Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:05

Ўзбекистон бозорларида нақд пулсиз савдо кенгаяди


Расмийларнинг таъкидлашича¸ йил охирига бориб Ўзбекистон бозорларида нақд пулсиз бозорлик қилиш чўт бўлмай қолади...
Расмийларнинг таъкидлашича¸ йил охирига бориб Ўзбекистон бозорларида нақд пулсиз бозорлик қилиш чўт бўлмай қолади...

Давлат ва жамоатчилик секторидаги ойликлар¸ нафақа ва пенсиялар қарийб 100 фоиз пластик карточкаларга ўтказилган Ўзбекистонда¸ президентнинг 26 апрел кунги қарори билан¸ бозорлар ҳам нақд пулсиз олди-берди қилиш жараëнига ўтмоқда.

Бу ўзгаришлар бозорлар ва савдо комплексларида нақд пул оқимининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш ҳамда турғун савдо шаҳобчаларининг назорат касса машиналари ва тўлов терминаллари билан таъминланишини қайта ташкиллаштиришга қаратилган.

Мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 26 апрелда “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.

Жорий этилаётган янги тартиб-қоидалар ҳақида қўшимча маълумот олиш мақсадида Самарқанд вилояти Бозорлар уюшмасига мурожаат қилдик:

- Яқинда президентнинг янги қарори чиқди. 26 апрелда президент қарори чиқди. Бозорларда ўзгариш катта. Патта теримлари тўлиқ электрон тизимда ташкил қилинди. Ҳар битта бозорга компьютерлар қўйилиб¸ чекчилармас¸ одамларнинг ўзи патта пулини тўғридан тўғри кассага бориб тўлаяпти. Асосан янгилик шу. Бозорларга яна терминаллар қўйиш. Одамларга патта пулини нақд билан эмас терминал орқали тўлаш йўлга қўйилаяпти.

Озодлик: Мақсад одамлар қўлидаги нақд пулни камайтиришми?

- Шундай.

Озодлик: Қачондан бошланди бу ўзгаришлар?

- Шаҳар бозорларига икки-уч ой бўлди. Туманларда апрел ойининг 10-15 числоларидан жорий этилган. Бу олдиндан бор эди. Ҳозир алоҳида қарор билан яна кўриб чиқилаяпти¸ деди Самарқанд вилояти Бозорлар уюшмаси ходими бозорларда бўлаётган ўзгаришлар борасида.

Ўзбекистон бозорларида бошланган янги тартиб солиқ тизимида ва солиқ йиғиш сиёсатида ҳам муаян ўзгаришларни тақозо этади. Солиқ тизимининг бозорлардаги янги сиёсатини Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Давлат солиқ бошқармаси мутасаддиларидан бири тушунтиришга уринди:

- Автостоянкаларнинг тўлиқ бозор ихтиëрига берилиши¸ автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш мажбурий¸ деб қўйилди. Патта нархлари ва бошқалар борку¸ автоматлаштирилган тарзда бўлиши керакда. Турғун савдо нуқталари 100 ва ундан ортиқ бўладиган бўлса¸ 100 тагача етмайдиган бозорлар ҳам борда. Улардан патта ундирилаверади. 100 тадан зиëд бўладиган бўлса¸ компьютерлаш керак. Тўловларни паттачиларнинг ўзлари олиб бориб тўлаши керак. Бозорлар томонидан йиғиладиган тушумлар компьютерга киритилиши керак.

Яна қарор билан солиқ турларида ўзгариш бўлди. Бозорлар олдин қатъий солиқ тўламас эди. Ҳозир автостоянкаси бўлса¸ бозорми бошқасими қатъий солиқ тўлайди. Метр квадратига қараб ҳисоблайди. Бундан ташқари олдин юридик шахслар икки фоиз эди чакана савдодан. Ҳозир икки фоизми¸ уч фоизми қатъий солиқ ставкаси бор маҳсулот турига қараб. Юридик шахслар ҳам ўшандан кам бўлмаган миқдорда солиқ тўлайди. Автостоянка ташклил қилишга олтита талаб қўйилди. Шлакбаум қўйиши¸ касса аппарат қўйиши¸ терминал қўйиши ва бошқа талаблар. Бозорнинг ичидаги ерлар ҳокимиятлар томонидан тадбиркорларга бериб юборилган. Ҳокимиятлар уларни қайтариб бозор ихтиëрига ўтказиши керак¸ дейди Ўзбекистон Давлат солиқ бошқармаси мутасаддиларидан бири.

Президент имзолаган фармонда жорий қилинаётган бу ўзгаришларни амалга татбиқ этиш учун қатъий муддатлар белгиланган:

- 26 майга қадар дехқон, буюм ва ихтисослаштирилган бозорларнинг мужассамланган паспортлари тузилишини якунлаш;

- 1 июнга қадар 100 ва ундан ортиқ савдо шаҳобчалари мавжуд бўлган барча бозорлар, савдо комплексларида бир марталик патта йиғимлари ва ижара тўловларининг фақат банклар орқали автоматлаштирилган тарзда ундирилишини жорий этиш;

- 30 майгача Санитария-эпидемиология назорати ва ветеринария хизматининг ҳар бир деҳқон (озиқ-овқат) бозорларига келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириб, тегишли сертификат берадиган экспресс-таҳлил лабораториялари ташкил этиш ва бу ҳудудларда сертификати бўлмаган маҳсулотлар сотилишини таъқиқлаш чораларини кўриш;

- 1 октябргача хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аҳоли билан нақд пул ҳисоб-китобларини амалга ошириш жараёнида қўлланиладиган назорат касса машиналарининг ягона техник талабларига жавоб берадиган бўлиши ва “Ўзстандарт” агентлиги томонидан белгиланган тартибда сертификатланишини таъминлаш;

- 2011 йилнинг 1 январига қадар ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари (олдин фойдаланилган товарлар сотиладиган бозорлардан ташқари) ҳамда савдо комплексларидаги мавжуд турғун савдо шохобчаларини назорат-касса машиналари ва тўлов терминаллари билан таъминлаш.

Ўзбекистон Давлат солиқ инспекцияси ходими ўзгаришларнинг жорий этилишини таъминлаш ҳамда назорат қилиш мақсадида Давлат солиқ инспекцияларида махсус бўлинмалар очилганлиги тўғрисида гапирди:

Озодлик: Нима деб номланади?

- Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини наозрат қилиши бўлими.

Озодлик: Битта бўлимда қанча одам ишлайди?

- Бизларда жами штатимиз 38 та. Хуллас бозор¸ бозорнинг атрофидаги автостоянкалар¸ бозор ичидаги тадбиркорлик субъектларида савдо қоидалари ва ҳоказо ҳамма фаолиятни назорат қиламиз. Ҳеч кимдан рухсат олмасдан текшириш ўтказиш ҳуқуқимиз бор¸ деди Ўзбекистон Давлат солиқ инспекцияси ходими

Президент фармонида маҳаллий ҳокимликлар, бозорлар уюшмалари ва бозор маъмуриятларининг чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари ва тадбиркорлик фаолиятига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида жойларда семинар йиғилишларини ташкил этишлари ҳам кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG