Линклар

logo-print

Қирғизистонда Жамоатчилик телеканали ташкил этилди


Муваққат халқ ҳукумати Қирғизистонда демократик тизимларни мустаҳкамлаш ҳаракатини бошлади.

Муваққат халқ ҳукумати Қирғизистонда демократик тизимларни мустаҳкамлаш ҳаракатини бошлади.

Қирғизистон муваққат ҳукумати 30 апрел куни ўз декрети билан Марказий Осиёда ҳозирча ягона бўлган жамоатчилик телеканалига асос солди. Бундай ҳаракатнинг Қирғизистонда сўз эркинлиги ҳудудини кенгайтириши айтилмоқда.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг 30 апрел куни қабул қилган декретида айтилишича, давлат Миллий телеканалини Жамоатчилик телевидениесига айлантирилиши республикада сўз эркинлигини ривожланиши ва ҳокимият фаолиятининг шафоф бўлишини таъминлайдиган асосий омилдир.

Муваққат ҳукуматда конституциявий ислоҳотлар учун масъул бўлган Ўмурбек Текебаевга кўра, Миллий телеканалнинг Жамоатчилик телеканалига айлантириш жараёни уч ойлик муҳлат ичида якунланади.

- Биз бу масалада икки принципни уйғунлаштирмоқчимиз. Яъни телеканал давлат томонидан молиялаштирилади, бироқ унинг бошқарув тизими жамоатчилик қўлида бўлади. Фуқаролик жамияти вакилларидан иборат бўлган бошқарув гуруҳи телеканал сиёсатини аниқлайди ва телеканал раҳбарини тайинлайди. Ҳукумат телеканал фаолиятига мутлақо аралаша олмайди, деди Ўмурбек Текебаев.

Миллий телеканал Ақаев ва Бакиев ҳокимияти даврида бир томонлама ва нохолис ахборот тарқатганликда танқид қилиб келинган. Норозилик намойишлари иштирокчилари Миллий телеканални Жамоатчилик телеканалига айлантиришни, сўз эркинлиги кафолатланишини талаб қилганлар.

Қурмонбек Бакиев 2005 йил март инқилобидан сўнг Миллий телеканални Жамоатчилик телеканалига айлантириш ҳақида ваъда берган. Бироқ бу ваъда амалга оширилмаган.

Медиа экспертлар фикрича, давлат телеканалининг Жамоатчилик телевидениясига айлантирилиши Қирғизистоннинг демократик тараққиёти учун мухим бўлган босқичлардан биридир.

- Жамоатчилик телевидениеси¸ биринчи навбатда¸ ҳукумат даражасига жамоатчилик манфаатларини олиб чиқади. Ҳукуматнинг ўз манфаатларини ташвиқот қилишига йўл қўйилмайди. Жамоатчилик телеканали ҳукумат фаолиятининг ошкора ва шафоф бўлишини ҳам назорат қилади, дейди Бишкекдаги “Журналистлар” ташкилоти раҳбари Марат Тўқўев.

Медиа экспертлари фикрича, Муваққат ҳукумат декрети билангина Жамоатчилик телеканали барпо бўлиб қолмайди. Жамоатчилик телеканали тўлақонли фаолият кўрсатиши учун махсус қонун қабул қилиниши лозим.

Айни пайтда бир қатор нодавлат ташкилотлари бу борада махсус дастур ишлаб чиқмоқдалар ва бу дастур тез орада ҳукуматга тақдим этилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG