Линклар

Луизиана соҳилни нефтдан тозалаш учун 6000 аскар сўради


АҚШнинг Луизиана штати расмийлари мамлакат мудофаа вазирлигига мурожаат қилиб, Мексика кўрфази соҳилига яқинлашиб келаётган нефт келтирадиган зарарни бартараф этиш учун 6 минг нафар ҳарбий хизматчини ёрдамга жўнатишни сўради.

Бу хабар пайдо бўлиши арафасида АҚШ президенти Барак Обама Мексика кўрфазидаги нефт қазиш платформасида юз берган ҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун барча куч ва ресурсларни ишга солмоқчи эканлиги тўғрисида баёнот берганди:

- Соҳил бўйини тозалаш юзасидан барча ишлар охир-оқибат Бритиш Петролеум ширкати томонидан молиялаштрилади. Ҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун маъмурият барча ресурсларни, шу жумладан, балки мудофаа вазирлиги воситаларини ҳам ишга солади, деган эди президент Обама.

Ўтган ҳафтада юз берган ҳалокат оқибатида, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Мексика кўрфазига кунига 5 минг баррел нефт оқмоқда.

Сув юзига оқиб чиқаётган нефтнинг шу кеча-кундуз ичида АҚШ соҳилига етиб бориши тахмин қилинмоқда.

Нефт қазиш платформаси портлаши оқибатида 11 ишчи ҳануз бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда.
XS
SM
MD
LG