Линклар

Аҳмадийнажод ва Клинтон ўртасида "ядровий сўз жанги" бўлиб ўтди


Аҳмадийнажод: АҚШ ядровий қуролларни кўпайтираётган, тарқатаётган ва улар билан таҳдид қилаётган “асосий гумонланувчидир”, дея таъкидлади

Аҳмадийнажод: АҚШ ядровий қуролларни кўпайтираётган, тарқатаётган ва улар билан таҳдид қилаётган “асосий гумонланувчидир”, дея таъкидлади

Эрон президенти ва АҚШ Давлат котиби ўртасидаги бу сўз жанжали БМТ нинг ядровий қуролларни тарқатмасликка оид навбатдаги анжумани давомида юзага чиқди.




АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимини қайта кўриб чиқишга оид бир ой давом этадиган йиғинда қатнашаётган 189 давлат делегатлари олдида қилган чиқишида Эроннинг ҳаракатлари унинг яккаланишига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

- Эрон бу залда вакиллари тўпланган давлатлар орасида Атом энергияси халқаро агентлиги Бошқарув ҳайъати томонидан ядровий хавфсизликка оид ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаётган ягона давлат, дея топилган. Яна қайтарман ягона давлат. У БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Атом энергияси халқаро агентлигига қарши чиқиб, ядровий қуролларни тарқатмаслик режими истиқболларини хавф остига қўйиб келмоқда, деди Клинтон.

АҚШ расмийлари бир неча ой давомида жаҳон етакчиларини ядровий дастури тинч мақсадларда эканини исботлашдан бош тортиб келаётган Эронга нисбатан қўшимча санкцияларни қўллашга кўндиришига уриниб келмоқда.

Клинтон “Эрон масъулиятни ўз бўйнидан соқит қилиш мақсадида халқаро ҳамжамият диққатини ўз ядровий дастуридан чалғитиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилади”, дея огоҳлантирди.

Дарҳақиқат, АҚШ давлат котибининг нутқидан бир неча соат олдин йиғин иштирокичлари олдида чиқиш қилган Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод жаҳоннинг ядровий қуроли бўлган давлатларни қуролсизлантириш ва БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди.

- Хавфсизлик кенгашининг ҳозирги тузилиши ўта адолатсиз ва самарасиздир ва бу ядровий қуролга эга бўлган давлатларни қўллаб қувватлашнинг асосий омилларидан биридир. БМТ Хавфсизлик кенгаши тузилишини ислоҳ қилиш ва Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимини амалга ошириш лозим ва улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ жараёнлардир. Бу жараёнлар ядровий агентликнинг мақсадларига эришиш учун зарурдир.

Аҳмадийнажод ядровий қуролларни “инсониятга қарши оташ”, дея атаб, Эроннинг атом бомбасини ясашга уринаётганига оид айбловларни инкор қилди.

- Атом бомбасига эга бўлиш нафақат пасткашликдир, балки номақбул иш ва шармандаликдир. Уни қўллаш билан таҳдид қилиш ва уни қўллаш унданда шармандалироқдир, деди Эрон раҳбари.

Анжуман иштирокчилари орасида ягона давлат раҳбари бўлган Аҳмадийнажон шунингдек, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларини ядровий қуролларнинг тарқалишига оид хавотирлар баҳонасида ривожаланаётган давлатларни ядровий технологиялардан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқларидан мосуво қилишга уринаётганликда айблади.

Қўшма Штатлар ядровий қуролларни кўпайтираётган, тарқатаётган ва улар билан таҳдид қилаётган “асосий гумонланувчидир”, дея таъкидлаган Аҳмадийнажод, атом бомбасини қўллаш билан таҳдид қилаётган давлатларни жазолашга чақирди.

- Афсуски, Қўшма Штатлар ядровий қуролни ишлатган ва баъзи мамлакатлар, жумладан менинг мамлкатимга ҳам ядровий қурол билан таҳдид қилган давлатдир, деди Аҳмадийнажод.

Эрон етакчиси шунингдек Исроилни Яқин Шарқ мамлакатларига ядровий қурол билан таҳдид қилаётганликда айблади.

Аҳмадийнажоднинг бундай баёнотларига жавобан, Ҳиллари Клинтон жумладан бундай деди.

- Бугун эрталаб анжуманда сўзга чиққан Эрон президенти Қўшма Штатлар ва бошқа давлатларга нисбатан яна ўша эскирган, ёлғон ва баъзан тийиқсиз абйловларни илгари сурди. Ҳаммангиз эшитганингиздек, Эрон масъулиятни ўз бўйнидан соқит қилиш мақсадида халқаро ҳамжамият диққатини ўз ядровий дастуридан чалғитиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда, деди АҚШ давлат котиби

Қўшма Штатлар, Британия ва Франциядан келган делегатларнинг барчаси Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод нутқ сўзлаётган пайтда БМТ Бош ассамблеяси залини тарк этди.

Душанба куни БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Эронни Хавфсизлик кенгашининг барча резолюцияларига тўлиқ амал қилиш ва Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорликка чақирди. У шунингдек, Теҳрон расмийларини Атом энергияси халқаро агентлиги ядровий ёнилғини етказиб беришга доир илгари сураётган таклифни қабул қилишга чақирди.

БМТ раҳбари Эрон ўз ядровий дастурига оид “шубҳа ва хавотирларни” баратараф қилиши керак, дея таъкидлади.

Аҳмадийнажод Бннинг бу фикрларига Эрон аллақачон таклиф этилаётган битимни қабул қилган, дея жавоб берди.

“БМТ бош котиби Эрон ядровий ёнилғини етказиб беришга оид таклифни қабул қилиши керак ва тўп энди Эрон майдончасида, деди. Мен у кишига ва сизга биз бу таклифни бошиданоқ қабул қилганимизни айтиб қўймоқчиман. Шунинг учун тўп энди бу битимни қабул қилиши ва ҳамкорликни бошлаши керак бўлганлар майдончасидадир”, деди Аҳмадийнажод.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG