Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:49

Андижонда террор муҳити ҳукм сурмоқда


2005 йил 13 май воқеалари ортидан хорижга чиқиб кетган андижонликларнинг ватанда қолган яқинлари шу кунларда давлат террорига дучор бўлаëтганларини айтмоқдалар.
2005 йил 13 май воқеалари ортидан хорижга чиқиб кетган андижонликларнинг ватанда қолган яқинлари шу кунларда давлат террорига дучор бўлаëтганларини айтмоқдалар.

Андижон қирғинининг беш йиллиги арафасида бу воқеалар ортидан ватанни тарк этишга мажбур бўлган қочқинларнинг яқинлари кенг кўламли давлат террорига нишон бўлмоқда¸ деб бонг урди Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти 4 май куни эълон қилган махсус баëнотида.


Ўзбекистон ҳукумати беш йил аввалги Андижон намойишларига алоқадорликда гумонланаётганлар яқинларини қаттиқ таъқиб остига олмоқда. Маркази Ню Йоркда жойлашган Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу ҳақда 4 май куни бонг урди.

Ташкилот ўзи олиб борган янги тадқиқот натижаларига таяниб, 2005 йилнинг 13 май кунги воқеалардан сўнг хориждан бошпана топган қочқинларнинг Андижонда қолган яқинларига нисбатан тазйиқлар, милицияга тинимсиз чақир-чақирлар, сўроққа тутишлар давом этаётгани, мактабларда болалари таҳқирланаётгани ҳақида баëнот тарқатди.

Ташкилотга кўра, андижонлик қочқинларнинг қариндошларига уй-жойларини тортиб олиш билан пўписа қилишлар, Ўзбекистонда қолган болаларига нисбатан эса мактабларда таҳқиромуз муносабатлар ҳамон мавжуд.

Андижонлик қочқинларнинг болаларига мактаб расмийлари тарафидан "халқ душманининг фарзанди" деган ёрлиқ ёпиштирилмоқда. Шунингдек, ҳукумат андижонлик қочқинларни қайтариш учун уларнинг Ўзбекистондаги оилаларига босим ўтказмоқда.

Шаҳноза исмли андижонликнинг Ҳюман Райтс Уотчга айтишича, милиция ходимлари уни "Эринг қайтиб келса¸ унга ҳеч нарса бўлмайди. Буни унга айт. Агар сен уни бунга ишонтира олмасанг¸ сенинг ўзингни қамоққа ташлаймиз. Шунда эринг қайтиб келади", деб қўрқитишган.

Андижондаги оиласига нисбатан шундай босим натижасида шу йил бошида Австралиядан Андижонга қайтиб борган Дилором Абдуқодирова ўтган ҳафтада конституциявий тузумга тажоввуз қилиш, ноқонуний диний оқимга аъзолик ҳамда чегарани ноқонуний бузишда айбланиб 10 йилу 2 ойга қамалди.

- Ўзбекистон ҳукумати Андижон жабрдийдалари учун адолатни қарор топтириш ўрнига норозилик чиқишларга алоқаси бўлган ҳар бир кишини таъқиб қилмоқда, деб билдирди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ҳолли Картнер.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, 2005 йил 13 май воқеаларидан беш йил ўтиб Андижонда янада кучлироқ қўрқув муҳити юзага келган. Таъқибларга дош беролмай Андижондан қочиб чиққан 24 киши шу йил март ойида Ҳюман Райтс Уотч билан суҳбатда Андижонда ўзларининг яқинлари доимий қўрқув ичида яшаëтганини ҳикоя қилиб берган.

- Андижонликлар бугун қаттиқ тазйиқлар ва давомли қатағонлар гирдобида қолишган ва Ўзбекистонда кечаётган бу аянчли ҳодисалар халқаро ҳамжамиятнинг вазиятга бефарқ қараб туриши, Андижон мавзусининг халқаро кун тартибидан олиб ташлангани билан бевосита боғлиқдир, дейди Ҳюман Райтс Уотч вакиласи Вероника Сенте Голдстон.

Европа иттифоқи ва АҚШ 2005 йил 13 майдаги Андижон қатлиоми ортидан Ўзбекистон ҳукуматини қаттиқ танқид қилиб, бу юзадан мустақил текширув ўтказилишини талаб этган эса-да, бугун бу борада сукут сақламоқда. Андижон воқеаларининг беш йиллигига бағишлаб, Брюсселда ўтаётган анжуманда қатнашаётган Вероника Сенте Голдстон Европа иттифоқи ва АҚШ учун Ўзбекистон ҳукуматига мажбуриятларини эслатиш мавриди етганини қайд этди.

- Бу ерда қатнашаётган Европа парламенти вакиллари ЕИнинг Ўзбекистон бўйича олиб бораётган сиёсати, жумладан Ўзбекистон қўйилган талабларнинг биронтасини бажармай туриб, бу давлатга жорий этган санкцияларни бекор қилиш сиëсатини танқид остига олишди. Ўйлаймизки улар бу танқидларни Европа Кенгаши ва Европа Комиссисияда ҳам кўтариб, уларни Ўзбекистон борасида жиддийроқ бўлишга ундашади. Шу йил куз ойларида ЕИ санкциялар масаласини қайта кўриб чиқиши керак. Бизнингча¸ Европа иттифоқи Тошкент ҳукуматига қаттиқ талабларни қўйиши, талаблар бажарилмагани тақдирда бунинг оқибатлари ҳақида огоҳлантириши учун ҳозир энг қулай пайтдир, дейди Вероника Сенте Голдстон.
XS
SM
MD
LG