Линклар

logo-print

Тожикистонда ўртача умр даражаси пасайиб бормоқда


Кузатувчилар Тожикистондаги ўртача умр даражасининг пасайишига кўпроқ маҳаллий тиббиёт ходимлари малакасининг пастлиги ва халқнинг иқтисодий жиҳатдан ночорлиги сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.

Кузатувчилар Тожикистондаги ўртача умр даражасининг пасайишига кўпроқ маҳаллий тиббиёт ходимлари малакасининг пастлиги ва халқнинг иқтисодий жиҳатдан ночорлиги сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.

Тожикистонда ўртача умр расмий маълумотда 65 йил қилиб кўрсатилса, Халқаро ташкилотлар маълумотида тожикистонлик эркаклар 52 йил, аёллар эса 56 йил умр кўраётгани қайд этилади.

Европа давлатларига солиштирганда бу тоғли ўлкада одамлар ўртача 17 йил кам умр кўрадилар. Бунинг сабаблари нимада?

Таҳлилчилар фикрича, Тожикистонда ўлим ҳолатларининг барчаси бўйича ҳам тиббий хулосалар ёзилмайди. Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, исломий нуқтаи назардан, маййит доим ҳам паталогоанатомларга кўрсатилмайди. Иккинчидан, уларга кўрсатиш учун бериладиган пулнинг ўзи йўқ.

Мутахассисларнинг айтишларича, одамлар асосан юрак-қон томир, ўпка, саратон ва юқумли касалликлардан вафот қилмоқдалар.

Жамиятшунос Абдуғаффор Отаевнинг фикрича, Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролик уруши ва унинг асоратлари мамлакатда ўртача умр кўришнинг пасайишига сабаб бўлган.

- “Уруш бўлган жойда қирқ кун қут-барака бўлмайди”, деган нақл бор. Чунки мана шу жанжаллар, биринчи навбатда, инсон соғлигига, асабига қаттиқ таъсир қилади. Уларда юрак-қон томир, хафақон касалликлари пайдо бўлади. Бир сўз билан айтганда, бир касаллик иккинчисини олиб келади. Чунки хотиржам бўлмаган киши албатта бирор бир касалликка мубтало бўлади, дейди жамиятшунос.

Шифокор Маҳмуджон Аҳмедов ҳам барча касалликлар инсоннинг асаб тизимига боғлиқлигини айтаркан, бунга иқтисодий қийинчиликлар ҳам сезиларли таъсир қилаётганини таъкидлайди.

- Бугунги қийин шароит соғлиққа таъсир қилаётганлигини инкор қилиб бўлмайди. Айниқса бекор, ишсиз юрган ёшларимизга қаттиқ таъсир қилаяпти. Улар асаблари бузилиб, касал бўлишмоқда. Оқибатда, одамлар оламдан жуда эрта кўз юмаяпти, дейди шифокор.

Жамиятшунос Абдуғаффор Отаевнинг фикрича, тиббий хизматнинг ночор аҳволдалиги ҳам бевақт ўлимларга сабаб бўлмоқда. Унинг сўзларига кўра, шўролар даврида олийгоҳни битирган шифокорлар ҳали ҳам борлиги республикада медицина соҳасининг бутунлай фалажланиб қолишига йўл қўймаяпти. Отаевнинг айтишича, бугунги ёш шифокорлар билим савияси жуда паст, буни билган кўп одамлар уларга мурожаат қилмаяптилар. Шунингдек, тожикистонликларнинг врачларга мурожаат қилмасликларига иқтисодий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда.

- Бугун, Худо кўрсатмасин, касал бўлсангиз, кроватига, чироққа, чойшабига, борингки, барча хизматлар учун пул тўлаш керак. Аслида эса бизда медицина хизмати бепул. Бемор берадиган пул эса давлат бюджетига, тегишли хазинага тушмайди. Ҳаммаси шифокорлар чўнтагига киради. Оқибатда медицина соҳаси ривожланмай қолаяпти, дейди Абдуғаффор Отаев.

Бироқ, медицина фанлари доктори Амонулло Ғойибовнинг сўзларига кўра, иқтисодий омиллар ўртача умр кўришнинг пасайишига сабаб бўлолмайди. Унинг фикрича, сўнгги йилларда Тожикистонда ўлим даражаси бир ярим бараварга камайди. Ўлимнинг кўпайишига эса бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги руҳий зўриқишлар сабаб бўлган.

Мутахассисларнинг айтишларича, Тожикистонда 12 хил касалликка қарши кураш борасида миллий дастур қабул килинган. Зеро, айнан мана шу касалликлар ўртача умр кўриш даражасини пасайтиради. Бироқ, кузатувчиларга кўра, давлат қабул қилган бу дастур кўнгилдагидек ишламаяпти.
XS
SM
MD
LG