Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Эски шаҳарда 47 та ҳовли бузилмоқда


Айрим манбалар¸ ҳунармандлар растаси орқасидаги маҳалла бузилиб¸ ўрнига машиналар учун жой қилинишини айтмоқда.
Айрим манбалар¸ ҳунармандлар растаси орқасидаги маҳалла бузилиб¸ ўрнига машиналар учун жой қилинишини айтмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорига кўра бузилиши керак бўлган бу уй соҳибларига қаерга кўчиш, қаердан ер ёки уй берилиши ҳақида ҳали ҳеч нарса айтилмаган. Уйи бузиладиган оилалар бу масаланинг адолатли ҳал қилинишига умид қилмоқда.


Шаҳар ҳокимлигининг Тошкентни ободонлаштиришга оид қарорига кўра, Эски Жўва бозори ортидаги маҳаллада 47 хонадонни бузишаяпти¸ дейди ушбу маҳаллада яшовчи тошкентликлардан бири.

Тошкентлик Жаҳонгир Шосалимов Озодлик радиоси илтимоси билан ушбу маҳаллада бўлди. Унинг айтишича, Собир Раҳимов тумани БТИ (техник инвентаризация бюроси) ходимлари ҳозир бузилишга тушган хонадонларга кириб рўйхат тузмоқдалар. Одамларда ваҳима пайдо бўлган, чунки бу ҳақдаги хабар маҳалла аҳлига яқинда етказилган¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Айни гапни шундай хонадонлардан бирининг эгаси ҳам айтади:

- Совет даврида алоҳида жой қуриб берарди. Кейин кўчириб олиб чиқарди. Ер олганларга¸ моддий ëрдам бериларди. Ўша нарсалар ҳозир бизларда йўқ. Чегара бўлгандан кейин ўзгардими ўзгармадими¸ билмаймиз. Чегара бўлгандан кейин қонун-қоидалар ўзгаради. Ҳар бир давлатнинг ўзининг қонун-қоидаси бор. Бизнинг бу нарсага қаршилик жойимиз йўқ. Шу хонадонда яшаб турганларнинг уйини бузгандан кейин ҳовлисига қараб туриб жой бериш керак. Зўравонлик керак эмас бизларга. Ҳар битта хонадоннинг ҳовлисига қараб туриб жой берса¸ биз мамнун бўлардик. Давлатдан хурсанд бўлардик. Ҳеч бир инсон бу ерда жабр кўрмасин¸ демоқчимиз. Бу ерда ҳар хил ҳолатда яшаяпмиз ҳозир. Кам таъминланган хонадонлар бор¸ ўрта ҳолли хонадонлар бор. Рози қилса¸ қаршилик қилмаймиз. Ер берадиган бўлса¸ “Қуриб олгин барака топгур” деб пул берадиган бўлса¸ ҳеч бўлмаса фундаментларимизни қилиб берсин¸ рози бўлиб чиқиб кетардик биз¸ дейди бузилиш рўйхатига тушган хонадон аъзоларидан бири.

Ушбу суҳбатимиз тугамай туриб¸ уйи бузиладиган бошқа бир хонадон соҳибаси ҳам унга қўшилиш истагини билдирди:

- Яна бир аëл чиқаяпти. Гаплашасизми?

Озодлик: Яхши бўларди.

- Ало.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум. Келинойи яхшимисиз?

- Худога шукур.

Озодлик: Мен Садриддин. Журналистман. Мана уйлар бузилиб¸ аҳоли кўчирилаяпти экан. Сизларни рози қилаяптими йўқми¸ қаëққа кўчираяпти¸ шунга бир фикрингизни айтсангиз.

- Кўчираяпти¸ лекин бизга ҳали ҳеч нарса бергани йўқ. Бузинглар¸ деди. Шу билан ҳайрон қолиб турибмиз. Нима қилишни билмаяпмиз.

Озодлик: Қаëққа кўчиришини¸ нима қилишини айтаяптими?

- Айтмаяптида. Ҳеч нарса йўқ. Ҳеч бир хабар йўқ. Эски уйларни кўрсатишди бир-иккитасига. Улар ëқтиришмадими билмадим. Мана бизлар турибмиз. Бизларга ҳали ҳеч нарса айтишгани йўқ.

Озодлик: Сизларга “Фалонча числогача чиқиб кетинглар. Уй топинглар ëки ер берамиз ëки квартира берамиз” деб муҳлат бердими?

- Ҳеч қанақа муҳлат ҳам йўқ¸ берамиз деган жой ҳам йўқ. Ўзим шу ерда 65 йилдан ошиқ яшаяпман. Бешта боламнинг ҳаммаси шу ерда туғилган.

Озодлик: Хонадонда неча оила яшайсизлар?

- 11 нафар одам яшаймиз¸ невара-чевараларим билан.

Озодлик: Ҳокимиятдан “Уй берамиз¸ кўчирамиз¸ уйларингни бузамиз” деб айтадику.

- Айтди. Ҳокимиятимиз жуда яхши гап гапирди. “Сизлар хоҳлаган жойдан берамиз. Сизларни хафа қилмаймиз. Энди бузиш керак бу ëқни” деб бизларга айтдилар. Кўп одамлар бузди ҳам. Лекин ҳали жой кўрсатишгани йўқ. “Ер хоҳловчиларга ер берамиз” дейишди. Лекин бизларнинг участка қуришга қурбимиз етмайди. Пулимиз йўқ. Агар ўша участкани қуришга озгина ëрдам берса¸ балки оладиганлар ҳам бор¸ дейди бошқа бир хонадон соҳибаси.

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида қолган ҳовлиларни бузиш кимга ва нима учун керак бўлди? Бу саволга жавоб олиш мақсадида Собир Раҳимов тумани ҳокими ўринбосари Бердимурод Турсунов билан боғландик:

Озодлик: Эски Жўва бозори яқинида жойлашган маҳаллада 47 та уй бузилаяпти экан. Нима учун бузилаяпти шу уйлар?

Бердимурод Турсунов: Уни бош лойиҳага асосан бузишади¸ Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори бор. Шу қарорга асосан.

Озодлик: Хонадон эгаларига уйми ерми бериладими?

- Уни мен билмадим. БТИ нинг бошлиғи бор. Ўша жавоб берар. Мен бошқа ишлар билан шуғулланаман. Мен бу билан шуғулланаëтганим йўқ¸ деди Собир Раҳимов тумани ҳокими ўринбосари Бердимурод Турсунов.

Шундан сўнг, туман БТИ бошлиғи Равшан Ҳайдаров билан боғландик. Бироқ бу киши ҳам муҳокама қилинаëтган вазият юзасидан ҳеч қандай маълумот бермади:

Равшан Ҳайдаров: Телефонда маълумот бера олмайман ака.

Озодлик: Нимага?

Равшан Ҳайдаров: Билмайман¸ танимайман¸ кўрмаганман сизни. Мен танимайману акажон.

Озодлик: Мен журналистман. Озодлик радиосида ишлайман. Исмим Садриддин¸ фамилиям Ашуров.

- Қаерда ишласангиз ҳам мен бунақа маълумотни бера олмайман¸ дейди Собир Раҳимов тумани БТИ бошлиғи Равшан Ҳайдаров.

Ҳуқуқ фаоли Жаҳонгир Шосалимов бузиладиган уйларнинг ўрнида автомобиллар турадиган жой қурилади деган маълумот борлигини айтади:

- Менга бир ишончли манбанинг айтишига қараганда¸ Ички ишлар вазирлигиниг тавсиясига кўра¸ автомобиллар қатновига қийинчилик туғилганлиги сабабли стоянка қуриш¸ йўлни кенгайтириш тавсиясини шаҳар ҳокимияти инобатга олган ва шу бўйича шу хонадонлар бузилаяпти¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Тошкентда бундан аввал ҳам бир қанча маҳалла, турар уй-жой бинолари ободонлаштириш шиори остида бузилган эди. Бироқ уларнинг соҳиблари ҳукумат ўзларига адолатли товон пули тўламаганидан норози бўлган эди.
XS
SM
MD
LG