Линклар

АҚШ мулозимлари Бишкекка серқатнов бўлиб қолди


Кузатувчилар Вашингтон вакилларининг Бишкекка серқатнов бўлиб қолганини уларнинг Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит маркази тақдиридан хавотири кучая бошлагани билан боғлаяптилар.

Кузатувчилар Вашингтон вакилларининг Бишкекка серқатнов бўлиб қолганини уларнинг Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит маркази тақдиридан хавотири кучая бошлагани билан боғлаяптилар.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Майкл Макфол 4 май куни Бишкекка келди. Кузатувчилар апрел воқеаларидан сўнг Қирғизистонга иккинчи бор АҚШ расмийсининг ташриф буюришини Бишкекдаги ҳарбий транзит маркази масаласи билан боғламоқдалар.

Бироқ Муваққат ҳукумат расмийлари Россия ва АҚШ томони билан ўтказилаётган музокараларда аксилтеррор кучларининг ҳарбий транзит маркази масаласи кўтарилмаётганини, бу масала келажакдаги учрашувларда кўтарилиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Муваққат ҳукумат матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, 4 май куни Бишкекка келган АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Майкл Макфол ташрифидан мақсад Қирғизистонга ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилишдир. 14 апрел куни АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Роберт Блейк ҳам Бишкекка келиб кетган эди.

Бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариев фикрича, апрел воқеаларидан сўнг Россия ва унинг божхона иттифоқи бўйича ҳамкори Қозоғистон тарафидан Қирғизистонга АҚШ ҳарбий транзит базаси масаласида босим кучайган. Чунки Қирғизистон айни пайтда Россия ва Қозоғистондан олинадиган моддий ва иқтисодий ёрдамга ўта мухтож бўлиб турибди.

- Шунга қарамай, база яқин кунлар ичида Қирғизистондан чиқарилмайди. Шартномага мувофиқ, бу жараённинг бошланиши учун 6 ойлик муҳлат керак бўлади. Айни пайтда Россия томонидан базани мамлакатдан чиқариш масаласида Қирғизистонга босим қаттиқ бўлаяпти, дейди Марс Сариев.

Сиёсатшуноснинг айтишича, АҚШ томонидан ҳам Қирғизистон муваққат ҳукуматига транзит марказини сақлаб қолиш борасида босим кўрсатилмоқда. Буни 20 кун оралиғида Қирғизистонга Оқ уйнинг юқори мартабали икки расмийси келиб-кетгани ҳам тасдиқлаб турибди.

Шу билан бир қаторда Қирғизистондаги бир қатор сиёсий партиялар Бишкекдаги АҚШ транзит маркази қирғиз ҳукумати амалдорлари учун коррупция ўчоғи бўлиб келганини даъво қилмоқдалар.

3 май куни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, дастлабки текширувлар даврида АҚШ транзит базасини ёқилғи билан таъминлаган ширкатлар Қирғизистонга бир неча ой ичида 2 миллиард сўм, яъни қарийб 44,5 миллион доллар миқдорида зиён келтиргани аниқланган. АҚШ транзит марказини ёқилғи билан таъминловчи ширкат эса Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максимга тегишли экани айтиб келинади.

Айни пайтда мазкур масала юзасидан АҚШ конгресси ҳам ўз текширувини ўтказаётгани хақида хабар қилинган.

2009 йил 3 февралида Қурмонбек Бакиев Москвага сафари чоғида АҚШ базаси Қирғизистондан чиқарилишини эълон қилган эди. Шундан сўнг Россия Қирғизистонга 2 миллиард доллардан ортиқроқ кредит бериши маълум бўлган. Бироқ 2009 йилнинг ёзида Бакиев ўз қарорни ўзгартирган ҳамда Вашингтон вакиллари билан АҚШ базасини транзит маркази сифатида Бишкекда қолдирилиши тўғрисидаги шартномани имзолаган. Бунинг ортидан Қирғизистон-Россия муносабатларида совуқчилик пайдо бўлгани кузатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG