Линклар

Ер юзида оналар учун жаннат қайда?


Афғонистон оналари дунëдаги энг оғир шароитда кун кечирмоқдалар.

Афғонистон оналари дунëдаги энг оғир шароитда кун кечирмоқдалар.

Ўн бир йилдан бери ана шу саволга жавоб излаб келаëтган “Болаларни асранг” деб номланган халқаро ташкилот хулосасига кўра¸ Норвегия ва Австралия оналик ва болалик учун энг жаннатмакон юртлар бўлса¸ Афғонистон¸ аксинча¸ жаҳаннам кабидир.

“Болаларни асранг” ташкилотининг Оналар индекси деб номланган йиллик ҳисоботи муаллифлари ўз хулосаларини дунëнинг 160 мамлакатидаги оналик билан боғлиқ шароитни акс эттирувчи рақамлар асосига қуриб келмоқда.

Бу индекс оналарнинг маърифат олиш ҳаққи¸ уларга берилган иқтисодий имконлар ва тиббий хизматдан фойдаланиш даражасидан келиб чиқиб тузилади.

Ҳисоботда¸ ҳар бир мамлакатдаги ҳомиладорлик ва туғруқ билан боғлиқ ўлим кўрсаткичи¸ аëлларнинг замонавий контрацепциядан фойдаланиш даражаси¸ хотин-қизларнинг ўртача умр давомийлиги каби жиҳатлар ҳам инобатга олинган.

Ҳисоботга киритилган 160 давлат ўз ичида учта алоҳида гуруҳга бўлинган. “Тараққий қилган давлатлар”¸ деб номланган биринчи гуруҳга 43 мамлакат киритилган бўлиб¸ ҳисобот муаллифларига кўра¸ оналик учун энг яхши шарт-шароит ана шу давлатларда мавжуддир.

Биринчи ўнликка Норвегия ва Австралиядан кейин Исландия¸ Швеция¸ Дания¸ Янги Зеландия¸ Финляндия¸ Ҳолландия¸ Белгия ва Германия киритилган.

Россия¸ Украина¸ Молдова¸ Босния¸ Македония ва Албания эса¸ биринчи гуруҳдаги сўнгги ўринларга қўйилган.

Ҳисобот ичидаги “Кам тараққий қилган давлатлар” деб номланган иккинчи гуруҳга дунëнинг 77 мамлакати киритилган.

Марказий Осиëнинг бешала давлати айнан ана шу гуруҳга киритилган бўлиб¸ Ўзбекистон оналар ва аëллар индекси бўйича рўйхатнинг 23-ўрнига¸ болалар индекси бўйича эса 36-ўринга қўйилган. 160 мамлакатнинг тўлиқ рўйхатида эса¸ Ўзбекистон оналар ва аëллар кўрсаткичи бўйича 66 ўрин¸ болалар индекси бўйича эса¸ 79-ўринга қўйилган. Ҳисоботда келтирилишича¸ Ўзбекистонда ҳар 1400 аëлдан бири туғруқ билан боғлиқ муаммолар туфайли ҳаëтдан кўз юммоқда¸ туғиш пайтида тиббий ëрдам кўрсатилиш даражаси Ўзбекистонда 100 фоизни¸ аëлларнинг замонавий контрацепциядан фойдаланиши 59 фоизни ташкил этади¸ Ўзбекистонда аëллар ўртача 71 йил умр кўрмоқда.

Қиëс усун¸ Қозоғистон кам тараққий этган давлатлар орасида оналар кўрсаткичи бўйича 8-ўринни¸ умумрўйхатда эса 51-ўринни олган бўлса¸ Қирғизистон мазкур гуруҳ ичида 25- ўринга қўйилган.

Ҳисоботнинг "Энг кам тараққий қилган давлатлар" гуруҳига асосан Африкадаги 40 давлат киритилган бўлиб¸ Афғонистон мазкур гуруҳ¸ қолаверса дунëнинг 160 давлати ичида оналик ва болалик учун энг қўрқинчли давлат деб топилган. Ҳисоботда айтилишича¸ афғон аëлларининг ҳар саккизтадан биттаси туғиш пайтида оламдан кўз юммоқда¸бор-йўқ 14 фоиз аëлгагина туғруқ пайтида тиббий ëрдам кўрсатилади¸ аëлларнинг 16 фоизигина замонавий контрацепциядан фойдаланади ва мамлакатдаги аëлларнинг ўртача умри 44 йилни ташкил этади.

Оналик ва болалик учун шароитнинг ëмонлиги бўйича Афғонистон Конго¸Чад ва Нигер каби давлатларни ҳам ортда қолдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG