Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:24

Брюсселда Андижон қатлиоми хотирланади


Андижонлик қочқинлар Брюсселдаги ЕИ биноси олдида пикетга чиқдилар.
Андижонлик қочқинлар Брюсселдаги ЕИ биноси олдида пикетга чиқдилар.

Лондондаги Ўзбекистон ташаббус гуруҳи Халқаро амнистия, Андижон – Адолат ва тикланиш, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Андижон қатлиомининг беш йиллиги муносабати билан Брюсселда анжуман ўтказишга ҳозирланмоқда.

4 май куни Брюсселда бўладиган бу тадбирда 2005 йил 13 кунги Андижондаги қонли воқеалардан беш йил ўтиб Ўзбкистонда юзага келган инсон ҳуқуқлари вазияти ва Европа Иттифоқининг бу мамлакат бўйича олиб бораётган сиёсати мухокама этилади. Шунингдек, анжуманда Андижон қатлиомининг тирик гувоҳлари маъруза қилишлари кутиляпти. Мен ушбу тадбир ташкилотчиси Лондондаги Ўзбекистон ташаббус гуруҳи раҳбари Шоҳида Ёқуб билан суҳбатлашдим.

Озодлик:
Шоҳида нима мақсадда бу тадбирни ўтказаяпсизлар?

Шоҳида Ёқуб: Авваламбор, бу учрашувнинг икки мақсади бор. Биринчи мақсад, Андижон қатлиомининг беш йиллигини нишонлаш. Иккинчидан ва энг муҳими Андижон қатлиомидан беш йил ўтиб Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари яна –да бузилаётганини кўрсатиш. Бизнинг асосий аудиториямиз Европа Иттифоқининг расмийлари, журналистлари ва халқаро ташкилотлар.

Озодлик: Европа Иттифоқидан кимлар қатнашади бу анжуманда?

Шоҳида Ёқуб: Европа парламентининг аъзолари бўлади, баъзилари. Шунингдек, Европа қўмитаси азолари ҳам келишлари керак. Келишмаса ҳам улар маслаҳатчиларини албатта юборишади. Шунингдек, халқаро ноҳукумат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашади. Америка ва Европа элчихоналари ходимлари ҳам бўлади. Ҳозирга қадар 70дан ортиқ одам бу анжуманда қатнашиш учун рўйхатдан ўтган.

Озодлик: Ўзбек расмийлари, Ўзбекистон элчихонаси вакилларини ҳам таклиф этганмисизлар?

Шоҳида Ёқуб: Анжуман ташкилий қўмитаси атайин, ҳеч кимни таклиф қилмадик. Ўзбекистон элчихонасига ҳам таклифномани юбормадик. Лекин, бу очиқ анжуман. Шунинг учун хоҳлаган одам келиши мумкин.

Озодлик: Қандай конкрет масалалар кўтарилади бу тадбирда?

Шоҳида Ёқуб: Шу анжуманда икки катта масала мухокама этилади. Биринчиси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг нақадар ёмонлашганини кўрсатиш ва бу борада Андижон қатлиомининг янги далиллари ҳам кўрсатилади. Дахшатли далиллар бор, ҳозир сизга бу ҳақда айтолмайман. Анжуманда қатнашувчилар шу ҳақда ҳисоботлар беришади. Шунингдек, Ўзбекистонда ўлим жазоси , Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳвол ҳақида гап боради. Ва энг муҳими, анжуманнинг иккинчи қисмида Европа Иттифоқи ва АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан янги сиёсатини савол остига қўйиш. Яъни биз айтмоқчимизки, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан санкцияларини олиб ташлади, аммо Ўзбекистонда вазият яхшилангани йўқ. Аксинча ёмон бўлиб кетди, буни исботлаш учун бизда конкрет далиллар бор. Яъни, биз АҚШ ва Европа Иттифоқи маъмуриятини бир нарсага чақирмоқчимиз, майли геосиёсий манфатларингиз бор, аммо. илтимос Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини унутманг. Геосиёсий масалаларни инсон ҳуқуқларини қурбон қилиш эвазига ҳал қилманг, демоқчимиз уларга.

Озодлик: Шоҳида, суҳбат учун катта раҳмат.
XS
SM
MD
LG