Линклар

Брюсселда Андижон қурбонлари хотирланди

  • Садриддин Ашур

Европа парламенти биносида бўлиб ўтган 4 май кунги йиғинда Европа қўмитаси вакилларидан ҳеч ким иштирок этмади.

Европа парламенти биносида бўлиб ўтган 4 май кунги йиғинда Европа қўмитаси вакилларидан ҳеч ким иштирок этмади.

Лондондаги Ўзбекистон ташаббус гуруҳи¸ Халқаро амнистия, Андижон – Адолат ва тикланиш, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилотилари ҳамкорликда Андижондаги қонли воқеаларнинг беш йиллиги муносабати билан махсус анжуман ўтказди.



Брюсселдаги Европа парламенти биносида ўтказилаётган бу анжуманда Озодлик мухбири Абдулла Искандар ҳам иштирок қилди.

Абдулла Искандар: Брюсселда Европа парламенти биносида ўтаëтган “Андижон фожиасидан беш йил ўтиб” деган мавзудаги давра столини Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролайн олиб бормоқда. Европа парламентининг инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакиласи Ҳайди Ҳаталия муҳокамани бошлаб берар экан¸ Андижон воқеаларидан беш йил ўтиб Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволининг ўта аянчли аҳволда эканини факт ўлароқ қайд қилди. Европарламент мулозимлари Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаëтган 13 нафар сиëсий маҳбуснинг дарҳол озод этилишини талаб қилдилар.

Озодлик: Йиғинда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари борми?

Абдулла Искандар: Биласизми¸ Ўзбекистондан келиши керак бўлган баъзи делегатлар охирги дақиқаларда ўз қарорларидан воз кечишди. Лекин айни пайтда Андижон воқеаларидан кейин мамлакат ташқарисига чиқиб кетган бир қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари мана шу анжуманда фаол иштирок этишмоқда. “Андижон қатлиомидан беш йил ўтиб” деган мавзуни Европарламентнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Никола Риналди давом эттирар экан¸ турист қиëфасида Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўрганларини гапириб берди. “Мен билан суҳбатлашганлар Андижон воқеаларида 100 дан ортиқ одамнинг ҳукумат тарафидан ўлдирилганини даҳшат билан ҳикоя қилишди” деди у.

Шундан кейин журналист Моника Уитлер суратга олган “Андижон ҳикоялари” филми намойиш қилинди. Моника Уитлер Андижон воқеаларидан бир кун олдин ўша ерда бўлиб суратга олган¸ аммо негадир 13 май куни ташқарига чиқиб кетган эди. Жуда кўп оригинал кадрлар биринчи бор Брюсселдаги анжуман чоғида намойиш қилинди.

“Андижон жабрдийдалари ҳақиқат талаб қилади” деди филмдан кейин сўз олган собиқ маҳбуса ва инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева. Ўз нутқи давомида Тожибоева Андижон воқеаларидан кейин Андижонда оммавий қамоққа олишлар ҳақидаги ҳужжатларини очиқлади. Бу ҳужжатлар Европа парламенти вакилларига берилди.

Андижон воқеалари бошланган 13 май куни Андижон турмасида ўтирган ва исëнчилар тарафидан озод қилинган тадбиркор Бахтиëр Маҳмудов гувоҳлиги ҳам тингланди. Мен бунақа анжуманларда олдин ҳам қатнашганман. Андижон воқеаларининг бир¸ икки йиллиги бўлганда Андижон воқеаларининг асосий гувоҳлари нимагадир гувоҳлик беришдан ўзларини тийиб туришган эди. Мана бу сафар Андижон воқеаларини ўз кўзи билан кўрган Бахтиëр Маҳмудов гувоҳлиги тингланмоқда.

Озодлик: Европа иттифоқидан вакиллар қатнашмоқда дедингиз. Уларга бу анжуман таъсир кўрсатаяптими? Бирор нарса деяптими улар?

Абдулла Искандар: Бу йиғинда Европа қўмитаси ëки Европа парламентидан вакиллар қатнашди¸ дея олмаймиз. Фақат баъзи бир паст даражали мулозимлар қатнашаяпти¸ холос. Бу ерда қандайдир маънода Ўзбекистон билан ЕИ муносабатларига зарар етказмаслик маъносида эҳтиëткорлик бор. Айни пайтда Брюсселда Ўзбекистондан келган делегация ҳам бор. Ўзбекистон расмийларидан ташкил топган бу делегация анжуманга келмади. Улар эртага учрашишади ва бу ëпиқ эшиклар ортида бўлади. Европа парламенти вакилларининг бугунги йиғиндан олис масофада туришларини ўта эҳтиëткорлик¸ дейишимиз мумкин.

Озодлик: Бугунги анжуман қатнашчиларининг Европа парламенти олдида пикет уюштириши ҳақида хабар тарқатилган эди. Бўлаяптими шу пикетлар?

Абдулла Искандар: Ҳозирча Европарламент олдида пикетлар йўқ. Аммо маданий тадбирлар бўлади куннинг иккинчи ярмида. Шоир Ëдгор Обид келди¸ ўзбекистонлик рассомлар¸ композиторлар Андижон фожиасининг бадиий ижоддаги акси ҳақида гаплашишади. Шунингдек Моника Уитлер киносининг баъзи тафсилотлари эълон қилинади. Куннинг иккинчи ярмида қийноқларга солинган андижонлик тиббиëт ходимининг гувоҳлиги тингланади. Бу ëпиқ эшиклар ортида бўлади. Гувоҳнинг оила аъзоларига босимлар ўтказилмаслиги мақсадида шундай қилинаяпти.
XS
SM
MD
LG