Линклар

Обаманинг вакили Қирғизистонга келди


АҚШ президенти Барак Обаманинг Россия ва Евроосиё масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл МакФол сешанба куни Бишкекда Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Алмазбек Атамбаев билан учрашди.

"МакФол АҚШ маъмурияти Қирғизистонга “демократик жамият қуриш ва барқарорликни таъминлаш”да кўмаклашишига тайёрлигини изҳор қилди", дейилади расмий хабарда.

- Бугун муваққат ҳукуматнинг баъзи вакиллари билан АҚШ ҳукумати Қирғизистон ва у ерда ишлаётган хусусий ширкатларга ўтказаётган ёрдам пуллари ҳақидаги маълумотларни интернетда эълон қилиш бўйича келишиб олдик. Шу нарсани алоҳида қайд этмоқчиманки, бу маълумотларнинг аксарияти ҳозирда интернетда, жумладан, элчихонамиз сайтида эълон қилинган. Лекин шаффофликни таъминлаш учун қўшимча ишларни амалга оширишимиз мумкин, деди учрашувдан кейин АҚШ расмийси.

Атамбаев икки томонлама алоқалар кейинги йилларда ижобий бўлгани, бироқ баъзан муносабатларда “иккиюзламачилик сиёсати”нинг аломатлари намоён бўлганини таъкидлади.

Муваққат ҳукумат Вашингтонни Қирғизистондаги ҳарбий базани сақлаб қолиш илинжида президент Қурманбек Бакиев ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини бузаётгаинга кўз юмиб келганликда айблаган эди. Вашингтон бу айбловларни рад этган.

Шунингдек, сешанба куни муваққат ҳукумат АҚШ базасига ёқилғи етказиб берган ва Бакиевлар оиласига тегишли экани гумон қилинаётган фирмаларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG