Линклар

Тожик журналистлари янги декларацияни хуш қабул қилмади

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик журналистлар "Матбуот тўғрисида қонун" бўлган мамлакатда қўшимча ҳужжатлар қабул қилиш ортиқча эканини айтмоқдалар.

Тожикистонлик журналистлар "Матбуот тўғрисида қонун" бўлган мамлакатда қўшимча ҳужжатлар қабул қилиш ортиқча эканини айтмоқдалар.

Тожикистон Журналистлар уюшмаси янги декларация қабул қилиш билан мамлакат оммавий ахборот воситалари вакилларига ахлоқий принциплар доирасида фаолият юритиш мажбуриятини юклади.

3 май - Матбуот эркинлиги кунида мазкур ташкилот томонидан имзоланган Декларацияга мувофиқ, бундан буён тожикистонлик журналистлар ўз мақолаларида далиллар ва фикрлар, версиялар ҳамда тахминлар ўртасидаги фарқларни жуда аниқ белгилаб олишлари лозим бўлади.

Декларация талабларига мувофиқ, тожик жамиятидаги журналистлар “ҳар қандай вазиятда ахлоқий меъёрлар доирасида иш юритишлари лозим”дир.

“Журналистлар маълумот бермаган жисмоний ва ҳуқуқий шахсларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тан олади ва ҳурмат қилади” дейилади мазкур ҳужжат бандларидан бирида.

“Азия плюс” ахборот агентлиги мухбири Наргис Ҳамробоева “Матбуот тўғрисидаги қонун” мавжуд Тожикистонда бундай бир декларациянинг қабул қилиниши ортиқчадир, дея мулоҳаза билдиради.

- Бу ҳужжатда ҳеч қандай янгилик кўрмаяпман. Журналистлар профессионал этикаси бўйича қабул қилинган асосий қонунда белгиланган нормалар бу ҳужжатда ҳам такрорланган. Лекин мени бу ҳужжатда ҳайратга солаётган нарса шуки, агар жисмоний ва ҳуқуқий шахслар бизга маълумот беришдан бош тортсалар, биз буни нормал ҳолат, деб қабул қилишимиз лозим экан. Ўз вақтида ва тасдиқланган маълумот олиш бугунда барча журналистлар учун умумий муаммо, айниқса, давлат мулозимларидан. Журналистларга шундай мажбуриятларни юклаётган бу ҳужжат, менимча, кўпроқ ҳуқуқий шахсларни, яъни кўпроқ мулозимларни дастаклаётгандек, дейди “Азия плюс” мухбири.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоев эса бу фикрларда асос йўқлигини таъкидлайди.

- Тожикистондаги оммавий ахборот воситаларининг аксариятида босилаётган мақолаларда журналист этикасига риоя қилинмайди. Бу, ўз навбатида, кўпинча давлат идоралари ва жисмоний шахсларнинг журналистлар устидан судга мурожат қилишига олиб келмоқда. Шуни назарга олган ҳолда, биз Журналистлар уюшмаси билан бирга шундай бир ҳужжатни қабул қилишга қарор қилдик, дейди Нуриддин Қаршибоев.

ББС радиоси форс хизмати Душанбедаги идораси мухбири Искандари Фируз Тожикистонда журналистлар ҳуқуқлари ва этикасига доир қатор қонунлар мавжудлигини, шу важжан бу қонунларни такрорловчи қўшимча ҳужжатларга эҳтиёж йўқлигини айтади.

- Аксинча бугун Тожикистондаги журналистлар касбий фаолиятида мавжуд муаммоларни ҳал қилиб берадиган ва бу атрофда асосий қонунда мавжуд камчиликларни тузатадиган ҳужжатлар қабул қилинса, айни муддао бўлур эди. Яна шуни ҳам айтиш лозимки, оммавий ахборот воситалари фаолияти тўғрисида қабул қилинаётган ҳар қандай ҳужжат ўша қабул қилинган асосий қонунлар доирасидан чиқмай қолаяпти. Шунинг учун бўлса керак, бундай ҳужжатлар журналистларга қўшимча имтиёзлар бермайди, дейди ББС мухбири Искандари Фируз.

Шуни ҳам айтиш жоизки, гарчи Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз мамлакатида матбуот эркинлиги таъминлангани ва журналистлар муҳим воқеалар юзасидан ўз вақтида маълумот олиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлаб келса-да, бироқ аслида бунинг акси кузатилади.

Имомали Раҳмон ўз айтганлари исботи сифатида давлат идоралари зиммасига йилнинг ҳар чорагида ўз фаолияти борасида журналистлар учун матбуот анжуманлари уюштиришни юклаган.

Гарчи давлат мулозимларига давлат сиридан ташқари барча маълумотларни журналистларга тақдим этиш мажбурияти юклатилган эса-да, кўпчилик мулозимлар бунга амал қилмаётир.
XS
SM
MD
LG