Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:55

Ўзбек оналари - бахтиëрмисиз?


Қишлоқлардаги иқтисодий ҳаëт оғирлашгани сайин¸ аксарияти қишлоқда яшовчи ўзбек оналарининг вазияти ҳам оғирлашмоқда.
Қишлоқлардаги иқтисодий ҳаëт оғирлашгани сайин¸ аксарияти қишлоқда яшовчи ўзбек оналарининг вазияти ҳам оғирлашмоқда.

“Болаларни асранг” халқаро ташкилотининг Оналар индекси деб номланган йиллик ҳисоботига кўра¸ “Кам тараққий қилган давлатлар” қаторига киритилган Ўзбекистон оналик ва болалик учун мавжуд шароит бўйича дунëдаги 160 давлат рўйхатида 66- ўринга қўйилди.


Мазкур ҳисоботнинг Ўзбекистондаги оналикка оид хулосалари муносабати билан ўзбекистонлик оналарнинг ўзини суҳбатга тортдик.

Хоразмлик Маржон исмли келинчак икки фарзанднинг онаси. Маржон Ўзбекистонда оналик ва болаликнинг давлат томонидан кафолатланган ҳақларидан асосийси болалар учун нафақа пули эканини таъкидлай туриб¸ ўзининг бундай ëрдамдан мосуво эканини айтади.

- Икки ëшгача бўлган болаларга 75 минг сўм пул чиқади. 18 ëшдагигача 16 минг сўм чиқади. Лекин бу пул оиласи алоҳида бўлса¸ олдида пенсионер бўлмаса чиқади. Документда оилангизни алоҳида қилиб қўйсангиз¸ пул чиқади. Унда ҳам олдиндан порасини берсангиз чиқади. Бўлмаса йўқ. Агар уйда пенсионер бўлса ва шунга қарам бўлиб ўтирган бўлса¸ нафақа пули чиқмайди. Бизнинг уйимизда фақат қайнонам пенсия олади. Унинг пенсия пулини уйдагиларга бўлиниб, бу пул энг кам ойликдан кўп бўлгани учун мени болаларимга нафақа пули беришмайди, дейди Маржон.

Уч фарзанднинг онаси тошкентлик Нигорабону эса болаларига нафақа пули олишини, лекин бу жуда кам миқдорда эканлигидан нолийди.

- Агар бу пулнинг миқдорини ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак¸ учта фарзандга бериладиган нафақа пули битта фарзанднинг боғча пулини тўлашга ҳам етмайди. СССР даврида онамга берилган давлат имтиëзлари билан солиштирадиган бўлсам¸ ҳозир ҳеч қанақа имтиëз йўқ. Олдин сут маҳсулотлари бериларди, ҳар ҳолда арзон нархда болалари учун. Тиббий ëрдамга ҳам жиддий қараларди. Ҳозир йўқ. Қўлингизда пул бўлса¸ шароит бор. Бўлмаса йўқ. Аëлларга “Ие¸ шунча фарзандинг бор экан, мана бу фарзандинг учун сенга имтиëз” деган нарса менимча Ўзбекистонда йўқ, дейди Нигорабону.

Оналар ва болалар масалаларини яқиндан ўрганган Тошкентдаги “Озод аёл” ташкилоти раҳбари Гавҳар Ориповага кўра, бугунги кунда ўзбек оналари учун деярли шароитлар яратилмаган.

- Ўзбек оналари учун ҳеч қанақа шароит йўқ¸ деб биламан мен. Ўзбек онаси қаëққа бормасин бир нарсани қилиши муаммо. Мисол учун¸ болалари касал бўлиб касалхонага ëтадиган бўлса¸ уни ҳам ëтқиза олмайди. Фақат пул рол ўйнайди. Пул¸ пул¸ пул ва яна пул. Ўзи касал бўлиб қолиб поликлиникага чиқса¸ ордер ололмайди касалхонага ëтиш учун. Ҳамма нарса фақат пул билан. Оддий доктор кўриши учун ҳам пул ишлатиш керак. Ўзбек оналари учун ҳеч қанақа шароит яратилмаган, дейди Гавҳар Орипова.

Унга кўра, айнан оналарнинг тиббий хизматдан фойдаланиши учун имтиёзлар йўқлиги боис уларнинг саломатлиги талаб даражасида эмас.

- Энг биринчи навбатда¸ ўзбек оналарининг соғлиғига қараш керак. Ҳаммаси касал. Орасида битта соғи йўқ. Ҳаммаси касал. Иккита-учта сигир боқаëтган¸ теплицага қараëтган ўзбек онаси. Олтита-еттита фарзанд тарбиялаëтган ўзбек онаси. Битта ўзбек онасини олсангиз¸ эрталаб соат 4 да туради. Албатта¸ иккита сигири бўлади¸ иккита буқаси бўлади¸ парниги бўлади. Ишқилиб меҳнати кўп бўлади. Эрталаб тўртда туриб, кечки ўн иккида ëтади. Яна буни устига даволаниши учун шароит умуман йўқ, дейди Гавҳар Орипова.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, аксар ҳолларда ўзбек оналари болалар боғчаларининг пуллик бўлгани боис фарзандларини уйда ўзлари тарбиялашларига тўғри келади.

Икки боланинг онаси қашқадарёлик Фаёза ҳам иқтисодий муаммолар боис боғча ёшидаги боаларини ўзи тарбиялаяпти.

- Ҳозир боғчага бера олмайман. Олдин берар эдим. Пул йўқ. Икковига етказиб бера олмайман. Шунинг учун икковини ҳам олдимда олиб ўтирибман. Ҳозир ишлайман десангиз¸ иш ҳам йўқ. Ҳозир бошим қотиб қолган нима иш қилсам¸ қаерга борсам¸ қаердан пул топсам деб. Шароит қийин, дейди Фаёза.

Хорамлик Маржонга кўра, телевизорларда оналар учун шароитлар зўр, улар ҳолидан доимий равишда хабар олинади¸ деб бонг урганлари билан, аслида оналар ҳолидан бирор ташкилот хабар олмаслигидан нолийди.

- “Икки боланинг онаси шу. Шунга унинг ҳолидан хабар олайлик. Камчилиги бўлса¸ ëрдам қилайлик” деб қишлоқ советидан ҳам¸ ҳокимиятдан ҳам ҳеч ким хабар олмайди. Ҳеч қандай ташкилот хабар олмайди бизлардан, дейди хоразмлик келинчак.

Кейинги пайтда ўзбек аёлларини она бўлиш бахтидан мажбурий маҳрум қилиш компанияси кетаётгани кўпчиликка маълум.

Туғишнинг олдини олиш мақсадида аёлларни бичиш компанияси қурбонларидан бири - Қашқадарёнинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи суҳбатдошимиз, 30 ёшли аёл¸ икки ўғил бир қизнинг онаси. У яна бир қиз кўришни орзу қилар, унга Лайло деб исм ҳам топиб қўйганди. Аммо у бу орзусининг эндиликда амалга ошмаслигидан ўкинади.

- Кўнмасак мажбурмизда. Ҳар куни докторлар келишадида. Бўлмаса¸ милицияларга айтиб мажбурлаб олиб чиқамиз¸ дейишди. Кейин нафақаларингизни тўхтатамиз¸ дейишди. Болаларнинг нафақа пулларинида. Мажбур¸ ҳаммага мажбур. 40 ëшгача мажбурда¸ иккита боласи борми¸ учтами ҳаммага мажбур. Ҳозирча милицияга берамиз¸ деб қўрқитиб олиб чиқаяпти. Тилидан тилхат ëздириб олиб кетаяпти. Бўлмаса милицияларни олиб бориб мажбурлаб қўйдирамиз¸ деяптида. Мажбурлаб¸ дўқ қилиб ҳаммасига. Битта мен эмасда. Тумандаги ҳамма қишлоқдагиларни мажбурлаб олиб бораяптида. Селсоветларга бормаганларнинг рўйхатларини бериб¸ нафақа ололмайсизлар деб ҳаммасини мажбур қилишаяптида, дейди қашқадарёлик аёл.

Эндиликда қашқадарёлик бу аёл сингари она бўлиш бахтидан маҳрум бўлаётган ўзбек аёллари сони кун сайин кўпаётгани ҳақида Озодликда маълумотлар мавжуд.

Расмий мутасаддилар бу ҳолатнинг мажбурийлигини инкор қилиш баробарида мамлакатда оналар учун етарли шарт шароитлар муҳайё эканлиги, оналар саломатлиги доимий эътиборда эканини таъкидлаб келадилар.

ЎзА маълумотига кўра, “Она ва бола скрининги” давлат дастури доирасида жойларда ташкил қилинган ва замонавий тиббий асбоб ускуналар билан жиҳозланган “Она ва бола скрининги” марказларида йилига юз мингдан зиёд ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилмоқда.

Шунингдек, мутасаддилар 2009 йилнинг 13 апрелида қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофоза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарор юзасидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлашади.
XS
SM
MD
LG