Линклар

logo-print

6 апрел куни Толас шаҳрида бошланиб, 7 апрел куни президент Қурманбек Бакиевнинг Бишкекни ташлаб, Жалолобод вилоятидаги ўз қишлоғи¸ундан Беларусга кетиб қолиши билан тугаган воқеаларга бир ой тўлди.

Мақоламизда Бакиев қочиб кетгач, эгасиз қолган ҳокимият ваколатларини ўз зиммасига олган мухолифатчиларнинг 1 ойлик фаолиятига баҳо бермоқчи эмасмиз.

Зеро, баҳони қирғизистонликлар ўзлари беради. Улар президент Ақаевнинг фаолиятига 15 йилда, президент Бакиевнинг фаолиятига 5 йилда ўз баҳосини берди.

Лекин, шундай бўлса-да, жорий ҳокимият – Муваққат ҳукуматнинг ўтган бир ой ичидаги фаолиятига бир назар ташлаб олиш эҳтиёжи бор.

Бу ишда бизга 2005 йилги инқилобдан сўнг бир муддат Ўш вилояти губернатори бўлиб турган, бу йилги инқилоб арафасида Бакиев ҳукумати ҳибсга олган, сўнгги бир ой ичида Муваққат ҳукуматнинг ҳам танқидчисига айланган Анвар Ортиқов ёрдам беради.

- Албатта 7 апрелда халқ инқилоби бўлди. Фақат халқнинг қаҳри қайнаб¸ ғазаби келиб чидай олмай қолгандан кейин қонхўр режимдан қутулиш учун ўзини ўққа тутиб, 85 одам қурбонликка кетди¸ дейди Анвар Ортиқов.

Ортда қолган бир ой натижаларига тўхталар экан, Анвар Ортиқов бундай деди:

- Бу янги ҳукумат биринчидан тўлиқ легитим эмас. Чунки буни ҳеч ким сайлагани йўқ. Булар ўзлари бориб¸ оппозициянинг лидерларимиз деб (мен ҳам лидерлар қаторида бўлганман)¸ улар бориб “Биз вақтли ҳукуматмиз” деб ўзларини эълон қилди. Халқ бунга: “Қани сизлар бошқариб кўринглар”, дегандай қилиб, йўл қўйиб берди¸ дейди Анвар Ортиқов.

Муваққат ҳукумат аъзолари, афтидан, ҳокимиятнинг осонгина қўлга кириб қолиши мумкинлигини ўйламаган ҳам кўринади.

Бакиев ҳукумати уюштирган Бирдамлик қурултойи 23 март куни якунига етган, мухолифат эса 7 апрель куни вилоятлар ва пойтахтда муқобил қурултойлар ўтказмоқчи бўлган эди.

6 апрель куни Толасда қурултойга тайёгарлик кўраётган мухолифатчилар раҳбари ҳибсга олиндию тўполон бошланиб кетди.

Ҳокимият тепасига келган мухолифатчилар орасида ҳамжиҳатлик йўқлиги (ҳар ҳолда, дастлабки кунларда бўлмаганлиги) кадр танлаш масаласида яққол кўриниб қолди.

Масалан, 8 апрел куни Муваққат ҳукумат аъзоси Темир Сариев Божхона хизмати раҳбарлигига Дмитрий Федоровни тайинлаган эди.

9 апрел куни Муваққат ҳукуматнинг бошқа бир аъзоси Азимбек Бекназаров Божхона хизмати раҳбарлигига Эрнис Акматовни тайинлади.

Орадан 3 кун ўтиб, Муваққат ҳукуматнинг яна бир аъзоси Алмаз Атамбаев Божхона хизмати раҳбарлигига Қуванич Қулматовни тайинлади.

Шу кунда Божхона хизматини ким бошқариб турганига қизиқиб кўрмадик.

Қирғизистонликларнинг ғазабини қайнатиб, кўчага чиқарган асосий омиллардан бири электр энергияси ва иссиқлик нархининг кескин кўтарилгани эди.

Муваққат ҳукумат электр энергияси нархларини аввалги ҳолатига қайтарди, лекин, Анвар Ортиқовнинг айтишича, “Иссиқликка бўлган нарх 10 фоизга арзонлади”.

Унинг фикрича, Муваққат ҳукуматга халқ ишончи чексиз эмас. Ишончнинг сақланиб қолиши, ҳукуматнинг Бакиев ва бакиевчиларни жазолай билишига боғлиқ.

- Қон тўкилишига сабабчи бўлганларнинг деярли ҳаммаси¸ иккинчи даражали бир-иккисини ҳисобга олмаганда¸ қўлга туширилгани йўқ¸ дейди Анвар Ортиқов.

Ҳукумат шу кунда собиқ президент Бакиевни Белоруссиядан олиб келишга уринмоқда.

Анвар Ортиқов яна бир масалага тўхталди.

- Иқтисодий аҳволимиз ëмон аҳволда. Чунки мана қўшнилар чегарани ëпиб қўйган¸ дейди Анвар Ортиқов.

Ўшлик Умархон аканинг айтишича, 7 апрел воқеалари бирданига бўлмаса-да, нарх-навога сезиларли таъсир қилди

- Масала,н беш литрлик 290 сўм турадиган оқ ëғ ҳозир 330 бўлди. Чегара ҳамма ëқ бекик¸ дейди Умархон ака.

Муваққат ҳукумат ўз номи билан "муваққат".

Ўтган бир ой давомида у ўз ваколатларини янги, легал ва легитим ҳукуматга ўтказиб беришга тайёргарликни бошлади.

27 июнда референдум, 10 октябрда парламент ва президент сайлови ўтказиш режалаштирилди.

Референдумда янги конституция лойиҳаси умумхалқ овозига қўйилади.

4 май куни янги Асосий қонунни ишлаб чиқиш учун тузилган Конституциявий кенгаш иш бошлади.

Муваққат ҳукумат аъзолари Қирғизистон бундан буён парламент республикаси бўлиши керак, деган фикрда.

Бироқ Анвар Ортиқов президентга кенг ваколатлар бериладиган республика тарафдори.

- Чунки, - дейди у¸ - қанчалик президент ëмон бўлмасин¸ мана шу президент бир кун қилган ишларига жавоб беради.

Фақат бир кун келиб шундай бўлиши учун халқ ҳам қирғизистонликлардай бўлиши керакка ўхшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG