Линклар

logo-print

Москвада Ўзбекистон исломий ҳаракати фаоллари овланмоқда


Март ойида Москва метро бекатларида юз берган портлашлардан сўнг Россия хавфсизлик кучлари эҳтимолий террорчиларни ов қилишни кучайтирмоқда.

Март ойида Москва метро бекатларида юз берган портлашлардан сўнг Россия хавфсизлик кучлари эҳтимолий террорчиларни ов қилишни кучайтирмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси берган маълумотга кўра, Москвада икки нафар тожикистонлик Россия хавфсизлик идоралари томонидан Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланиб қўлга олинган.


Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рауф Юсупов бу шахслар номининг тергов манфаатлари йўлида ҳозирча ошкора қилинмаслигини билдирди. Тожик расмийси ҳозирда уларни Россиядан Тожикистонга бадарға қилиш учун материал тўпланаётгани ва россиялик ҳамкасблари билан доимий алоқада эканлигини маълум қилди:

- Бу гуруҳ раҳбарлари Россия Федерациясида жойлашиб олишган эди. Россиянинг пойтахти Москва шаҳридан туриб улар меҳнат муҳожирлигига бораётган ёшларни ҳар хил йўл ва воситалар билан Ўзбекистон исломий ҳаракатига жалб қилишга уринишган. Аъзолиги учун улардан олинган маблағлар гуруҳ раҳбарлари томонидан ўз оилалари ва майда террорчи гуруҳларни молиялаштириш учун сарфланган. Бу террорчилик гуруҳларининг бир қатор аъзолари мана яқинда йўқ қилинган эди, яна бир нечтасига эса қидирув эълон қилинди. Мана шу гуруҳларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар ҳар ойда бир молиявий ёрдам жамлаб жўнатиб туришган. Уларнинг жойи аниқланганидан кейин Россия ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди, деди Озодлик билан суҳбатда Рауф Юсупов.

Сўғд Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг сўзларига биноан, Ўзбекистон исломий ҳаракати Тожикистон шимолий қисмини ўзига қароргоҳ сифатида танлаган. Генерал Юсупов¸биргина 2009 йили Сўғд вилоятида 41 нафар Тожикистон фуқаросининг ЎИҲ аъзолигида гумонланиб қўлга олинганини бунга мисол тариқасида келтиради. Бу шахсларга нисбатан суд томонидан узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланган. Шунингдек, 2009 йилнинг 5 август куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тавилдарада Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 11 жангариси ўлдирилгани, 20 нафари асир олинганини даъво қилган.

Сўғд Ички ишлар бошқармаси қўлга олинган шахсларни Шимолий Тожикистон, хусусан, Исфара туманида, содир этилган бир қатор оғир жиноятлар, жумладан милиция ходимларининг ўлдирилиши ва суиқасдда айбламоқда ва тўпланган материаллар асосида жиноий иш қўзғатган.

Тожикистонлик маҳаллий кузатувчи Али Бозравининг фикрига кўра¸ Россия ва Тожикистон ўртасида террорчи гуруҳларда аъзоликда гумонланган шахсларни қўлга олиш ва экстрадиция қилиш борасида махфий шартнома имзоланган. Москвада қўлга олинган шахсларнинг бадарға қилиниши айнан шу шартнома юзасидан амалга оширилмоқда:

- Албатта, ҳар бир давлат ўз ички ишлар ходимлари ва фуқаролари хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилади. Москва метросида ва бошқа ҳудудларда содир этилган қонли портлашлар Россия ҳукуматини мамлакатда қайд этилган хорижий фуқароларга ўз эътиборини қаратишга мажбур этди, деди тожикистонлик маҳаллий кузатувчи Али Бозрави.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинган шахсларнинг икки давлат¸ Россия ва Тожикистон фуқаролигига эга бўлишлари Россияда бемалол ўз ноқонуний фаолиятлари билан шуғулланишларига имконият яратиб берган.

Россиялик ҳарбий эксперт Лев Корольковнинг Deutsche Welle га билдирган фикрига кўра, Афғонистонда АҚШ ва Ғарб давлатлари бошлаган аксилтеррор операцияси натижасида ЎИҲ аъзолари Марказий Осиё давлатлари, хусусан Тожикистонга кўчишни бошлаган. Айнан Тожикистон ва Қирғизистоннинг минтақада энг нотинч ва чегаралари нисбатан яхши қўриқланмаслиги таъкидлай туриб Лев Корольков “Баъзи оператив маълумотларга кўра, Бишкек воқеаларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳам иштирок этган” деган тахминни илгари суради.

Айни пайтда Озодликнинг Хўжанддаги мухбири Алишер, куч ишлатар тизимлари шу тариқа Тожикистон ҳукумати учун “ноқулай” бўлган шахсларни бартараф этишга киришганини айтади:

- Тожикистоннинг бир қатлами умуман бу ҳаракат ҳақида тасаввурга эга эмас. Нималигини ҳам билмайди. Тожикистонликлар¸ айниқса тожиклар айтаяптики¸ “Ўзбекистон исломий ҳаракатига тожикларнинг нима алоқаси бор? Бу куч ишлатар тизимларнинг¸ ҳукуматнинг олиб бораëтган сиëсати бўлаяпти” деяптида. Айрим газеталарда бор. Ҳукумат газеталарида бу ҳақда деярли ҳеч нарса ëзилмайди. ЎИҲ ҳақида асосан мустақил ва шахсий газеталар ëзади¸ дейди Озодликнинг Тожикистондаги мухбири Алишер.

Олдинроқ Хўжандда икки милиция ходимининг Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланиб қўлга олинган Россия фуқароси Исмон Бобоев ўлимига алоқадорлиги текширилаëтгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, 2008 ва 2009 йилларда Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг бир қатор аъзолари милиция вакиллари томонидан худди шу шаклда ўлдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG