Линклар

logo-print

Эркин микрофон - "Ўқитувчига кун қолмади!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ҳафтанинг олти кунида ўқитувчидан маърифатдан бошқа ҳамма мақсадда фойдаланишни касб қилган ҳокиму ҳокимчалар¸ энди ўқитувчиларни ягона дам олиш куни - якшанбада ҳам уйма-уй юришга мажбур қилмоқда¸ дейди наманганлик муаллимлардан бири.

Воронежда отамни кўрган борми?

деган савол билан Россия кенгликларида меҳнат қилаëтган ўзбекистонлик муҳожирларга мурожаат қилиш илинжи Самарқанд вилояти¸ Ургут тумани¸ Мўминобод қишлоғида яшовчи Бахтиёр Бегимовни Озодликка сим қоқишга ундади.

- Отам 2004 йилда Воронежга кетган эди. Бегимов Суюнбой. Ҳозир икки йилдан бери гаплашмаяпмиз. Адреси ҳам йўқ¸ ўзи ҳам йўқ.

Озодлик: Охирги марта гаплашганингизда нима деганлар?

- Охирги марта гаплашганимда “Ўзим бораман” деди. “Бу ëқдан пул жўнатай” десам¸ “Йўқ¸ ўзим пул топиб бораман” деди. Охирги марта 2007 йилда гаплашдик.

Озодлик: Отангиз нечанчи йилда туғилган?

- 1964 йил.

Озодлик: Воронежнинг ўзида ишлаганми?

- Воронежнинг бир қишлоғи бор экан. Шу ерда ишлаган олдин. Шериклари бўлган. Шерикларига телефон қилсам¸ “Биз қаëққа кетганини билмаймиз. Рўйхатда турмаяпти. Паспорти бошқа бировда турибди” дейишди.

Озодлик: Паспорти бору ўзи йўқ.

- Шунақа. Паспорти ўзининг қўлида эмасда. Шериклари “Кўрганимиз йўқ. Билмаймиз. Мен телефон қилдим йўқ. Ўзбекистонга бормадими?” деди. Тополмаяпмизда.

Озодлик: Улар ҳам излашаяпти эканми?

- Ҳа. Озодлик радиосининг мухлислари. Сизлардан илтимос. Дадамни кўрган бўлсаларингиз¸ танисаларингиз¸ Бегимов Суюнбой. 1964 йилда туғилган. Самарқанд вилояти¸ Ургут тумани¸ Мўминобод қишлоғидан. Бўйи ўртача. Сочи калроқ¸ юзи думалоқроқ. Кўрганлар бўлса¸ Озодлик радиосига мурожаат қилишларингизни сўрайман. Илтимос¸ дейди бедарак кетган отасини излаëтган Бегимов Бахтиëр.


Элчихона ва Қизил хочнинг нима кераги бор?

дейди Россиянинг Новосибирск шаҳридан қўнғироқ қилган Шуҳрат исмли сирдарёлик йигит. Шу йилнинг 27 апрел куни Россияда ишлаётган наманганлик 41 ёшли Замира Болтабоеванинг касаллик туфайли оламдан ўтганини айтар экан Шуҳрат¸ бу аёлни даволатиш учун қилган уринишлари бесамар бўлгани¸ халқаро ташкилотларнинг бемор муҳожирга кўмак беришдан бош тортганликларини ҳикоя қилади.

- Яхши иш бўлмади. У аëл ëмон инсонмас эди. Одамларга қўлидан келганча ëрдам берарди. Кўнгли тоза¸ оқ инсон. Жуда ҳам яхши инсон. Бунақа инсонлар кам. Мен оғир аҳволда ўтирган пайтимда менга “Адресингни айтгин” деб бола-чақамга пул жўнатган. Мен бунақа инсонни ҳеч қачон унутмайман. Ўзи тикувчи ва дазмолчи эди. Кейин шамоллаб қолди. Мурожаат қилган жойида олмади. Чунки у пулли поликлиника эди. Қизил Хоч дегани умуман бўлмағур нарса. Тиббий ëрдам бермади. Мен кўп телефон қилдим. Таниш-билиш қилиб калсахонага ëтқиздик. 18 кун касалхонада ëтди. Ўшанинг 13 кунига биздан 112 минг пул олишди. Мен ўша аëлга ўзбекман¸ мусулмонман деб ëрдам бердим. Кейин нима касалдан ўлганининг диагнозини қўя олишмади. Самолëтда олиб кетгани Ўзбекистон ҳаво йўллари рухсат бермади. Мен вакилнинг ўзининг олдига бордим. У менга элчихонага бор деди. У ëққа борсам “мен фақат қоғоз ëзиб бераман паспортингни йўқотиб қўйсанг” деди. Мен “Уялмайсизларми? Сизлар Ўзбекистон фуқаросининг тарафини олмасангизлар¸ ким олади?” дедим. Мен Қизил хочга бошқа ишонмайман. Сизлар уларни ëзманглар. Улар йўқ нарса. Уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ëрдам бера олмаса¸ унақа ташкилотнинг нима кераги бор? Консуллар ҳам ëрдам бермади. Нима кераги бор ўзга юртларда бизнинг тарафимизни ололмаса¸ дейди Новосибирскдан қўнғироқ қилган Шуҳрат.


Ўқитувчилар ҳокимнинг қулларига айланмоқда...

Наманган вилояти Мингбулоқ туманидан Озодликка қўнғироқ қилган ўқитувчи Мингбулоқ туман ҳокимининг мактаб ўқитувчиларига нисбатан тутаётган сиёсатидан норози эканлигини айтади.

- Наманганнинг Мингбулоқ туманиданман. Мингбулоқ туманидаги мактаб ўқитувчиларга анчадан бери якшанба кунлари дам олиш йўқ. Қишлоқ хўжалик ишлари ва ҳоказо. Туман ҳокими Бозорвой Ҳайдаров деган одам¸ шу радиода гапирсаю таъсир қилармикан¸ оз-моз чек қўярмикан¸ деб сизларга хабар бермоқчи эдим.

Озодлик: Сиз ўзингиз ўқитувчимисиз?

- Ҳа. Мактабда ишлайман ўқитувчи бўлиб.

Озодлик: Демак¸ якшанба куни ҳам ўқитувчилар ишлашаяпти.

- Ишлашни талаб қилади. Мабодо ишга келмаса¸ директор қаттиқ гапиради. Иш ҳақингдан қирқаман дейди¸ бошқа бўлади. Ипак қуртига қарашгани одамларни бириктириб қўяди. Маҳаллада қандай экинларни экиш тўғрисида биз тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ўзимга ҳам 10 тадан ошиқ хонадон бириктирилган. Хуллас тинчлик йўқ. Дарсдан чиққандан кейин ҳам тинчлик йўқ. Кўп бўлади бунақалар.

Озодлик: Демак¸ якшанба кунлари сизлар жамоат ишларига жалб қилинасизлар.

- Ҳа шундай. Оиламиз билан ўзимизнинг мўлжаллаган ишларимиз бўладику. Ўзимизнинг чўнтагимиз учун вақт кам ажратилаяпти. Кейинги ойда бир сўм нақд пул тўланмади. Ҳаммаси пластик карточкага тушуириб юборилди. Қийинчилик бўлаяпти ҳамма ўқитувчиларга. Умуман туман бўйича барча ўқитувчилар шунақа.

Озодлик: Ўқитувчилар ўз ҳақини талаб қилишмайдими? Якшанба қонун бўйича дам олиш куни бўлса.

- Талаб қилиш учун бир оғиз гапирсангиз¸ бобиллаб беради. Кўпчиликнинг ичида директордан сўкиш эшитишга уяласиз. Шунинг учун бир нарса дея олмайсиз. Ташқарига чиқиб ғижиниб¸ ичимизда ҳар хил гаплар билан қиламизда. Тинчлик керакку бизга ҳам. Ўзингиз тушунасиз бу ердаги сиëсатни. Диктатураю. Бир-икки марта қилиб кўрганмиз. Ўша жойнинг ўзида гап ҳам эшитганмиз. Ундан кейин ишимиз кавла-кавлага тушиб “Молиядан текширув олиб келаман. Мана бунча камчилик чиқади. Қамаласан ëки бўйнингга фалон миллионни илиб кетади. Ундай¸ бундай”¸хуллас тазйиқда.

Озодлик: Демак¸ ҳаққингизни талаб қилсангиз¸ сизга нисбатан босимлар¸ тазйиқлар ҳам кучаяди.

- Эртага ўзингизга шунақа бўлишини билиб турасизда¸ шунақа асабим бузилиб тазйиққа учрагандан кўра бир кун дам олмасам ҳам шуни қилай дейдиган даражага олиб келади булар¸ дейди мингбулоқлик ўқитувчи.


"Қирғизларга қойилман!"

Озодлик Зиндоний тахаллуси билан ижод қилувчи бир ҳаваскор шоирдан бир қанча СМС олди. Зиндоний ўз ижодидан бир қанча шеърлар жўнатган. Қуйида Зиндоний шеърларидан айримларини келтирамиз.

Икки шоҳни ҳайдай олган қирғизларга қойилман!
Биз ҳам инсон¸ дея олган қирғизларга қойилман!
Бизлардан экан афзал, тақмади юган, абзал.
Итларни тахтдан қувган қирғизларга қойилман!
Тарихин мақтамади, курашдан тўхтамади,
Ёлғонни мақтамади¸ қирғизларга қойилман!
Бизлардек қул бўлмади, келажакни ўйлади,
Аблаҳни аблаҳ деган¸ қирғизларга қойилман!


Соч оқарди қаримай, қўлдан кетмон аримай,
Орзу-ҳавас ҳам кетди, бир бор яхши қол демай.
Юрмоқ бўлдик йиқилмай, билсак чоҳга қулабмиз хум каллали сўқимдай.
Қонун ёзди бир талай ҳатто кўз-кўз қилгудай,
Ўз ёзганин тепмасдан бу ифлос яшолмагай.
Алдашдилар боладай, боғлар бўлди даладай¸
............. карим сўрамас ўзбек ҳолинг деб қалай.


Кутлуғ қонни кўпик дебсан, кўпик асли ўзингмасми,
Қўрқоқлигинг айтиб турган, жавдираган кўзингмасми?
Сен мақтаган дошқозоннинг ўн беш йилки иши пишмас,
Тириклайин сени кўмган бу шарманда сўзингмасми?
Юсуф Жума инсон экан, ҳеч чопмади минбар томон.
Эл олдида юзи оқдир, юзинг сени шувутмасми?
Ёнингдаги ўрдакка айт, мурдашўйдек турқи қурсин,
Қуён экансанку баринг, “Уч қаҳрамон” акангмасми?
Қофияни изламадим, алам билан ўзи келди,
Ўзим шоир деб билмасман, Ватан бугун зиндонмасми?

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG