Линклар

logo-print

АҚШ ядровий арсенали миқдорини ошкор қилди


Қўшма Штатлар биринчи марта ўз ядровий арсенали миқдорини расман очиқлади.

АҚШ мудофаа вазирлиги душанба куни эълон қилган маълумотларга кўра, ҳозирда АҚШ ядровий арсенали 5113 дона жанговар ҳолатдаги ва заҳирадаги ядровий каллаклардан иборатдир.

Эълон қилинган рақамлар АҚШ ядровий арсенали 1967 йил, яъни совуқ уруш давридаги 31255 каллакдан 84 фоиз, Берлин девори қулаган 1989 йилдаги миқдордан эса 75 фоизга камайганини кўрсатади.

Қўшма Штатлар шу пайтгача бу каби маълумотларни давлат сири сифатида сақлаб келган.

Бу маълумотлар Ню Йоркдаги БМТ қароргоҳида Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимини қайта кўриб чиқишга бағишланган анжуман ўтказилаётган пайтда эълон қилинди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Америка ядровий дастурининг иложи борича “шаффоф” бўлиши ядровий қуролларни назорат қилиш уринишларида ўзаро ишонч пайдо қилиши ва Қўшма Штатларнинг миллий хавфсизлик манфаатига мос келишини баён қилди.

- Бугундан бошлаб Қўшма Штатлар заҳираларимиздаги ядровий қуроллар ва 1991 йилдан бери зарарсизлатирилган қуроллар миқдорини эълон қилиб боради. Шунинг учун Қўшма Штатларнинг қуролсизланишга оид ўз мажбариятларини бажаришига шубҳа қилаётганларга бу бизнинг ҳисоботимиз ва ваъдамиз устидан чиқишимиз бўлади ҳамда аниқ муждани юборади, деди Клинтон.
XS
SM
MD
LG