Линклар

Клинтон халқаро ҳамжамиятни Теҳронга босим ўтказишга чақирди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Эроннинг ядровий амбициялари жаҳон хавфсизлигига таҳдид солишини баён қилиб, халқаро ҳамжамиятни Теҳронга босим ўтказишга чорлади.

АҚШ Давлат котиби бу ҳақда БМТ қароргоҳида Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимни қайта кўриб чиқишга бағишланган бир ойлик анжуман очилишида гапирди. Унда 189 давлат делегатлари қатнашмоқда.

Клинтон битимни бузадиган ҳар қандай давлат учун бунинг “оқибатлари” ёмон бўлишидан огоҳлантирди.

Ундан аввал Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз мамлакатининг ядровий қуролларни қўлга киритишга уринаётганига оид айбловларни рад этиб, "буни исботловчи бирор далил йўқ"лигини таъкидлади.

Аҳмадийнажод АҚШнинг янги ядровий стратегиясига ишора қилиб, атом бомбаси билан бошқаларга таҳдид қилаётган давлатларни жазолашга чақирди.

- Афсуски, Қўшма Штатлар ядровий қуролни ишлатган ва баъзи мамлакатлар, жумладан, менинг мамлакатимга ҳам ядровий қурол билан таҳдид қилган давлатдир, деди Эрон раҳбари.

Қўшма Штатлар, Британия ва Франция делегатлари Эрон президенти нутқ сўзлаётган пайтда зални тарк этди.
XS
SM
MD
LG