Линклар

Обама Мексика кўрфазига борди


Обама Британия ширкатини Мексика кўрфазидаги фалокат оқибатларини бартараф қилиш учун маъсул деб эълон қилди.

Обама Британия ширкатини Мексика кўрфазидаги фалокат оқибатларини бартараф қилиш учун маъсул деб эълон қилди.

Президент Барак Обама Мексика кўрфазидаги нефт қазиш платформасида содир бўлган портлаш оқибатида майдони кенгайиб бораётган нефт доғи АҚШ тарихида мисли кўрилмаган экологик ҳалокатга айланиши мумкин, дея баён қилди.


Якшанба куни фалокат рўй берган ҳудудга сафар қилган АҚШ президенти Барак Обама Мексика кўрфази бўйлаб кенгайиб бораётган нефт доғини АҚШ экологияси учун энг катта таҳдидлардан бири, дея атади.

Ҳалокатдан катта зарар кўриши айтилаётган Луизиана штатида гапирган Барак Обама ўз ҳукумати қирғоқ томон яқинлашиб келаётган нефт доғларини тозалаш борасида барча имкониятларни ишга солишга тайёр эканини билдирди.

Оқ уй раҳбари, шунингдек денгиз остидаги тешилган қувурдан чиқаётган нефтни тўхтатиш учун яна бир неча кун вақт лозимлигини таъкидлади.

АҚШ президенти мазкур воқеа учун нефт платформасида қазиш ишларини олиб борган Британиянинг BP (British Petrolium) нефт ширкати масъул ва тозалаш ишлари харажатларини ўз зиммасига олиши лозимдир, дея баён қилди.

- BP ширкати нефтнинг денгизга оқиб чиққани учун масъулдир. BP ширкати барча харажатларни қоплайди. Лекин мен Қўшма Штатлар президенти сифатида, бўҳрон давом этаркан, уни тўхтатиш учун қўлдан келган барча ишни қиламан. Ва биз етказилган зарарни бартараф этиш учун барча воситаларни ишга соламиз. Платформада содир бўлган воқеани тўлиқ тергов қилиш ва масъулларни жавобгарликка тортиш фурсати келади¸ албатта. Ҳозир эса барча диққатни оқиб чиқаётган нефтни тўхтатиш ва кўрфазга яна зарар етказилиши олдини олиш ҳаркатларига қаратилиши лозим, деди Обама.

ВР ширкатига тегишли нефт бурғулаш платформасида кучли портлаш рўй бериши ортидан икки кун ўтиб, 22 апрел куни платформа сувга ғарқ бўлди. Ушбу портлаш оқибатида платформада ишлаётган ходимлардан 11 нафари нобуд бўлди. Бурғулаш ускуналарининг чўкиши ортидан катта миқдордаги нефт Мексика кўрфази бўйлаб тарқала бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалокат оқибатида кунига 5 000 баррел нефт денгизга оқиб кетмоқда.

Обама денгизга тушган нефт АҚШнинг кўрфазга туташ штатлари иқтисоди ва атроф-муҳитига “жиддий зарар” етказиши ҳамда бу минтақада яшаётган минглаб одамлар ҳаётига таҳдид солиши мумкинлигини айтди.

ВР ширкати ҳам нефт оқиб чиқаётган қувурларни ёпиш ишлари бир ҳафтагача чўзилиши мумкинлигини таъкидлаб, ҳалокат юзасидан судга бериладиган шикоят аризаларига жавоб қайтаришга тайёр эканини билдирди.

Ширкат расмийлари нефт оқиб чиқаётган қувурларни ёпиш мақсадида денгиз сатҳига махсус ускуна ўрнатишни режалаштирмоқдалар. Кейинчалик эса ширкат яна бир қудуқ қазиб нефт оқишини умуман тўхтатиш ниятида.

Бироқ АҚШ Ички ишлар вазири Кен Салазар нефт оқиб чиқаётган қувурлар ёнидан яна бир чуқур қазиш ишлари уч ойгача чўзилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Биз жудаям жиддий фалокат билан юзма-юз турибмиз. Қўшимча қувурнинг бир неча километрлик океан тубида қазилишини инобатга оладиган бўлсак, биз айтаётган жараён 90 кунгача чўзилиб кетиши мумкин. Бу ишлар амалга оширилгунга қадар, кўп миқдорда нефт сувга оқиб кетиши мумкин, деди Кен Салазар.

Айтилишича¸ Мексика кўрфазидаги юз берган фалокат оқибатларини бартараф этиш учун камида 4¸5 миллиард доллар лозим бўлади.

XS
SM
MD
LG