Линклар

Қозоғистонда намойишга чиққан мухолифатчилар ҳибсга олинди


Олмаотадаги намойишчилар орасида бўлган аёллар ҳам полиция кордонини ёриб, Панфиловчилар боғига ўтиб кетишга муваффақ бўлолмадилар.

Олмаотадаги намойишчилар орасида бўлган аёллар ҳам полиция кордонини ёриб, Панфиловчилар боғига ўтиб кетишга муваффақ бўлолмадилар.

1 май куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида қозоқ мухолифатининг норозилик акцияси бўлиб ўтди. “Назарбоев, кет!” шиори билан чиққан бир неча намойишчи ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинди.

Кеча Қозоғистонда “Қозоғистон халқлари бирлиги куни” нишонланди. Шу муносабат билан мамлакатнинг йирик шаҳарларида, жумладан, Олмаотада байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Шу куннинг ўзида Олмаотадаги “Олға” партияси биносида қозоқ мухолифатининг юзлаб аъзолари иштирокида катта йиғилиш бўлиб ўтди. Мухолифат вакиллари ҳукумат юритаётган сиёсатга ўз норозиликларини билдириб, мамлакатда мухолифат митинглари ўтказилишига таъқиқ қўйилгани масаласини муҳокама қилдилар.

- Бу йиғилишни ташкил этганимиздан мақсад шуки, ҳукумат фалокатнинг овозини эшитишдан бош тортмоқда. Биз ҳукуматдан сиёсий ислоҳотлар ўтказишини талаб этамиз, деди мухолифатдаги “Олға” партиясининг раиси Владимир Козлов.

Аниқланишича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Олмаотада бўлиб ўтган норозилик митингига мамлакатнинг турли бурчакларидан келаётган мухолифат вакилларидан айримларининг йўлини тўсиб, ҳибсга олганлар.

1 май куни қозоқ мухолифати вакиллари йиғилишдан сўнг Олмаотадаги “28 панфиловчи” парки томон йўл олдилар. Аммо кўчани ўраб олган полиция ходимлари мухолифатчиларнинг йўлини тўсишга ҳаракат қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, 26 апрел куни Олмаота шаҳар ҳокимияти 1 ва 9 май байрам кунлари шаҳарда норозилик митинги ўтказилмаслиги ҳақида қарор қабул қилганди.

Шу боис “28 панфиловчи” парки томон йўл олган қозоқ мухолифатчилари олдига чиққан Олмали тумани прокурори Гулнора Ахмедиева уларнинг тезда уй-уйларига тарқалишларини талаб қилди.

- Бу ҳамманингизга тушунарли бўлса керак, деди прокурор Гулнора Ахмедиева.

Аммо ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг айтганларига эътибор бермаган мухолифатчилар 1 май кунидан эътиборан очлик эълон қилишлари ва Назарбоевнинг истеъфога кетишини талаб қилишларини билдирдилар.

- Бизнинг талабимиз - “Назарбаев кет”, дея ҳайқирди намойишчилар.

Шундан сўнг норозилик акциясига чиққан мухолифатчиларни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ушлаб кета бошладилар.

Маълумотларга кўра, 1 май кунги ола-тасирда ўнлаб мухолифатчилар қўлга олинган.

Қозоқ мухолифатининг норозилик митинглари келаётган 9 май куни ҳам давом этиши кутилмоқда.

Айни пайтда 7-8 апрел куни Қирғизистонда содир бўлган тартибсизликлар сўнг қозоқ ҳукумати мамлакатда ташкил этилиши мумкин бўлган ҳар қандай норозилик акциясининг олдини олишга ва уларнинг ўтказилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилаётганини қайд этиш лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG