўзгартирилишига ўз таъсирини ўтказа олган.

Нодавлат ташкилотлари форуми шу йил январ ойида Осиё тараққиёт банкига мурожаат билан чиқиб, Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакилларининг 1–4 май кунлари Тошкентда очилажак йиллик йиғинида қатнашиши, қатор долзарб масалалар муҳокамасига минтақа фуқаролик жамияти вакилларини ҳам жалб этилиши, шунингдек, йиғин пайти фуқаролик жамияти вакилларининг тинч намойиш ўтказишларига кафолат берилишини сўраган эди. Аммо бу мурожаат банк тарафидан эътиборсиз қолди.

- Банк бошқаруви аъзолари қатнашадиган бу каби йиллик учрашувлар нафақат молия муассасалари, балки фуқаролик жамияти вакиллари учун ҳам долзарб масалаларни кўтариб чиқишларига қулай фурсатдир. Йиғиннинг репрессив давлатда ўтказилиши эса бундай муҳокамалар самарасини йўққа чиқармоқда. Банк фуқаровий жамият вакилларининг пул ювиш, коррупция масалалари у ёқда турсин, ўз фаолиятига доир масалалар ҳақида мубоҳаса қилишлари мумкинлигига кафолот беролмаяпти. Бундан кўринадики, банк мустабид давлатда инсон ҳуқуқлари топталишини билвосита қўллаб-қувватламоқда, дейди Ромил Ҳернандез.

Нодавлат ташкилотлари форумининг Марказий Осиё бўйича вакилларидан бири Майя Эралиеванинг айтишича, Осиё тараққиёт банки Нодавлат ташкилотлари форуми аъзоларининг учрашувда қатнашишларига эътироз билдираётгани йўқ.

- Банк йиғинида қатнашишимиз мумкин эди. Лекин Тошкентга фақат учрашув доирасидаги муҳокамаларга боришдан маъно йўқ. Банк расмийлари билан Манилада ҳам учраша оламиз. Лекин улар банк йиғини ташқарисида ўзимиз тадбирлар ўтказишимизга имкон берилмаяпти. Қолаверса, тармоғимизга кирувчи айрим аъзоларимиз Ўзбекистонда "қора рўйхат"га киритилгани боис улар Тошкентга бора олишмайди, деди Майя Эралиева.

Нодавлат ташкилотлари форуми Тошкентда Осиё тараққиёт банки ўтаётган бир пайтда жойларда оддий одамлар билан учрашувлар ва намойишларни ўтказишни ҳам кўзлаётган эди. Аммо Ўзбекистондек давлатда бу имконсиз эканини тушуниб етдик, дейди Майя Эралиева.

- Ташкилотимиз бош мақсадларидан бири банк фаолияти ҳақида аҳолини огоҳ этиш. Жойларда, айниқса, қишлоқ жойларида Осиё банки доирасида қандай ишлар олиб бориляпти, бу лойиҳалар оддий одамлар ҳаётига қандай таъсир қиляпти, оддий аҳолининг бунга муносабатини ўрганиш. Сабаби одамлар ҳам бу борада банкга фикр билдиришга ҳақли. Одатда биз ҳар сафар Осиё банки йиғинлари пайти намойишлар ўтказамиз. Бундай намойишларни Индонезияда ҳам, Япониянинг Киото шаҳридаги учрашувда ҳам ўтказганмиз. Маҳаллий фуқаролик жамияти вакилларини тўплаб, молия институтларини ислоҳ қилиш, мамлакатларимизга ажратилаётган молиялар нақадар самарали сарфланмоқда деган саволларни кўтариб, учрашувлар ўтказганмиз. Лекин бу сафар Ўзбекистонда фуқаролик жамияти учун бундай имконият берилмади, деди Майя Эралиева.

Шунингдек, Озодлик радиоси ҳам Осиё банки йиғинини ёритиш учун ўз мухбирини Тошкентга юбориш учун аккредитация сўраб, банк раҳбариятига мурожаат қилди. Банк Озодлик мухбирига аккредитация бериши мумкинлиги, аммо Ўзбекистон Tашқи ишлар вазирлигидан ҳам ватинчалик аккредитация олиш шарти қўйилганини маълум қилди. Ўзбекистон Tашқи ишлар вазирлиги эса Озодлик мухбирини вақтинча аккредитация қила олмаслиги ҳақида расман билдирди.

- Одатда банк йиғинларида ҳукуматларнинг аккредитацияси шарт эмас. Шу пайтгача, Бали, Киото, Мадридда бўлган учрашувларда журналистларга бундай талаблар қўйилмаган эди. Афтидан Осиё тараққиёт банки бу ерда Ўзбекистон ҳукумати ноғорасига ўйнаяпти. Аслида, банкнинг ҳукуматларга ўз таъсирини ўтказа оладиган даражада салоҳияти бор, дейди Нодавлат ташкилотлари форуми вакили Ромил Ҳернандез.

Ўзбекистондаги бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Осиё тараққиёт банкининг Тошкентдаги йиғинига кириш ҳаракатида. Ҳозирча, уларнинг ҳам аризалари жавобсиз бўляпти. Тошкентдаги инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам учрашувда қатнашиш учун ариза берган.

- Қани эди саммит бўлса ва бир нарса жойига тушадиган бўлса. Олдиндан айтишим мумкин бундан Ўзбекистон фуқароларига ҳеч қанақа бир фойда келмайди. У кредит оладими қаëққа кетади? Ким қанчасини ўғирлаб кетди ҳеч кимга маълум бўлмайди. Мен бир неча марта "Ҳеч бўлмаса жамоат ташкилотлари бўладими¸ ҳуқуқ ҳимоячилари бўладими бериладиган кредит орқали жалб қилинглар. Булар кузатсин" деб бу масалани қўйганман. Олинган кредит маблағига нима қилинаëтганини булар текширсин. Вақти келиб пулларни қайтариш керакку. Ҳозир ҳаммаси еб кетаверса¸ ҳеч нарсанинг дараги йўқ. иқтисод тушиб кетаяпти¸ булар пул олиб ëтибди. Қаëққа кетаяпти бу пул ҳеч ким билмайди¸ дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG