Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:13

Тожибой ўғли: “Ҳўкизнинг шохига урсанг, туёғигача зирқирайди!”


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли Тошкентда Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида бош вазир Шавкат Мирзиёев истеъфосини талаб қилиб, узлуксиз пикетлар ўтказмоқда.

"Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун" жамоатчилик бирлашмаси аъзоси Абдулла Тожибой ўғли 22 апрелдан буён "Мирзиёев ишдан бўшатилсин", "Ҳукумат истеъфо берсин" деб ёзилган плакатлар билан Вазирлар Маҳкамаси олдида пикетлар ўтказаяпти.

30 апрелга қадар у Ўзбекистон ички ишлар ходимлари томонидан бир неча бор ҳибсга олинди ва 2 маротаба маъмурий жавобгарликка тортилди. У Озодлик билан суҳбатда норозилик акцияларини давом эттиришини билдирди:

Абдулла Тожибой ўғли: Мен 22 апрелдан 30 апрелга қадар 8 кун давомида Ўзбекистонда нафақат қонунлар моддалари, балки Конституциянинг ҳамда шу билан бир қаторда қўпол равишда топталаётганига қарши норозилик акцияларини ўтказдим.

Озодлик: Пикет қаерда ўтказилиши керак эди?

Абдулла Тожибой ўғли:
Ўзи 22 апрелдаги пикетим Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида ўтказилиши керак эди. Лекин ноқонуний йўллар билан Чилонзор Ички ишлар бўлимига олиб кетилдим. Бундан келиб чиқиб, "менинг ҳуқуқларим бузилганлиги учун давомий норозилик акцияларини ўтказаман" деб, Мустақиллик майдонида ўтказадиган бўлдим. У ерда ҳам ҳибсга олиниб, Юнусобод туман Ички ишлар ходимлари томонидан протоколлар тузилди. Маъмурий Кодекснинг 201-моддаси билан минимал иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима солиши керак эди. Шунга қарамасдан, Юнусобод туман суди судяси Бакиева томонидан менга 70 баробар миқдорида жарима солинди...

Озодлик: Жаримани тўладингизми?

Абдулла Тожибой ўғли:
Йўқ, қаерда... Ҳатто иккинчи маротаба ҳам 70 баробар [иш ҳақи миқдорида] жарима солинди. Мен аппеляция беришим учун суд қарорини сўрасам, тўғридан-тўғри "бермайман", деди.

Озодлик: Бу қанча пул бўлади - 70 баробар минимал иш ҳақи?

Абдулла Тожибой ўғли:
Бу тахминан 2 миллион 800 минг сўм бўлади. Ҳозирда мен жами 5 миллион 600 минг миқдорда жарима тўлашим керак.

Абдулла Тожибой ўғлига кўра, Каримов учун Мирзиёев ишончли шахс. Абдулла Тожибой ўғли “Ҳўкизни шоҳига урсанг, туёғигача зирқирайди” мақолига амал қилишини ва шунинг учун Шавкат Мирзиёев истеъфосини талаб қилиб пикетлар ўтказаётганини айтади:

Озодлик: Истеъфога чиқиш талаби нима учун Мирзиёевга тегишли, нима учун каримов эмас?

Абдулла Тожибой ўғли:
Бу савол билан менинг кўплаб дўстларим ҳам мурожаат қилишди... Ўша 2009 йилда Ўзбекистонда Олий Мажлис депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Янги депутатлар қўшма мажлисида шахсан Каримовнинг ўзи Мирзиёев номзодини таклиф этди ва у ўтди.

Президент Каримовга келсак, мен шахсан ўзим 3-4 маротаба унинг истеъфоси талаби билан чиққанман. Каримовни ҳам кўп маротаба танқид остига олганмиз. Мен Мирзиёевга мурожаат қилганим учун ва унинг тарафидан қонунлар бузилганлиги учун айнан ўшанинг истеъфосини талаб қилдим. 2005 йилдан шу кунга қадар мен қирққа яқин ҳам биргаликда, ҳам якка тартибда пикетлар ўтказганман.

Абдулла Тожибой ўғли нафақат ҳукумат истеъфоси, балки қонун олдида барчанинг тенглиги ҳамда конституциявий ҳуқуқларнинг кафолатланиши талаби билан чиққан:

- Қонун йўлга қўйилиши, қонун олдида хоҳ шоҳ, хоҳ гадо тенглиги, Конституциянинг топталмаслигини, уни ҳурмат қилиниши бизнинг асосий талабларимиздир. Қандайдир ғайирлик, Ўзбекистонни издан чиқариш ёки уни бутун дунёга ёмонлаш эмас. Бизнинг вазифамиз Ўзбекистондаги бўлаётган ноқонуний ҳаракатларни олдини олиш ва уни кенг жамоатчиликка билдириш, дейди "Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун" жамоатчилик бирлашмаси аъзоси Абдулла Тожибой ўғли.

Абдулла Тожибой ўғли озиқ-овқат саноати мутаҳассиси, собиқ тадбиркор, «Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун» жамоат бирлашмаси аъзоси. 60 ёшдаги суҳбатдошимиз 2003 йилдан буён ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан шуғулланади.

2007 йилда Тожибой ўғли Ўзбекистон президенти сайловларида ўз номзодини қўйишга уринган, лекин етарли имзо тўплай олмагани важи билан Марказий Сайлов комиссияси уни номзодлар рўйхатига қўшмаган.
XS
SM
MD
LG