Линклар

Бўҳронга чап беришнинг "ўзбекча модели" кўз-кўз қилинмоқда

  • Садриддин Ашур

Осиë тараққиëт банки йиғинининг 3 май кунги мажлисида сўзлаган Ислом Каримов бутун дунëга кучли иқтисод яратиш асосларидан сабоқ берди.

Осиë тараққиëт банки йиғинининг 3 май кунги мажлисида сўзлаган Ислом Каримов бутун дунëга кучли иқтисод яратиш асосларидан сабоқ берди.

Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг Тошкентда ўтаëтган 43-йиллик мажлисида Ислом Каримовни ўз қулоқчинини отиб юборадига даражада ғазабнок қиладиган эмас¸ балки ўзбек президенти қулоғига хуш ëқадиган мақтовлар янграмоқда.

Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизажак сармояси бир миллиард доллардан ошади. Бу ҳақда ОТБ президенти Харухико Куроду 1 май куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилди.

- Ўзбекистонда ОТБ жуда фаол ишлаб келмоқда. Бу мамлакатга биз техникавий ва молиявий ёрдам кўрсатиб келмоқдамиз. Бугун мен Ўзбекистондаги бир қатор кредит лойиҳаларга имзо қўяман. Бу лойиҳалар¸ асосан¸ коммуникацияни ривожлантириш, электр таъминоти, йўллар ва сув тармоқларини барпо этишга ҳамда кичик ва ўрта бизнесни микрокредитлар билан таъминлашга қаратилган. Инфратузилмаларга сармоя ётқизиш ўта муҳимдир. Бу соҳаларга бизнинг сармояларимиз 1 миллиард доллардан ошади, деди жаноб Куроду.

Осиё тараққиёт банки раҳбари Ўзбекистон жаҳон иқтисодий инқирозидан муваффақиятли чиқаётганини таъкидлар экан, бунинг сабабини дунё бозорларида Ўзбекистон экспорт қиладиган хом-ашё маҳсулотларининг нархи кўтарилгани билан изоҳлади.

- Жанубий ва жануб-шарқий Осиёдаги айрим мамлакатлар иқтисодиётига назар ташласангиз¸ уларнинг ўсиш суръатлари анча сусайганини кўрасиз. Аммо Ўзбекистон иқтисодиёти бундай вазиятни четлаб ўта олди. Ўзбекистон иқтисодиёти инқироздан жуда яхши чиқмоқда. Бунинг сабаби¸ бир томондан ички талабни кучайтиришга қаратилган молиявий чоралар бўлган бўлса, бошқа томондан Ўзбекистон экспорт қиладиган хом-ашё маҳсулотлари нархининг кўтарилгани бунга ўз улушини кўшди¸ деди Куроду.

ОТБ мажлисида чиқиш қилган Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг айтишича, дунёвий инқироздан чиқишда “ўзбек модели”ни қўллаш натижасида мамлакатда макро-иқтисодий барқарорлик ва барқарор иқтисодий ўсиш таъминланди, ишончли молия-банк тизими шакллантирилди, энергетика ва ғалла мустақиллигига эришилди.

ОТБ сингари салоҳиятли молиявий ташкилотларнинг ўз йиллик йиғинини Ўзбекистонда ўтказиши янгилик эмас. 2003 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Тошкентда навбатдаги йиллик йиғилишини ўтказган эди. Аммо бу банк расмийлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини қаттиқ танқид қилиб, Тошкентни бу борада ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришга ундаган эди.

Тўғридан-тўғри, жонли тарзда Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилган ЕТТБ мажлисини кўпчилик ўзбекистонликлар ҳали ҳам яхши хотирласа керак. Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласи банк президенти томонидан танқид қилинганда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жаҳли чиққанидан овоз эшитадиган қулоқчинини отиб юборган эди. Кўп ўтмай ана шу кадрни кўрсатиб қўйгани учун телевидение режиссёри ишдан бўшатилган¸ Каримов қаҳрига учраган ЕТТБ эса¸ Ўзбекистон томони инсон ҳақлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини бажармагани учун Ўзбекистонга бериладиган кредитларни қисқартирган эди.

Ўз "хато"сидан тўғри хулоса чиқарган Ўзбекистон телевидениеси бу гал ҳатто Осиë тараққиëт банки каби шарқона мулозаматга амал қилувчи банк йиғинини жонли кўрсатишга ботина олмади.

Тошкент эса¸ аввалдан яхши ҳозирланган сценарий асосида ўзини нафақат Марказий Осиë¸ балки Осиëдаги иқтисоди ривожланган кучли ва фаровон давлат сифатида намоëн қилиш ишини муваффақият билан уддалаëтган кўринади.

- Бу минтақадаги Ўзбекистоннинг сиëсий нуфузини оширишга¸ сўзсиз¸ хизмат қилиши мумкин. Мана яқинда июн ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳам саммити Тошкентда бўлиб ўтади. Менинг назаримда¸ бу бўлаëтган йиғинлар¸ учрашувлар ШҲТ нинг Тошкентдаги йиғилиши арафасида бўлаëтгани бежиз эмас. Шунга ҳам тайëргарлик кетаяпти¸ деб ўйлайман ва ШҲТ нинг Тошкентдаги саммити катта бир воқеа бўлиб¸ ундаги қабул қилинадиган ҳужжатларнинг ҳам маъноси¸ аҳамияти катта бўлади деб ўйлайман. Ҳар ҳолда мана шунақа кутаяпман бўладиган йиғилишни. Менимча¸ Осиë тараққиëт банкининг ҳам шу ерда ўтказаëтган йиғилиши¸ албатта¸ Ўзбекистон позицияларини янада мустаҳкам қилишга хизмат қилади¸ дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов.

ОТБ йиғинидаги мақтов ва эътибордан руҳланган Ўзбекистоннинг Тошкентда ўтказиладиган ШҲТ саммитида кескин баёнотлар қилишини кутиш мумкин¸ деб қўшимча қилади бу таҳлилчи.

1 май куни Ўзбекистон республикаси билан ОТБ ва Япония ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида умумий қиймати 1,015 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи битимлар имзоланди.

Бу маблағнинг Фарғона водийсида сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш, минтақавий автомобил йўлларини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва микрокредитлаш, Толлимаржон ГЭСида иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш сингари лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланиши кўзда тутилган.

Давлат статистикаси маълумотларига кўра¸ Ўзбекистон 2011 йилда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича Осиё-Тинч океани минтақасида энг юқори кўрсаткичларга эришиши мумкин. Тошкент ҳисоб-китобини такрорловчи ОТБ Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсишининг 2010 йилда 8,5 фоиз, 2011 йилда 9 фоизни ташкил қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG