Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:12

Махфийлик тамғаси босилган қоғозлар тилга кирганда...


Яқинларгача 2-жаҳон урушига оид оддий фотосуратлар ҳам совет архивида махфийлик тамғаси остида сақланган.
Яқинларгача 2-жаҳон урушига оид оддий фотосуратлар ҳам совет архивида махфийлик тамғаси остида сақланган.

Россия ҳукумати 28 апрел куни 1940 йилда 22 минг поляк офицерларининг Катин қишлоғида НКВД томонидан қатлиом қилинганига оид махфий ҳужжатларни илк бор жамоатчиликка ошкор қилди. Ҳужжатлардан маълум бўлишича, полшалик зобитларнинг қирғини Совет ҳукумати - Политбюро аъзолари имзоси билан амалга оширилган.

Россия Федерал архив агентлиги раҳбари Андрей Артизовнинг Новости ахборот агентлигига билдиришича, ушбу ўта махфий ҳужжатлар мамлакат президенти Дмитрий Медведев топшириғи билан жамоатчиликка ошкор қилинган.

- Нима бўлганини одамлар кўрсин. Қарорни ким қабул қилганини, поляк зобитларини йўқ қилишга ким буйруқ берганини одамлар кўрсин. Ҳужжатларда ҳамма нарса бор. Имзолари турибди… Полшалик ҳамкорларимизга берилмаган яна бир қатор ҳужжатлар мавжуд. Мен бу ҳужжатларни уларга муайян амалиётлардан кейин топшириш тўғрисида буйруқ бердим, деди Россия президенти Дмитрий Медведев.

“Мемориал” жамияти аъзоси Ян Рагинскийнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, бу ҳужжатларнинг нусхалари аслида 1990 йилларнинг бошларида Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин томонидан Польшага топширилган. Кейинроқ бу ҳужжатлар полшалик тарихчилар томонидан матбуотда эълон ҳам қилинган.

2004 йилда Россия ҳарбий прокурорлари ушбу қатлиомни уруш жинояти деб тан олишдан бош тортиб, Катин фожиаси юзасидан олиб борилаётган тергов ишларини тўхтатган эди.

Ўтган ҳафта эса Россия Олий суди Катин фожиасига оид барча ҳужжатларнинг жамоатчиликка ошкор этилишига йўл очиб берувчи қарорни қабул қилди.

Россия тарихининг “қора доғлари”га оид архив материалларини ошкор этаётган бир даврда, Ўзбекистондаги архивларнинг бугунги ҳолатини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон кино, сурат ва овозли ҳужжатлар Марказий давлат архивига қўнғироқ қилдик:

Озодлик: Қандай қилиб мен сизнинг муассасангизда сақланаётган материаллар билан танишишим мумкин?

- Ташкилотдан бўлса¸ хат олиб келишингиз керак. Ўзингиз бўлсангиз¸ паспорт билан келиб ариза ëзасиз. Темасини¸ нима сабабдан қарамоқчисиз¸ айтасиз.

Озодлик: Чет эл фуқароси бўлса¸ қандай кириш мумкин?

- Чет эл фуқароси Ташқи ишлар вазирлигидан қоғоз олиб келади. “Архивга кириб ишлаши мумкин” деган рухсатнома олиб келингандан кейин чет эл фуқароси киритилади¸ деди Ўзбекистон кино, сурат ва овозли ҳужжатлар Марказий давлат архиви ходими.

Суҳбатимиз натижасида аниқландики, очиқ фондлар билан танишиб чиқиш учун Ўзбекистон фуқаросига ариза ёки тегишли муассаса хати билан мурожаат қилиш кифоя.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон яқин тарихига оид минглаб ҳужжатлар ҳамон ëпиқ фондларда қолмоқда ва бу ҳужжатлардан фойдаланиш қоидаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивига мурожаат қилдик:

Озодлик: Қандай қилиб мен, оддий фуқаро, Ўзбекистон Давлат архивида, масалан, 1920 йилларнинг қатағонларига оид ҳужжатларни кўришим мумкин?

- Йўқ. Қатағонларга оид материаллар бизда сақланмайди. Уларнинг барчаси Миллий хавфсизлик хизматида сақланади. Ариза ёзиб борасиз, кўриб чиқилади, кейин сизга конкрет жавоб берилади. Бунинг учун уйда ариза ёзасиз: Миллий хавфсизлик хизматига, сана, фалончиев фистончидан ( паспорт маълумотлари, уй манзили, телефон) ариза - шу сабаблар билан, шу мақсадда менга фалон архивларда ишлашга рухсат беришингизни сўраймиз. Шу ариза билан Зарафшон ресторани ёнидаги МХХ биносига борасиз ва ўша ерда турган соқчигами, офицергами ҳужжатларингизни топширасиз.

Озодлик: Раҳмат. Ўзи қонун бўйича Ўзбекистондаги архив ҳужжатларидан қанча муддатдан кейин махфийлик муҳри ечилади?

- Қонун юзасидан бизда ҳар 30 йилда бир ҳужжатлар қайта кўриб чиқилади. Аммо бу дегани¸ улардан махфийлик муҳри олиб ташланди¸ дегани эмас, деди Ўзбекистон марказий Давлат архиви мутассадиси.

Ўзбекистон Республикасининг “Архивлар тўғрисида” қонунига биноан “архив ҳужжатларидан фойдаланишга доир чеклашлар, ҳужжатлар тайёрланган вақтдан эътиборан 75 йил муддатга белгиланади… Архив ҳужжатларининг махфийлик даражаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлат ва тижорат сирини ўз ичига олган ҳужжатларидан фойдаланишга доир чеклашлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади” деб кўрсатилган.

Ўтган асрнинг 20- йилларига оид қатағон материаллари МХХ томонидан қўриқланса, улар қачон ва ким томонидан очилади?

Ўз илмий фаолиятининг каттагина қисмини архивларда¸ бир пайтлар махфий бўлган ҳужжатларни ўрнатишга сарфлаган адабиётшунос олим Наим Каримов бу жараëндан яхши хабардор:

- Категориялар бор. Давлат архивидаги шахсий архивларнинг эгалари фалон йилгача очиш мумкин эмас¸ деган шарт қўяди. Давлатнинг ўзининг архивлари 100 йил ўтгандан кейин очилса керак. Баъзан ҳужжатнинг махфийлик даражаси 100 йилга бормаслиги мумкин. Ўзбекистон тарихида фақат қатағон даври билан шуғулланганимда¸ ҳар ҳолда 1930-1950 йилларнинг архивлари биз учун очиқ эди¸ дейди Наим Каримов.

2004 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармаси "Ўзархив" агентлигига айлантирилди. Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда архив иши "Ўзархив" агентлиги қўл остига бирлаштирилди.

2009 йил апрелда “Ўзархив” агентлиги Халқаро Архивлар Кенгашига (ХАК) аъзо бўлди.
XS
SM
MD
LG