Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:27

Тожикистонда ҳижобли талабаларга босим давом этмоқда


2007 йили Тожикистон Таълим вазирлигининг таълим муассасаларида ҳижобни таъқиқлаш борасидаги қарори кучга киргандан сўнг Миллий университетдан ҳижоби учун ҳайдалган Давлатмоҳ Исмоилова вазирликни судга берган, аммо судда ютқазганди.
2007 йили Тожикистон Таълим вазирлигининг таълим муассасаларида ҳижобни таъқиқлаш борасидаги қарори кучга киргандан сўнг Миллий университетдан ҳижоби учун ҳайдалган Давлатмоҳ Исмоилова вазирликни судга берган, аммо судда ютқазганди.

Тожикистон миллий университетининг 4-курс талабаси Ганжина Шарипова ҳижоби учун олийгоҳдан қувилди. Бунга толибанинг таълим муассасаларига ҳижобда келишни таъқиқловчи тартибни бузгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Тўрт йиллик умрини Тожикистон Миллий университетида ўтказган Ганжина охир-оқибат дипломсиз қоладиган бўлиб турибди.

Хамадоний туманидан бўлган Ганжина Шарипова Миллий университетнинг филология факултетига ҳужжат топширган 2006 йил ҳам ҳижобда бўлганини айтади.

Ислом либос кийишни маъқул кўрувчи толибалар сони кўпайиши ортидан Тожикистон Таълим вазирлиги 2007 йил 31 мартида мактаблар ва олийгоҳларга ҳижобда қатнашни таъқиқловчи қарор қабул қилганди.

Ота-оналар ва жамоатчилик эътирозларидан сўнг Таълим вазирлиги муслима қизларга ҳижобни дарс вақтида ечиб, дарсдан сўнг ўрашлари учун рухсат берди.

Таълим вазирлигининг ҳижоб ўрашни таъқиқлашга доир қарори тожик жамиятида турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Сиёсий партиялар билан бир қаторда аксарият ота-оналар бу инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилиш экани ҳақида гапира бошладилар.

Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланувчи хорижий ташкилотлар эса Тожикистон ҳукуматини аҳолисининг 98 фоизи мусулмон бўлган мамлакатда бундай қарорлар қабул қилишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

Шунга қарамай, ўша қарор ортидан ўнлаб толибалар ўқишдан четлатилди ва бу жараёни ҳозир ҳам давом этмоқда. Бироқ Тожикистон Таълим вазирлиги расмийлари ва олийгоҳлар ўқитувчилари оммавий ахборот воситалари вакилларидан бу маълумотларни яширишга уриниб келади.

- Ўтган икки йил мобайнида ҳали бирорта талаба ҳижоб ўрагани учун ўқишдан қувилгани қайдга олинмаган, дейди Тожикистон Миллий университетнинг журналистика факултети ўқитувчиси Гулафшо Соқиева.

Шунга қарамай, Ганжина Шарипова жонажон университетидан ҳайдалди.

- Дарсдан чиққач, ҳижобимни ўраб, ётоқхонага кетаётган эдим. Университетдан ташқаридаги йўлакда ректор Нуриддин Саидовга дуч келиб қолдим. У менинг тартибни бузганимни айтди ва эртаси куни университетдан ҳайдалишим борасида қарорни имзолади, деди Ганжина.

У гарчи гўдаклигидан ўқитувчи бўлишни орзу қилган эса-да, бугун Ислом қоидаларига амал қилгани учунгина севган касбига эришолмаганидан пушаймон эмаслигини айтади.

- Мен бошқа бирор гуноҳ учун эмас, балки фақат Оллоҳ йўлида бўлганим учун университетдан ҳайдалганим учун ҳечам афсусланмайман. Аксинча, бундан фахрланаман, дейди Ганжина.

Айни пайтда тожикистонлик ҳуқуқшунослар Ганжина Шарипованинг ўқишдан ҳайдалиши асоссиз эканини айтмоқдалар.

Тожикистон адвокатлар коллегияси аъзоси Абдуқаюм Юсупов фикрича, Миллий университет расмийлари Таълим вазирлиги қарори талабларини бажариш чоғида айрим хатоликларга йўл қўйган.

Ҳуқуқшуносга кўра, студент қиз дарс вақтида эмас, балки унверситет ҳудудидан ташқарида ҳижоб ўраган ва ректор буни эътиборга олиши керак эди. Зеро, Таълим вазирлиги қарорида ҳам олийгоҳ ташқарисида ҳижоб ўрашга рухсат берилган.

- Олийгоҳдан ташқарида қандай кийиниш ҳар бир фуқаронинг шахсий иши. Университет ректорининг қарори бир томондан бу инсон ҳуқуқларини поймол қилиш, иккинчи томондан эса, ўша синглимизга тажрибасида бошқа муслима қизларга ҳам босим ўтказишдир. Шуни назарга олган ҳолда, ҳуқуқлари поймол бўлган синглимиз ўз ҳуқуқини ҳимоялаш учун ҳуқуқшуносларга мурожат қилиши ва ректор қарорини қонун доирасида бекор қилдириши мумкин, дейди ҳуқуқшунос Юсупов.

Шу ўринда айтиш жоизки, 2007 йили Тожикистон Таълим вазирлигининг таълим муассасаларида ҳижобни таъқиқлаш борасида қарори кучга киргандан сўнг Миллий университет талабаси Давлатмоҳ Исмоилова бу қарор Тожикистон Конституциясига зид ҳужжат эканни даъво қилиб, олийгоҳ масъулларини судга берган эди.

Бироқ Давлатмоҳ Исмоилова даъволари асосли бўлишига қарамай, у судда ютқазди ва олийгоҳдан четлаштирилди.
XS
SM
MD
LG