Линклар

Андижонлик қочқин аëл МХХ фитнасига алданди

  • Фаррух Юсуфий

Тақводор аëл саналган Дилором Абдуқодирова чоршанба куни суд мажлисига рўмолсиз бир ҳолда олиб келинган.

Тақводор аëл саналган Дилором Абдуқодирова чоршанба куни суд мажлисига рўмолсиз бир ҳолда олиб келинган.

Турмуш ўртоғи орқали босим қилиб¸ ватанга қайтса тазйиққа учрамаслиги ҳақида оғзаки ваъда берган МХХ ходимлари тўрига тушган андижонлик қочқин аëл Дилором Абдуқодирова шу кунларда ҳибсхонада қийноқлар дўли остида қолмоқда



Шу йил бошида Австралиядан Тошкентга қайтган Дилором Абдуқодирова Ўзбекистон жазо қонунининг 159-моддаси - конституциявий тузумга тажовуз қилиш каби қатор оғир жиноятларда айбланмоқда ва шу кунларда Андижонда суд қилинмоқда.

Абдуқодированинг чоршанба кунги суд мажлисига қай ҳолатда олиб келинганини унинг Австралияда қолган укаси Муҳаммаджон Мўминов тасвирлашга уринди.

- Ҳолати қанақа десангиз¸ анча тазйиқ¸ анча босимлар¸ қийноқлар бўлибди шекилли - ҳамма опа-сингиллари йиғлашаяпти. Кўнгли юмшоқ у аëлларнинг. "Ҳозир ҳолатини кўриб қийналиб кетдик, шунақа ҳам бўладими?" дейишаяпти. Юзларида шиш бор экан. Юз-кўзларида кўкарган ҳолатлари кўриниб турибди, деб айтишаяпти. Опамизга қаттиқ тайинлашибди шекилли: “Яқинларингиз томонга юзингизни қаратсангиз¸ ўзингиздан кўринг” деб қаттиқ нима қилишган шекилли¸ опам бечора уларнинг юзига қарамасдан, нариги томонга қараб йиғлаганича ўтираверибди, деди Муҳаммаджон.

Абдуқодированинг яқинлари унинг кўринишидан судланувчига нисбатан қийноқлар қўлланганига шубҳа қилаётгани йўқ.

Абдуқодированинг иши кўриб чиқилаётган Андижон вилоят суди вакиллари маҳбусанинг қийноққа солингани ва умуман бу иш юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

Озодлик: Бу Андижон вилоят судими?

- Ҳа.

Озодлик: Яхшимиз ака. Менинг исмим Фаррух Юсуфий. Мен сизга Озодлик радиосидан телефон қилиб турибман. Дилором Абдуқодирова устидан ўтказилаëтган суд ҳақида сўрамоқчи эдим. Кейинги маҳкама қачон бўлади?

- Билмадим ака мен.

Озодлик: Мен ким билан гаплашаяпман?

- Билмадим. Маълумот бера олмаймиз ака.

Озодлик: Қийоқларга солингани ҳақидаги иддаоларга нима дейсизлар?

........................¸ дея телефон гўшагини қўйиб қўйди Андижон вилоят судининг ўзини таништирмаган ходими.

Айни пайтда, Абдуқодированинг яқинлари ва “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти вакиллари Австралиядан бошпана топган аёл Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан турли алдов йўллари билан ватанига қайтарилганини айтмоқда.

Дилором Абдуқодированинг укаси Муҳаммаджон “поччам опамнинг қайтиши” ҳақида Андижон вилоят Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимларидан бири билан келишиб олган эди, дейди.

- Поччамиз бу воқеалар ривожи бўлишидан олдин бир СНБ ходими бир таниш ўртоғи бор экан. Ўша билан гаплашганда “Келсин. Мен ўзим кутиб оламан. Ҳеч нарса бўлмайди. Ака сиқилаверманг. Президентимиз аëлларга тегмаймиз деган. Мен ўзим неча марта эшитганман. Мен ўзим кафил. Келадиган бўлгандан кейин келадиган куни ўзимиз кутиб оламиз. Уйга киргандан кейин табиий меҳмон бўлади уч-тўрт кун. Кузатгандан кейин сал хотиржам бўлганингларда ўзинглар бирга чиқсанглар¸ рўйхатга олиб¸ бир қатор сўроқ-савол қилиб қўяди. Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ” деб таниши кафиллик берган эди¸ дейди Муҳаммаджон Мўминов.

Турли мамалкатлардаги андижонлик қочқинларни бирлаштирган “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти вакили Нурилло Мақсудов ҳам Абдуқодирова Ўзбекистон махсус хизматлари қўйган тузоқ қурбони бўлди, деган фикрда. Нурилло Мақсудов “биз Дилоромхонни Ўзбекистонга қайтиш ниятидан қайтаришга ҳаракат ҳам қилдик”, дейди.

- Унинг ҳаракатини қилдик. Ўзбекистонда хавф борлигини Дилоромхоннинг ўзига ҳам айтганмиз.

Озодлик: Хавф бор¸ деб айтган эдингизларми?

- Ҳа. “Мана шунақа томони бор. Буни ҳис қилиб турибмиз. Давлат ваъда бериб ваъдаларида турмаяпти. Бу ҳам уларнинг навбатдаги макри бўлса керак” деб айтганмиз. У нимага ишониб юборди десангиз¸ Ўзбекистондаги турмуш ўртоғи ҳар куни телефон қилавериб “Келаверинг энди. Маҳалла фаоллари ҳам¸ участковой ҳам¸ ҳатто СНБ ва ички ишлардаги танишларим ҳам айтаяптики¸ келаверсин¸ аëлингизга ҳеч нарса бўлмайди деяпти” деб қанақадир макр-ҳийлалар билан ишонтириб юборган, дейди “Андижон - Адолат ва тикланиш” ташкилоти фаолларидан бири.

Дилором Абдуқодирова шу йилнинг январ ойида, турмуш ўртоғининг узоқ давом этган қистовларидан кейин Ўзбекистонга қайтади. Уни Тошкент аэропортига кутиб олгани эри Рустам Абдуқодиров ва яқинларидан бир неча киши чиқади. Унинг хавфсизлиги кафолатини берган МХХ ходими ўша куни иш чиқиб қолди, деб Тошкентга улар билан бирга бормади, дея гапириб беради Муҳаммаджон Мўминов.

- Тошкентга бориб кутиб олишган. Лекин у паспорт нимасида ушлаб қолинган. Сўроқ-савол шу ерда бошланган экан. Кейин улар бу ердан туриб ўша танишига боғланганда¸ “Телефонни ходимга беринг” деган. Ходимга берганда “Улар бизга қарашли. Имкон бўлса¸ чиройли қилиб кузатиб юборсангизлар” деса¸ “Ака майлию¸ буни энди компьютерга киргизиб қўйганмиз. Буни ҳамма бошлиқлар кўради. Ўшанга бир қатор сўроқ-савол қилиб кузатиб қўямиз” деган экан. Кейин у ерда олиб қолиб¸ акаларимга¸ поччаларимга чиқиб “Сешанба куни келсанглар олиб кетасизлар. Биз ҳужжатларини тайëр қилиб қўямиз. Бемалол олиб кетишинглар мумкин. Хижолат бўлманглар” деб уларни хотиржам қилиб жўнатишган. Сешанба куни бориб олиб кетишган. Бемалол уйларига бориб “фарзандларингизни бағрингизга босинг” деб рухсат беришган. 10-15 кундан кейин участка пунктига чақирган. Ундан кейин район идорасига чақирган. Ундан кейин шаҳар Ички ишлар бўлимига чақириб¸ ўша ерда чиқармаган. Шундан бери шу ҳолат давом этаяпти. Опамизнинг қийноққа солинишини биз кутмаган эдик. Президентимиз “Биз аëлларга тегмаймиз. 2005 йил 13 майда оломонга қўшилиб ташқарига чиқиб кетган аëллар келаверсин. Президентимиз уларни авф этган” деган мурожаатларни кўп эшитиб келганмиз¸ дейди Муҳаммаджон.

“Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти вакили Нурилло Мақсудов, бундан кейин андижонлик қочқинлар орасида қайтиш ниятида бўлганларни тўхтатишга ҳаракат қиламиз, дейди.

- Ҳаракат қиламиз. Ҳеч қанақа йўл бермаймиз энди. Чивинни ҳам киргизмасликка ҳаракат қиламиз энди у ëққа токи ўша ердаги бошқарув ўзгармагунча, дейди “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти вакили.

Дилором Абдуқодирова устидан ўтказилаётган маҳкаманинг 30 апрел жума куни давом этиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG