Линклар

logo-print

Тожикистонликларга янги таълим тизими маъқул эмас

  • Гулнора Равшан

Тожикистонликлар: "Расмийлар мактабларни 12 йиллик таълим тизимига ўтказишдан кўра таълим муассасаларидаги ўқитиш сифатини ўнгласа, яхшироқ бўларди", дея фикр билдирмоқдалар.

Тожикистонликлар: "Расмийлар мактабларни 12 йиллик таълим тизимига ўтказишдан кўра таълим муассасаларидаги ўқитиш сифатини ўнгласа, яхшироқ бўларди", дея фикр билдирмоқдалар.

Тожикистон парламенти ўтган ҳафтада 12 йиллик таълим системасига ўтиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Мазкур ҳужжатга биноан 2016-2017 ўқув йилидан Тожикистон мактаблари 12 йиллик мажбурий таълим тизимига ўтади.

Тожикистон мактабларида 12 йиллик таълим системасини жорий қилиш борасидаги қонун лойиҳаси сўнгги икки йил давомида муҳокама қилиниб келинаётган эди.

Ниҳоят Имомали Раҳмон парламентга сўнгги мурожатида мазкур лойиҳани олқишлашини билдирганидан кейин кўп ўтмай мамлакат парламенти қонун лойиҳасини бир овоздан тасдиқлаб юборди.

- 12 йиллик таълим системасига ўтиш ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш ва қизларимизни таълим муассасаларига жалб этишимизга кенгроқ имконият беради. Бунинг ортидан фарзандларимизга таълим бериш сифати ҳам яхшиланади, дея ишонч билдирди мазкур ҳужжат муҳокамасида сўз олган Таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов.

Тожикистон Таълим вазирининг билдиришича, мамлакатда 12 йиллик ўқиш жорий қилиниши кутилаётган 2016 йилгача республика мактабларида ўқувчилар сони 2 миллионга етади.

Вазир жаноблари мамлакатда 12 йиллик таълим системасини тўла жорий қилиш учун тахминан 356 миллион сомоний (тахминан 80 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - таҳр.) лозимлигини билдирди.

Абдужаббор Раҳмонов ҳозирда таълим соҳасида мавжуд камчиликларни яшириб ўтирмади ва янги системага ўтиш баробарида бу камчиликлар ўз-ўзидан тугатилишини қўшимча қилди.

Айни пайтда маҳаллий аҳоли бу ташаббусни қувонч билан кутиб олди, дейишга асос йўқ.

Масалан, умрини болалар таълим-тарбиясига бағишлаган кекса ўқитувчи Ҳалимахон ая “Тожикистонда 12 йиллик таълим жорий қилиш учун ҳали анча вақт бор эди “, дея мулоҳаза билдиради.

Ўқитувчи фикрича, бундай катта ишни бошлашдан аввал мактаблар сонини кўпайтириш ва саводли кадрлар тайёрлаш лозим эди.

- Мана, бизнинг мактабимизда уч мингдан ортиқ ўқувчи ўқийди. Ўзи аслида бу мактаб иккига бўлиниши керак. Иккинчидан, саводли, яхши кадрларимиз йўқ, ҳаммаси бесавод кадрлар. Ўқишни янги тугатиб ишга келган ўқитувчиларимиз орасида масала, мисолларни еча олмайдиганлари ҳам топилади. Кейин ўқитувчиларга ҳам қийин, болаларга ҳам қийин. Менимча, бунинг ўрнига ҳунар мактабларини кўпайтириш керак. Мана, Ўзбекистонга бордик, ана шундай ҳунар мактаблари кўп экан у ерда. Болаларга икки йилда ҳунар ўргатишиб, ҳаётга тайёрлашаяпти, дейди Душанбе шаҳридаги 43-ўрта мактаб ўқитувчиси Ҳалимахон ая.

12 йиллик таълим тизимига ўтилиши на ўқувчиларнинг ўзларига маъқул, на уларнинг ота-оналарига.

- Масалан, бизнинг мактабимизда бундай ишни йўлга қўйиш учун умуман шароит йўқ. Шунинг учун, агар ўқиш 12 йиллик бўлса, кўпчилик қизлар мактабдан кетишади, менимча, дейди шаҳардаги 7-мактаб ўқувчиси Мавзуна.

Ваҳдат туманида яшовчи Саодат республикада 12 йиллик мажбурий ўқишнинг жорий қилиниши ортидан кўп болалик оилалар ижтимоий жиҳатдан қийналиб қолиши мумкин, дея фикр билдиради.

- Фарзанди кўп катта оилаларга роса қийин бўлади. Чунки мактаби учун кийим-кечаги бор, мактаб узоқ бўлса, йўлкираси бор. Менимча, болаларнинг билимини мустаҳкамлаш учун мамлакатда жорий қилинган 11 йиллик таълим фойда қилмаганидек, 12 йиллиги ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди, дейди тўртта ўқувчи фарзанди бор суҳбатдошимиз.

Саодат ўз фарзандлари ўзбек мактабларида ўқиётганини айтади. У ўқитувчилар ва дарсликлар етишмаётгани сабабли болалари етарли билим ололмаётганидан шикоят қилади.

Суҳбатдошимизга кўра, вазирлик болаларга билим бериш сифатини яхшилаш учун энг аввало мактабларни тажрибали кадрлар ва дарсликлар билан тўла таъминлаши шарт.

Қишлоқлик оддий аёлга кўра, бу ерда муҳими вақт ва йил эмас, балки сифат бўлиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG