Линклар

Малик Қаюмов Сағбон қабристонига дафн қилинди


Ўзбек ҳужжатли киноси асосчиларидан бири¸ таниқли киноижодкор Малик Қаюмов 29 апрел куни Москвада оламдан ўтди.

У Россия ҳукумати таклифига кўра немис фашистлари устидан қозонилган ғалабанинг 65 йиллик тантаналарида иштирок этиш учун икки ойча олдин рафиқаси билан бирга фарзандлари яшаётган Москвага борган.

Малик Қаюмов 98 ёшда, баъзи маълумотларга кўра 99 ёшда оламдан ўтди.

1941 йилда Амир Темур сағанасинг очилиши¸ Катта Фарғона канали қурилиши¸ совет аскарларининг Берлинни ишғол қилгани¸ 1978 йилда совет қўшинларининг Афғонистонга кириши каби тарихий воқеалар Малик Қаюмов тарафидан кинотасмага муҳрланди.

Малик Қаюмов суратга олган Тошкентда газлама комбинати қурилиши ҳақидаги лавҳа 1938 йилда Ню Йорк халқаро кўргазмасида намойиш қилиниб олтин медалга лойиқ кўрилган.

Қаюмов Ўзбекистон Киночилар уюшмасига раҳбарлик қилган ва бир неча марта республика парламенти депутатлигига сайланган жамоат арбоби ҳамдир.

Малик Қаюмов ўлими ўзбек санъати учун катта йўқотишдир¸ деди таниқли киноижодкор Али Ҳамраев.

Ўзбекистон халқ артисти Малик Қаюмов вафоти муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти таъзия эълон қилди.

УзА ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган таъзияномада ўзбек маданияти ва санъати оғир жудоликка учрагани, улкан санъаткор, камтарин инсон, меҳрибон устоз Малик Қаюмовнинг ёрқин хотираси халқ қалбида доимо сақланиб қолиши билдирилган.

Ҳужжат остига ЎР Президенти Ислом Каримов, Сенат раиси Илгизар Собиров, Парламент Қуйи палатаси раиси Дилором Тошмуҳамедова, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва бошқалар имзо чеккан.
XS
SM
MD
LG