Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:37

Қозоғистон қочқинлар учун хатарли мамлакатга айланадими?


Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живаго фикрича, қочқинлар масаласи бўйича янги тартиб яқин орада катта муаммолар туғдириши мумкин.
Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живаго фикрича, қочқинлар масаласи бўйича янги тартиб яқин орада катта муаммолар туғдириши мумкин.

Қозоғистондан бошпана олмоқчи бўлган қочқинлар тақдири ҳақида қарор қабул қилиш ваколатининг қозоқ расмийларига берилганини шарҳлаëтга ҳуқуқ ҳимоячилари янги тартиб ўзбек қочқинлари аҳволини янада оғирлаштиришидан чўчимоқда.

Бундан буён Қозоғистонда бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки уларни юртига қайтариб юбориш масаласини БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эмас, балки Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ҳал қилади. Мазкур янги тартибга аниқлик киритиш мақсадида БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси билан боғландик.

Ваколатхонанинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходимаси Жанна Дўсова бунга жорий йил январ ойида Қозоғистон ҳукумати қабул қилган “Қочқинлар тўғрисида”ги қонун сабаб бўлганини айтди.

- Афсуски, қонунда БМТ қочқинлар иши бўйича ваколатхонаси роли ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Аммо бизнинг ташкилот ва Қозоғистон ҳукумати ўртасидаги келишувга кўра, ҳозирда бошпана излаётган барча шахслар, уларнинг қайси давлатдан бўлишидан қатъий назар, давлат процедурасидан ўтиш имконига эгадирлар. Шунга мувофиқ, улар бошпана сўраш учун Қозоғистоннинг миграция қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин, деди Жанна Дўсова.

Айтиш жоизки, Қозоғистон ҳукумати ва БМТ қочқинлар иши бўйича ваколатхонаси ўртасидаги мазкур келишувга 21 апрел куни эришилган. Ваколатхона ходимасига кўра, эндиликда Қозоғистонга келган қочқинлар масаласи билан бевосита қозоқ расмийлари шуғулланади.

Маълумотларга кўра, БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонасига Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитойдан келган қочқинлар кўпроқ мурожаат қилади. Ўтган йили ваколатхона рўйхатга олинган бошпана изловчилар орасида кўпчиликни ўзбекистонликлар ташкил этишини билдирганди.

Энди Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлардан Қозоғистонга бошпана излаб келган кишилар беш кун давомида мамлакат меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаментига мурожаат қилишлари ва рўйхатдан ўтишлари шарт бўлади.

Аниқланишича, республика миграция хизмати ўзи лозим деб топган кишига қочқин мақомини беради. БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эса эндиликда бу ишда фақат кузатувчи ва маслаҳат берувчи ролини ўтайди.

- БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси ходимлари қочқин мақомини белгилаш бўйича давлат комиссияси йиғилишларида иштирок этади. Шунга мувофиқ, биз Қозоғистондан бошпана топиш ниятида бўлган кишилар тақдири қандай кечаётганини қайд этиб, бу ишни диққат билан назорат қилиб турамиз, деди Жанна Дўсова.

Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари бюросининг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живаго бунга катта шубҳа билан қарашини таъкидлади.

- Қозоғистон ҳукумати томонидан яқин хориждан келган қочқинларни рўйхатга олиш жараёни умуман иш бермаяпти. Сабаби аввал миграция департаменти фақат Афғонистондан келган қочқинлар билан ишларди. Ҳозир миграция органи ходимлари Ўзбекистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа давлатларидан келган қочқинлар билан қандай ишлаш ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслар. Яқин орада бу катта бош оғриқ туғдиради, дейди Денис Живаго.

Унга кўра, бундай бошоғриқ ҳозирнинг ўзидаёқ пайдо бўлган. Яъни айни пайтда миграция органи ходимлари ўз юртида қидирувда бўлгани боис Қозоғистон қамоқхона ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган қочқинлар ишини юридик жиҳатдан қандай ҳал этишни билмаяптилар.

Эслатиш жоизки, бундан аввал БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси қўшни давлатлардан Қозоғистонга келган қочқинларга “бошпана изловчи шахс” сертификатини берар эди. Мана шу ҳужжат асосида қочқинлар Қозоғистон ҳудудида бемалол яшай олардилар.

Ўзбекистонда қидирувда бўлган, аммо БМТ қочқинлар идорасининг мазкур ҳужжатини олган ўзбек қочқинлари қозоқ полицияси томонидан қўлга олинган тақдирда ҳам ўз юртига бадарға қилиниши мумкин эмасди. Янги қабул қилинган қонунга кўра эса бундай ҳужжат ўз кучини йўқотади.

Аснода қочқинлар ишини кўриш ваколати қозоқ расмийлари ихтиёрига ўтганидан хабар топган ўзбек қочқинлари ўз хавотирларини яширмаяптилар.

- Қочқинлар ҳозир ваҳимада ўтирибди. Нимага унақа бўлади, бўлиши мумкин эмас бу нарса. Қозоғистон билан Ўзбекистон бир қадам-ку. Кўктепа деган жойда Погран деган жой бор, ўша ерда қочқинларимизни уйдан босиб олиб кетди маска, автоматлар билан. Ким кафолат берадики, бизнинг ўзбекларимизни бу ердан ушлаб кетмаслигига. Қозоғистон ўзи ҳам бериб юбориши мумкин, бунга ҳеч ким гарантия беролмайди. Ўзи қочқинни нимага қочқин дейди? Улар бошпана олиб, учинчи давлатга чиқиб кетиш арафасида тинчгина яшашни хоҳлайди. Бу ерда ўтиргани билан ё ишлай олмайди, ё кўчада бемалол юролмайди бизнинг қочқинлар. Конечно паника бор, дейди ўзбекистонлик қочқинлардан бири.

Айни пайтда қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари қочқинлар тақдирини ҳал этиш қозоқ ҳукумати ихтиёрига ўтгач, давлат амалдорларининг қочқинларни бесабаб овора қилиши, уларнинг аризаларини қабул қилмаслиги ёки ундан ҳам даҳшатлиси, ҳаёти хавф остида бўлган қочқинни юртига қайтариб юбориш мумкинлигини таъкидлашмоқда.

- БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси қандайдир муаммо туғилса, бу ҳақда жар сола бошлаши мумкин албатта. Аммо бу юртига бадарға қилинган қочқинларнинг Қозоғистонга қайтарилишини кафолатлай олмайди. Москвада қочқинлар ишини ҳал қилиш масаласи миграция органлари ихтиёрига топширилганида шундай бўлганди. Улар қочқинларни ўз юртига қайтариб юборгандилар, дейди Живаго.

Айтиш жоизки, бир неча йил аввал Қозоғистон ҳудудида бошпана топган ўзбек қочқинларининг қозоқ махфий хизматлари томонидан таъқиб қилиниши, уларнинг ойлаб ҳибсда сақланиши ҳамда ўзбек қочқинларининг Қозоғистон ҳудудида бедарак йўқолиши ҳолатлари кўп учраган.

Кузатувчилар авваллари бундай ҳолатлар юз берган пайтда БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси қочқинга ўз вақтида ёрдам бериш имкониятига эга бўлган бўлса, эндиликда ваколатхона бундай “имтиёз”дан маҳрум этилганини, бундан фойдаланган қозоқ амалдорлари эса қочқинлар ҳаётини ўзлари билганча ҳал этишлари хавфи пайдо бўлганини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG